21:51 / 01.10.2024
20

Элдор Шомуродов энди Швецияда ўйнайди!

Элдор Шомуродов энди Швецияда ўйнайди!
“Рома” жорий мавсум А Серияда кучли тўртликка кириш, Европа лигасида эса, бош совринни олиш учун курашмоқда. Ҳар икки мусобақадан кўзланган мақсад келаси мавсум Европа Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини берадиган йўлланмани қўлга киритишдан иборат.

Янги бош мураббий Иван Юрич жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар қила олди. Хорватиялик мутахассис қўл остида “бўрилар” миллий чемпионатда “Удинезе”ни 3:0, “Венеция”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, мавсумдаги дастлабки ғалабаларини нишонлади.

Орада “Рома” Европа Лигаси доирасида кучли рақиб Испаниянинг “Атлетик Бильбао” жамоаси билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

Энди пойтахтликлар навбатдаги учрашувини қитъа миқёсидаги халқаро турнирнинг иккинчи турида “Эльфсборг”га қарши ўтказади. Ўйинга Швеция мезбонлик қилади.

Италиянинг энг машҳур нашрларидан Corriere dello Sport бўлажак беллашувда “Рома” таркибида ротациялар бўлишини маълум қилди. Унга кўра, Иван Юрич асосий таркиб ўйинчиларининг бир нечтасига дам олиши учун шароит яратиб беради. Таркибда қуйидаги ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Дарвозабон

Швециядаги баҳсда асосий дарвозабон Миле Свилер ўрнини Райан Мэтьюга бўшатиб беради. Австралиялик дарвозабон ёзда жамоани тарк этган Руй Патрисиуга ўринбосар сифатида олиб келинган эди. Райан Мэтью Европа футболида катта тажриба тўплаган. У ўз юрти Австралиядан ташқари Бельгия, Испания, Англия, Дания ва Нидерландия майдонларида ўйнаган. Энди у “Рома” либосидаги дебютга тайёрланмоқда.

Ҳимоячилар

Машҳур ҳимоячи Матс Хуммельс ҳам илк бор “Рома” сафида майдонга тушиши кутилмоқда. Швециядаги ўйинда мураббийлар штаби Жанлука Манчинига дам беришга қарор қилган. Агар фавқулодда ўзгаришлар юз бермаса, германиялик футболчи ҳимоянинг ўнг томонидан жой олади. Чап қанотда янги ўйинчилардан Марио Эрмосо ва марказда Эван Ндика ўйнайдиган бўляпти.

Ярим ҳимоячилар

Доимий ўйин амалиётига эга бўлиб келаётган Брайан Кристанте ва Ману Коне бу гал захирада қолдириладиган бўлди. Ўзини кўрсата бошлаган ёш ярим ҳимоячи Николо Писилли ва тажрибали Леандро Паредес уларнинг ўрнини эгаллайди. “Эльфсборг” билан ўйинда қанотларда Зеки Челик ва Анжелиньо ҳаракат қилади.

Ҳужумчилар

“Рома”нинг энг кучли нуқтаси ҳужум чизиғи ҳисобланади. Шу боис ҳам, ҳужумчилар ротацияси кўпчиликни қизиқтиради. Иван Юрич Пауло Дибала ва Артём Довбикка дам бериши кераклиги айтилмоқда. Манбаларнинг таъкидлашича, Элдор Шомуродов ҳужум марказидан жой олиб, “Эльфсборг”га қарши илк дақиқалардан майдонга тушишга тайёр.

“Рома”нинг мавсумдаги биринчи голини урган Элдор Шомуродов захира ҳужумчиси саналса-да, машғулотларда юқори савияда ўйнашга тайёр ва қодир эканлигини намойиш этиб келмоқда. Ўзбек футболчисининг Римда қолгани нафақат ўзи учун, балки кўпчиликка ҳам кутилмаган ҳолат бўлди. У жамоадан жой олиш учун машғулотларда бор кучини бериб шуғулланмоқда. Бўлажак ўйинда Шомуродов марказий ҳужумчи сифатида ўйнаса, унинг ортидан Томмазо Бальданци ва Матиас Суле жой олади, - деб ёзмоқда Corriere dello Sport нашри эксперти Лоренцо Скалиа.

Дарҳақиқат, мутахассислар Элдор Шомуродов учун хорватиялик бош мураббий бериши кутилаётган имконият жуда муҳим аҳамият касб этишини таъкидламоқда. 29 ёшли ўзбекистонлик ҳужумчи бу мавсум А Серияда учта учрашувда жами 30 дақиқа ўйнаб, ўз ҳисобига битта тўп ёздириб қўйди.

Шунингдек, легионеримиз Европа Лигасида “Атлетик”га қарши ўтказилган беллашувда захирадан ўйинга қўшилиб, тўққиз дақиқа ўйнади.

“Эльфсборг” ва “Рома” ўртасидаги баҳс 3 октябрь куни Тошкент вақти билан тунги саот 00:00 да бошланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов энди Швецияда ўйнайди!
ePN