23:30 / 25.10.2024
31

Флик Мбаппе ва Винисиусни тўхтатиш учун режа борлигини, Анчелотти эса эртанги баҳсдаги фаворитни айтди

Флик Мбаппе ва Винисиусни тўхтатиш учун режа борлигини, Анчелотти эса эртанги баҳсдаги фаворитни айтди
"Барселона" ва "Реал Мадрид" бош мураббийлари Ханс-Дитер Флик ва Карло Анчелотти Ла Лиганинг 11-тури доирасида бўлиб ўтадиган ўзаро баҳс олдидан матбуот анжуманида иштирок этди. Мураббийлар ўз нутқида эртанги ўйин, жамоаларининг имкониятлари ҳақида гапирди.

Дастлаб Ханс-Дитер Фликнинг фикрларига тўхталиб ўтамиз.

- Мен "Эл Класико"да биринчи маротаба мураббийлик қилишим ҳақида кўп ўйлаётганим йўқ. Вазифам футболчиларни тайёрлаш. Жамоада мотивация бор, менда ҳам. Эртанги баҳс жуда ажойиб бўлишига ишонаман.

Мбаппе ва Винисиусни тўхтатиш борасида бизда режалар бор. Мен ўз жамоамга ишонаман. Балки биз гол ўтказиб юборганимиздан кейин "Бавария"га қарши бироз орқага чекингандирмиз. Бироқ, бундан сўнг ўзимизни ўнглаб олдик ва бу ўзимизга бўлган ишончимизни кўрсатади.

"Реал" баҳс олдидан бир кун кўпроқ дам олди. Бунга қандай фикрдасиз?

- Биз буни ўзгартира олмаймиз. "Реал Мадрид" сешанба куни ўйнади, биз эса чоршанба куни. Шундай экан, икки кунлик дам олишга мажбурмиз. Бўлажак ўйинларда ҳам шундай бўлиши кутилмоқда.

Рақибдан тўпни тортиб олишга ҳаракат қилиш учун биз юқори ҳимояга таянамиз. Шунинг учун ўйинчилар орасидаги масофа яқин бўлиши керак. Биз буни "Бавария"га қарши ўйинда яхши уддаладик. Айниқса иккинчи бўлимда ва гол урганимиздан кейин таваккал қилишимизга тўғри келди. Мен ўз жамоамга ишонаман. Бизда юқори сифат бор ва биз буни доимо кўрсатишни хоҳлаймиз.

Фермин асосий таркибдан жой оладими?

- Мен ҳали қарор қабул қилганим йўқ. Фермин "Бавария"га қарши ўйинда голларга ҳисса қўшди ва яхши прессинг қилди. Жароҳатдан қайтгач, у ажойиб тарзда бошлаб олди.

Кубарсининг ҳаракатларини кўриш ажойиб. Бироқ, машғулотлар орқали буни давом эттириш унга боғлиқ. У тўғри йўлда, биз қолган ўйинчилар билан унинг даражасини оширишга ҳаракат қиляпмиз.

"Реал Мадрид"нинг "Эл Класико"га тайинланган ҳакамга қарши бўлгани ҳақида: - Ҳакамларнинг иши қийин. Менинг вазифам футболчиларни тайёрлаш. Мен Испанияда ҳакамлари билан яхши муносабатдаман ва менда ҳеч қандай муаммо йўқ. Биз ҳакамларга эмас, ўзимизга эътибор қаратишимиз керак.

Ямал ажойиб ўйин кўрсатмоқда. У "Бавария"га қарши ўйинда юқори даражада ўйнади ва Алфонсо Девисни ҳайратда қолдирди. У бўшлиқлардан жуда яхши фойдаланади. Ламин тўп билан ўйнай оладиган ажойиб ўйинчи. Мюнхенлеклар ҳам уни мақташди.

Мен олган мақтовдан хурсандман. Бу мақтов яхши натижалар туфайлидир. Муҳими, биз ўз вазифамиз, жамоамизга эътибор қаратамиз ва унинг савиясини оширамиз. Мақсадимиз эртага ғалаба қозониш.

"Эл Класико"да ўйнаш - бу орзу. "Барселона" ва "Реал" ўртасидаги баҳс - бу ҳар қандай футболчи иштирок этишни орзу қиладиган ҳақиқий тўқнашув, - дея ўз фикрларини билдирди "Блауграна" жамоаси бош мураббийи.

