01:23 / 02.11.2024
39

Рўзиқул Бердиев тарихий чемпионликдан сўнг нималар деди?

Рўзиқул Бердиев тарихий чемпионликдан сўнг нималар деди?
Суперлиганинг 23-турида "Локомотив"га қарши ўйиндан кейин чемпионликни қўлга киритган "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.

"Ўйин ҳақида гапирайми ёки чемпионлик ҳақидами?(кулади). Бугунги тарихий ғалаба билан мухлисларимизни табриклайман. Бугунги ўйин "Локомотив" жамоаси учун ҳам жуда муҳим эди. Биздан кўра уларга кўпроқ очколар керак эди. Дастлабки бўлимнинг бошида кўп вазиятлар ярата олдик. "Локомотив" футболчиси майдондан четлатилганидан сўнг эса, бизда кўпроқ имкониятлар пайдо бўла бошлади. Кўп шошдик деб айта оламан. Акмал Мозговой баъзида ҳужумга қўшилиб турар эди. Бугун ҳам шундай ишларни амалга оширди ва якунда учрашувдаги ягона голни киритди", - деди Рўзиқул Саъдуллаевич бугунги учрашув ҳақида.

- Раҳбарият чемпионлик учун қандайдир соврин пуллари ваъда берганмиди?

- Бизга аниқ бир нарса ваъда берилмаганди, лекин раҳбариятимиз яхши эътибор бўлишини айтиб ўтганди. Бизда барча футболчиларнинг жамоа ўйини учун қўшган ҳиссаси муносиб рағбатлантирилади. Мукофот пули бўйича ҳали гап бўлмади, аммо биз ҳатто тасаввур қилмаган нарсалар бўлиши мумкин. Умид қиламанки, йигитларнинг меҳнати муносиб тақдирланади.

- Авваллари ҳам "Насаф" чемпионликка жуда яқин келганди, лекин якунда олтин медаллар бошқа жамоага насиб этганди. Жорий мавсумда чемпионликни қўлга киритиш учун қандай ўзгаришларга қўл урдингизки, "аждарлар" учун орзу бўлиб келган чемпионатдаги чемпионлик жамоага насиб этди?

- Олдимизга аниқ мақсад қўйилганди. Раҳбарият ва ҳомийларимиз ҳам жорий мавсумга жиддий ёндашишди. Биз жамоага янада кўпроқ эътибор қилсак, балки бу сафар чемпион бўлармиз деган ниятда ўз олдимизга мақсадлар қўйгандик. Бизга барча шароитлар тақдим этилди, бизга керакли футболчилар жамоамизга олиб келинди. Шунингдек, жамоамиз ўйинини ўзгартирдик. Биз натижа энг муҳими эканлигини тушундик. Шу сабабли баъзи бир учрашувларда натижани биринчи ўринга қўйдик. Футболчиларнинг иштиёқи ҳам катта роль ўйнади. Азалий рақибларимизнинг очко йўқотишлари ҳам бизга маъқул келди. Чемпионликка таъсир ўтказган жиҳатлар жуда кўп, аммо энг асосийси бу жиддий ёндашув бўлди.

- Ҳар бир чемпионликнинг ортида қайсидир позициянинг жуда яхши ўйини асосий сабаблардан бири бўлади. Масалан, ҳужум чизиғи яхшироқ ўйнайди, ҳимоячилар ёки дарвозабон. Жорий мавсум "Насаф"да қайси позициянинг футболчилари жуда яхши ва барқарор ўйин намойиш этди деб ўйлайсиз? Мисол учун, ҳужум чизиғига эътибор қаратсак. Жамоангиз жорий мавсумда 31та гол урди ва бу ўртача натижа ҳисобланади. Қайси чизиқ вакиллари сизнинг жамоангизда асосий ролни ўйнади?

- Бу қийинроқ савол. Биз бир жамоа сифатида ушбу натижага эришдик ва айнан қайсидир футболчини кўрсатиб ўтишимиз нотўғри. Барча ғалабага ўз ҳиссасини қўшди. Агар жорий мавсумдаги энг яхши футболчини аниқламоқчи бўлсангизлар, ушбу номзодни "Насаф" жамоасидан излайверинглар. Дарвозабонимиз Абдувоҳид Неъматов жуда барқарор эди. Акмал Мозговой ва Шерзод Насруллаевларни ҳам таъкидлаб ўтишим керак. Ушбу футболчилар Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлишга ҳам номзод деган бўлардим. Биз ҳужумда анча қийналдик. Ҳужумчиларимизнинг самарадорлиги анча пасайиб кетди. "Динамо"га қарши ва "Ал-Ҳусейн"га қарши ўйинларда ҳужумчиларимиз деярли кўринмади дея оламан.

