23:59 / 29.09.2024
150

Бунақада “Ланс” Ҳусановни катта суммага сотиб юборади...

Бунақада “Ланс” Ҳусановни катта суммага сотиб юборади...
Франция чемпионатининг олтинчи турида “Ланс” ўз майдонида “Ницца” билан дуранг ўйнади. Кескин ва муросасиз курашларга бой бўлган беллашувда ҳар икки жамоа ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

“Ланс” ҳимоя чизиғини бошқарган Абдуқодир Ҳусанов яна етакчилик қобилиятларини намойиш қилди. 20 ёшли легионеримиз ҳимояда мустаҳкам туришдан ташқари, ҳужумларга ҳам қўшила бошлади.

Абдуқодир Ҳусановнинг 90-дақиқада боши билан берган хавфли зарбасини рақиб футболчилари дарвоза чизиғи устидан қайтариб қолди.

Франция футболини ёритиб келаётган lensois.com портали “Ланс”нинг ушбу учрашувдаги энг яхши ўйинчисини аниқлаш учун мухлислар ўртасида сўровнома ўтказди.

Унга кўра, Абдуқодир Ҳусанов яна жамоасининг энг яхши ўйинчиси бўлди.

Сўровнома натижалари қуйидагича кўриниш олди:
- Абдуқодир Ҳусанов 48,13%
- Брис Самба 26,68%
- Энди Диуф 9,23%
- Мбала Нзола 8,98%
- Бошқалар: 5 фоиздан кам.

LENSOIS.COM сайти изоҳи:
Кевин Дансонинг йўқлигига қарамай, ҳимоя чизиғи жуда ишончли ўйнаяпти. “Ницца”га қарши ўйинда ўзбек футболчиси ҳамма нарсани мукаммал бажарди. Натижада рақиб ҳужумчилари Эванн Гессанд ва Жереми Бога анча қийналиб қолди.

Абдуқодир зарур паллаларда курашга қўшилди, ҳужумчиларни тўхтата олди, ўзининг шиддатли ўйинини тўғри бошқара олишни ўрганганини намойиш қилди.

Ҳусанов ҳеч нарсани назаридан қочиргани йўқ ва жарима майдончаси атрофида ўзининг ўйинини ҳаммага ўтказа олди. Ҳусанов билан елкама-елка тўқнашган “Ницца” вакили Али Абдининг елкаси ҳалиям зирқираётган бўлса керак.

Ўзбек футболчиси беллашув охирида гол уришга яқин келганди. Унинг зарбасидан кейин рақиблар ҳимоячиси Жонатан Клосс сўнгги паллада дарвозага кириб кетаётган тўпни қайтариб юборди.

Сўровномада иштирок этган мухлислар изоҳларда Абдуқодир Ҳусанов ҳақидаги фикрларини ҳам билдириб ўтди.

Teitur:
Жамоамиз ҳимоячилари ҳақиқий эркаклардай курашди. Ҳусанов яхши ўйнаяпти. Кевин Дансо қайтса, унга осон бўлмайди. Ҳимоя чизиғи жуда яхши ишламоқда.

Black_Cats:
Ҳозирги пайтда энг зўр ҳимоячи Ҳусанов эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Унинг ўйини сезиларли даражада кучайди. Ўтган мавсумдаги камчиликлари кўринмай қолди, анча ақл билан ўйнашни ўрганибди.

Бошқа томондан замонавий футболда учрашувнинг энг яхши ўйинчиси сифатида ҳимоячи ёки дарвозабон танланса, олдинги чизиқда муаммолар борлигидан далолат беради.

Pierrot62:
Ҳусанов тезлик олди. Ҳафтадан ҳафтага ўйинида ўсиш кузатиляпти. Шу тақлид давом этса, Абдуқодир топ-ҳимоячига айланади. Дансонинг қайтишига келсак, унга ҳурматни сақлаган ва яхши кўришимизни айтган ҳолда, энди ҳеч нарса аввалгидек бўлмаслигини эслатиб қўйишимиз зарур.

Brunodu77:
“Ланс” ҳимоячиси Ҳусанов мавсумни жуда ёрқин бошлади, унинг ўйини одамни ҳайратга солмоқда.

Syl1362:
Ҳамма Кевин Дансони алиштириб бўлмас ўйинчи, деб таъкидлар эди. Энди Абдуқодир Ҳусанов унинг ўрнини эгаллаб бўлгани аниқ. Унинг ўсиши шу тезликда давом этадиган бўлса, клуб Ҳусановни бир неча миллион еврога сотиб юбориб, трансфердан келган маблағни тешикларни ёпишга сарфлайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Ҳусановнинг ўсишини кўриш ёқимли. У берилган имкониятдан тўлиқ фойдалана олди.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов ўтган йили ёзда лансликлар сафига қўшилган эди. Бугунги кунда ўзбек легионерининг трансфер суммаси 2,5 миллион еврони ташкил қилмоқда.

“Ланс” Лига 1 доирасидаги навбатдаги учрашувини 6 октябрь куни сафарда ўтказади. Шу куни лансликлар “Страсбур”га қарши саф тортади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бунақада “Ланс” Ҳусановни катта суммага сотиб юборади...