"Реал Мадрид" бош мураббийи Карло Анчелотти ҳам ўйин олди фикрлари билан ўртоқлашди.

- Жамоа яхши ҳолатда. Класико ҳар доимгидек қийин ва шиддатли ўтиши аниқ. Бу футбол кечаси ва биз мухлисларимиз олдида яхши ўйин кўрсатмоқчимиз.

"Барселона"нинг ўйин услуби жуда аниқ ва яхши натижа бермоқда. Улар кучли таркибга эга жамоа ва биз имкон қадар яхши ўйнашга тайёрланишимиз керак.

Биз тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам яхши ҳаракат қила олишимиз учун ўйинга тайёрланяпмиз. Ушбу ўйинларда ғалаба қозониш учун максимал ўйин кўрсатишимиз керак ва биз буни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

Класико ёки дербида фаворитни танлаш ҳар доим қийин. Фаворит кимлигини билмайман. Бу ўйин қандай давом этишига боғлиқ. Сиз бирини танлашингиз мумкин, аммо бундай ўйинларда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бу, албатта, босимни қанчалик яхши бошқара олишимизга ва ўйиндаги дақиқаларга боғлиқ. Биз вақтни бошқаришимиз керак ва бу бизнинг муваффақиятимизнинг муҳим қисми бўлади.

Бундай турдаги ўйинларда кўп гапириш шарт эмас. Биз аниқ, оддий стратегияга эга бўлишимиз керак.

Ҳозир режаларни ошкор қилмоқчи эмасман. Эртага нима бўлишини кўришимиз керак, кейин мен буни тўғри қилдимми ёки йўқлигини айтасиз.

Беллингем яхши муваффақиятга эришмоқда. Унда тўпиқ ва елка билан боғлиқ муаммолар бор эди. Бироқ, ҳозир унинг аҳволи жуда яхши. У ўз меҳнати билан катта ҳисса қўшмоқда. Бу жамоа учун қанчалик муҳимлигини билади. Ўтган йили унинг гол уриши жуда муҳим эди, чунки биз Бензема каби асосий ҳужумчини йўқотган эдик. Унинг ўрнига Беллингем, Браим ва Хоселу томонидан голлар киритилди. Бу йил бизда бошқача. Сабаби бизга 30, 35 ёки 40 гол ура оладиган ҳужумчи келди. Агар у гол урса, ажойиб, лекин бизга ундан керак бўлган нарса унинг ҳар томонлама ижобий ишлашидир.

Биз хурсандмиз, чунки Мбаппе аллақачон гол урмоқда. У жамоа учун муҳим. Дортмундликлар дарвозасига гол ура олмаганига қарамай, дастлабки икки голда иштирок этди. Мбаппе аста-секин ўзининг энг яхши ҳолатига қайтади. Ҳеч ким шошилмаяпти ва биз унинг ҳиссасидан мамнунмиз. У, албатта, яхшиланиши керак бўлган сифатга эга.

У тажрибага эга ва "Барселона" билан бир неча бор тўқнаш келган. У нима қилиш кераклигини билади. Баъзан у кўпроқ таъсир ўтказади, бошқалари камроқ. Лекин биламан, у эртага жамоага катта ҳисса қўшади.

Ямал ўз фаолиятини ажойиб тарзда бошлади. Менга унинг ўйнаш усули ва муносабати ёқади. У хавфли ўйинчи, бироқ, биз бунга кўп эътибор қаратмаймиз. Биз уларни ҳурмат қиламиз, чунки улар жуда яхши ўйнашмоқда ва буни ҳамма кўриб турибди. Жамоа мавсумни жуда кучли бошлашди.

Мен Хави билан таққосламоқчи эмасман. Менимча, у ўз ғоялари билан ўзига хос тарзда ажойиб иш қилди. Хави шогирдларига қарши бир неча бор мағлуб бўлдик. "Барселона" ҳозир бошқача ва биз уларни худди Хави бошқарган пайтдагидек ҳурмат қиламиз, - деди "Лос-Бланкос" мураббийи.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Флик Мбаппе ва Винисиусни тўхтатиш учун режа борлигини, Анчелотти эса эртанги баҳсдаги фаворитни айтди