08:44 / 09.10.2024
34

Аббосбек Файзуллаев Европага кетсин...

Аббосбек Файзуллаев Европага кетсин...
Яқиндагина 21 ёшни қарши олган Аббосбек Файзуллаев Росия Премьер-лигасининг энг ёрқин ўйинчиларидан ҳисобланади.

Айниқса, ҳужумкор футболчимиз ЦСКА сафидаги сўнгги учрашувларни юқори савияда ўтказиб, жамоасининг ғалабаларига катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Россия футболи таҳлилчилари Аббосбек Файзуллаевнинг истеъдодини алоҳида эътироф этиб келади. Рус матбуоти ҳам ўзбек футболчиси ҳақидаги маълумотларни кўп тарқатишга эътибор беради. Чунки Файзуллаев Россияга кўчиб ўтганидан бери футбол жамоатчилигининг диққат марказида бўлиб келмоқда.

Таниқли футбол мураббийи Александр Тарханов Аббосбек Файзуллаевнинг Европада ўйнаш имконияти ҳақидаги саволларга жавоб берди.

- Аслида Европага трансфер масаласида маслаҳат бериш жуда қийин иш. Кўп нарса клубнинг позициячига, ўйинчи билан хайрлашишга тайёр эканига боғлиқ бўлади.

Бироқ адолат юзасидан олиб қараганда Европа майдонларида тўп тепиш бебаҳо тажриба бўлади ва халқаро даражада ўзингни кўрсатиш имкониятини беради.

Агар Файзуллаевга таклифлар бўлса, Европада ўйнагани кетгани маъқул. Аслида бизнинг ўйинчиларга доим хориждан қизиқиш бўлади. Агентлар уларни мунтазам кузатиб боради.

Бундан ташқари, Аббос Ўзбекистондан, улар Осиё кубогида ўйнайди, қитъа миқёсидаги мусобақаларда ҳам доим кузатувлар бўлади
, - деди Александр Тарханов.

Аббосбек Файзуллаев “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Ўтган йили августда ЦСКА кутилмаган трансферни амалга ошириб, ўзбек футболчисини ўз таркибига қўшиб олди.

Тошкентликларга бу трансфер 500 минг евро келтирди. Файзуллаев қисқа фурсатда ўзини кўрсата олди ва “армиячилар” сафида асосий фигуралардан бирига айланди. Легионеримиз ЦСКАнинг ҳужумларига масъул ўйинчи ҳисобланади. Ўтган мавсумда бу жамоа Премьер-лигада энг кўп гол урди. Киритилган тўпларда ўзбекистонлик ҳужумкор футболчининг хизмати катта.

Аббосбек Файзуллаев бир йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоасидан жой олиб келмоқда. Турли терма жамоаларимиздаги муваффақиятли ўйинлари ортидан Германиянинг “Бавария”, Италиянинг “Парма” ва Испаниянинг “Вильярреал” клублари ҳамюртимизни кузатув остига олгани ҳақида маълумотлар тарқатилган эди.

21 ёшли плеймейкер ЦСКАга кўчиб ўтганидан бери Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубоги доирасида жами 41 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 7 та гол ёздирди ва жамоадошларига 19 та голли пас узатди.

Айни пайтди Файзуллаевнинг трансфер суммаси 6 миллион еврони ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич бўйича ҳамюртимиз Марказий Осиёнинг энг қимматбаҳо ўйинчиси ҳисобланади.

Аббосбек Файзуллаев, Росия Премьер-лигаси, Рус матбуоти, Александр Тарханов, Европада ўйнаш

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Аббосбек Файзуллаев Европага кетсин...
ePN