23:04 / 03.10.2024
4

Легионеримиз қозоқларнинг 15 йиллик орзусини чиппакка чиқариши мумкин...

Легионеримиз қозоқларнинг 15 йиллик орзусини чиппакка чиқариши мумкин...
Қозоғистон Премьер-лигасининг тўпурарлар пойгасида камёб ҳолат юзага келиб қолди. Айни пайтда энг кўп тўп киритган футболчилар ўртасида маҳаллий футболчилардан Ислом Чесноков икки етакчидан бири бўлиб турибди.

Қозоғистон чемпионатида қозоғистонлик футболчилар тўпурар бўлмаганига 15 йил бўлди. Бироқ, Ислом ҳам ҳали ғолиб бўлгани йўқ. Бунга легионеримиз Жасур Яхшибоев халақит қиляпти.

Ислом Чесноков ва Жасур Яхшибоев ўйнаётган “Тобол” ва “Ордабаси” ҳозиргача 19 тадан учрашувда майдонга тушган. Ҳар икки фуболчи 16 тадан беллашувда рақиблар дарвозасини 9 маротабадан ишғол қилган. Бироқ 24 ёшли Ислом голларидан биттасини пенальтидан киритган. Яна битта пенальтини аниқ амалга ошира олмаган.

27 ёшли Жасурбек ассистентлик бобида Исломдан устунлик қиляпти. Легионеримиз ҳисобида учта, рақобатчисида иккита голли пас бор. Демак, Жасурбек Яхшибоев чемпионатнинг энг фойдали ўйинчиси бўлиб турибди.

Ўтган мавсум тўпурари – “Қайрат” вакили бразилиялик Жоао Пауло ва “Елимай”нинг беларуслик легионери Никита Корзун ҳисобида еттитадан гол бор.

Ислом Чесноков тўпурарлар пойгасида Ўзбекистон, Бразилия ва Беларусь легионерлари билан рақобатлашишига тўғри келяпти.

Қозоғистон чемпионатлари тарихида аксарият ҳолларда тўпурарлик борасида легионерлар устунлик қилган. Маҳаллий ўйинчилардан охирги маротаба Мурод Тлешев лига тўпурари бўлган. Бу воқеа 2009 йили, яъни 15 йил аввал рўй берган. Тлешев бунгача икки бор – 2005 ва 2003 йилларда ҳам тўпурарлар пойгасида ғолиб чиққан.

Қозоғистон чемпионатлари тарихида тўпурарлик совринини энг кўп қўлга киритган ўйинчи ўзбекистонлик Улуғбек Бақоев бўлади. Ҳамюртимиз қўшни мамлакат лигасида жами тўрт маротаба энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади.

Ўзбек футболининг яна бир вакили Жаъфар Ирисметов 2006 ва 2007 йилги чемпионатлари тўпурарига айланган.

Агар Жасур Яхшибоев бу йилги мусобақада ғолиб чиқса, Қозоғистон чемпионатлари тарихида тўпурар бўлган учинчи ўзбек футболчиси сифатида қайд этилади.

Қани, кузатишда давом этамиз, тўпурарлар дуэлида бу гал устунлик ким томонида бўлади? Жасурбек Яхшибоев кўп тўп киритадими ёки Ислом Чесноков? Балки тўпурарлик тожини бошқа ўйинчи илиб кетар...

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Легионеримиз қозоқларнинг 15 йиллик орзусини чиппакка чиқариши мумкин...
ePN