22:07 / 28.10.2024
22

Миржалол Қосимов: Нега бундай савол бераверасизлар?

Миржалол Қосимов: Нега бундай савол бераверасизлар?
Ўзбекистон Суперлигаси 22-тур доирасидаги ОКМК — "Нефтчи" (2:1) ўйинидан сўнг олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди ва жамоасининг мағлубияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

"Икки жамоа ҳам яхши ўйин намойиш этди ва бугун қийин ўйин бўлишини билгандик. Сабаби "Нефтчи" жуда яхши ҳимоялана олади ва қарши ҳужумга ўтади. Биринчи бўлимда стандарт вазиятдан ўтказиб юборган голимиз бизга асосий муаммоларни келтириб чиқарди. Ўша голдан сўнг биз шошқалоқлик қила бошладик. Ўйиннинг дастлабки қисмида ҳисобни тенглаштириш учун иккита вазиятимиз бор эди. Рақиб дарвозабони Ботирали Эргашев бугун яхши ўйин ўтказди ва ўз жамоасига ёрдам берди.

Танаффусдан кейин эса, ўйинни бошқаришга ҳаракат қилдик, лекин "Нефтчи" тартибли ҳимояланди. Футбол шундай ўйин, сен урмасанг сенга уришади. "Нефтчи" бугун ҳақли тарзда ғалабани илиб кетди. Жамоам сўнгги дақиқаларга қадар кураш олиб боргани мени хурсанд қилди, бу жуда яхши жиҳат. Рақибни ғалаба билан табриклайман ва биз кейинги учрашувларга тайёргарлик кўришда давом этамиз
", - деди Миржалол Қосимов.

- Асосий таркибни танлашда хато қилдим деб ўйлайсизми?
- Нега бундай саволлар бераверасизлар? Масалан, мен хато қилдим ёки йўқ. Қайси футболчи майдонга тушиш учун яхшироқ тайёр бўлган бўлса, мен уларга имконият бердим. Ҳаммага ҳам бирдек ёқиб бўлмайди. Агар бошқа таркиб билан ҳам мағлуб бўлганимизда, яна шу саволни беришган бўлар эди. Бу кераксиз савол деб ўйлайман, тўғриси.

- Миржалол ака, иккинчи бўлимда Раҳмонов ва Аҳмадалиев ўйинга қўшилганидан сўнг жамоа ўйини яхшиланди...
- Биринчи таймда ҳам яхши ўйнадик-ку. Биз стандарт вазиятдан гол ўтказиб юбордик. Элдор бугун кўп индивидуал хатоларга йўл қўйди. Гадоев ҳам шошқалоқлик қилди ва кўп вазиятларда тўпни юқотди. Шу сабабли, танаффуснинг ўзидаёқ ўзгаришларга қўл урдим. Бу футбол. Агар Ботирали Эргашев айрим бир вазиятларда жамоасини қутқармаганида, ўйин натижаси бошқача бўлар эди. Аҳмадалиевнинг голи бироз кечроқ урилди, менимча.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Миржалол Қосимов: Нега бундай савол бераверасизлар?