20:27 / 29.10.2024
70

Файзуллаев Осиёнинг энг зўр ёш футболчиси бўлгани хорижда қандай баҳоланмоқда?

Файзуллаев Осиёнинг энг зўр ёш футболчиси бўлгани хорижда қандай баҳоланмоқда?
Корея Республикасининг Сеул шаҳрида Осиё футбол конфедерацияси томонидан қитъа футболининг энг яхшиларини тақдирлаш маросими ўтказилмоқда.

Унда 2023 йилги йирик мусобақалар, хусусан, Осиё Кубоги 2023 ва футзал бўйича Осиё Кубоги каби турнирлар давомида ўз маҳоратини намойиш этган футболчи, мураббий ва расмийлар тақдирланади.

Йилнинг энг яхши футболчиси ҳамда энг яхши аёл футболчи мукофотларидан ташқари, мураббийлар, аъзо ассоциациялар ва минтақавий ассоциацияларининг ютуқлари эътироф этилади. Ушбу оқшомда жами 21 нафар ғолиблар тақдирланиши белгиланган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва ЦСКА ҳужумкор футболчиси Аббосбек Файзуллаев Осиё футбол конфедерацияси томонидан Осиёда йилнинг энг яхши ёш футболчиси, деб топилди.

21 ёшли Аббосбек Файзуллаев ўз номинациясининг якуний босқичида Япониянинг “Кимамура” клуби ҳужумчиси Гаку Навата (Япония) ва Англиянинг “Сток Сити” жамоаси ҳужумкор ярим ҳимоячиси Баэ Жун Хо (Жанубий Корея) каби рақобатчиларни ортда қолдириб, совринга муносиб топилди.

Таниқли мутахассислар Файзуллаевнинг қитъа миқёсидаги бу ютуғига қандай муносабат билдирганини ўзбекистонлик мухлислар эътиборига ҳавола қиламиз.

Александр Гришин, ЦСКА собиқ футболчиси:

Файзуллаевни Осиёнинг энг яхши ёш ўйинчиси соврини билан табриклаш мумкин. Чунки бу совринни шунчаки беришмайди.

Нафақат спортчи, балки ҳар қандай инсон учун ҳам бунақа совринлар муҳим аҳамият касб этади.

Соврин – қилинган меҳнатлар баҳоси. Бунга жавобан Аббос янада тез ўсади, кенгроқ танилади. Бу футболчи ва клуб учун яхши.

Бизнинг жамоамизда шунақа футболчи пайдо бўлгани қувонарли. ЦСКАдан халқаро совринларни қўлга киритадиган футболчи чиқмаганига анча бўлганди.

Дмитрий Ан, Аббосбек Файзуллаевнинг биринчи мураббийи:

Шогирдимнинг ютуғидан қувонч ва фахр туйдим. Аббос Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилгани зўр бўлди. У билан қўнғироқлашсам, эрилишган муваффақиятлар билан чекланиб қолмасликни тайинлайман ва бу фаолиятининг бошланиши эканини айтаман.

Келажакда у катталар ўртасида ҳам Осиёнинг энг зўр ўйинчиси бўла олади. Энг муҳими, ўсишда давом этиш, меҳнат қилиш ва ҳеч қачон тўхтаб қолмаслик.

Валерий Непомняшчий, таниқли футбол мураббийи:

Мутлақо адолатли қарор. Аббосбек ёш бўлишига қарамай, анчадан бери жиддий даражада ўйнаяпти.

ЦСКАдан ташқари Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам муваффақиятли тўп тепиб келмоқда. Келажакда янада кучли чемпионатларда ўйнашига ишончим комил. ЦСКАдан кейин Европанинг топ-клубларига ўтиш имкони бор.

Аббосбек Файзуллаев “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. 2023 йилнинг августида ЦСКА шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. 21 ёшли универсал футболчимиз легионерга айланганидан бери трансфер суммаси бир неча баравар ошиб, бугунги кунда 6 миллион еврога етди.

Айни пайтда Файзуллаев Марказий Осиёнинг энг қимматбаҳо ўйинчисига айланган. У Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 21 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Файзуллаев Осиёнинг энг зўр ёш футболчиси бўлгани хорижда қандай баҳоланмоқда?