- Сизга Эрон чемпионатидан қизиқиш бор эканлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бундан хабардормисиз? Тарихий натижа қайд этилди. Энди нималар билан банд бўласиз? Келажакдаги режаларингиз ҳақида гапириб берсангиз?

- Бу ҳақда эшитмадим. Мен матбуотни деярли ўқимайман ва бундай гапларга ишонмайман. Шахсан менга ҳеч ким таклиф билан чиққани йўқ. Мавсум якунида "Насаф" билан бўлган амалдаги шартномам якунланади. Кейин эса, нима бўлишини ўйлаб кўрамиз. Мен Ўзбекистоннинг энг етакчи ва байроқдор жамоасида ишламоқдаман. "Насаф"да ишлаш мени қониқтиради. "Насаф" менга яна таклиф берса, мен ушбу жамоада ишлайвераман. Мен жамоага керакман ва жамоа ҳам менга керак.

- Футбол жамоатчилигида "Насаф"нинг чемпионлигига асосий сабаб рақобатдошларнинг кучсизланиши дея айтилмоқда. "Пахтакор"нинг кучсизланиб қолгани, "Нефтчи" стабил жамоа туза олмагани, "Навбаҳор" кўп очколар йўқотганлари сабаб деб айтилмоқда. Ушбу фикрларга изоҳ бериб ўтсангиз?

- Мавсум аввалида кўп жамоалар бир хил имконият ва шароитга эга эди. Ҳар мавсум "Пахтакор" ҳақида шундай гаплар бўларди. Бошқа жамоалар "Пахтакор"га жиддий рақобат таклиф қила олмагани туфайли, "шерлар" яна чемпион бўлди дейиларди. Бир нарсани аниқ айта оламанки, биз бошқаларга қараганда стабилроқ эдик. Бу жуда муҳим жиҳат эди. Сўнгги икки-уч мавсумда чемпионатимиздаги рақобат жиддийлашди. Кутилмаган натижалар кўпайди ва жамоаларнинг даражаси тенглашиб қолгандек. Биз бошқа жамоаларга нисбатан барқарорроқ ўйин намойиш этдик.

- Бу мавсум ўзгача ўтмоқда. Ўзбек футболида катта тажрибага эга инсонсиз. Сўнгги йилларда футболимизда нималар ўзгарди деб ўйлайсиз?

- Вилоят жамоаларига ҳам эътибор кучайди дея оламан. Вилоят раҳбарлари жамоаларга эътибор қаратишмоқда. Авваллари вилоятлардан бир ёки иккита яхши жамоа бўлар эди. Ҳозирги кунда, яхши шароитлар туфайли рақобат кучаймоқда. Ҳозир ҳаммада имконият тенг ва шу сабабли рақобат кучайди. Шу боис бизнинг ва "Андижон"нинг натижалари яхшиланди. Бу рақобатни кучайтиради.

- Рўзиқул ака, сизни барча яхши мутахассис, аммо чемпионликни қўлга кирита олмаган мураббий сифатида қабул қилишар эди. Мана бугун, фаолиятингиздаги энг ожиз нуқтангизни ёпа олдингиз. Узоқ йиллик "гештальт"ингиз ҳал этилди. Энди ўзингиздан қониқдингизми? Қўпол қилиб айтганда, энди яхшироқ хотиржам ухлайсизми?

- Мен футбол билан яшайман. Кўпчилик буни билмаслиги мумкин, мен эрталаб соат 8да ишга келаман ва кечаси 11да уйга қайтаман. Ўзимизнинг футбол бўлмаса, хориж футболини томоша қиламан. Мен босимни ҳар доим ҳис қилганман. Босимга кўникиб кетганман. Чемпионлик менинг футболга бўлган касаллигимни тўхтата олмайди. Жамоамга ҳеч қандай вазифа ва мақсад қўйилмаган ҳолатда ҳам, жамоам ютқазса мен қийналаман. Мен буни қабул қила олмайман. Мен шундай инсонман. Шу сабабли, мен ҳар бир мусобақада максимал натижани қўлга киритишга интиламан. Энди тўхтаб қолиш йўқ, натижаларни янада яхшилаш керак ва жамоани стабилроқ қилишимиз керак. Терма жамоамизга янада кўпроқ ўйинчиларни етказиб беришимиз керак. Сўнгги мавсумларда биз ёшларга камроқ эътибор бердик. Буни тўғрилашимиз керак. Масалан, янги Олимпия терма жамоамизда "Насаф" футболчилари деярли йўқ. Олимпиадага борган таркибда эса "Насаф" футболчилари кўп эди. Неъматов, Абдираҳматов, Давронов, Норчаевларга биз ўз вақтида имконият берганмиз. Улар ёш бўлишига қарамай, ўйнатганмиз. Энди эса кейинги авлодларга эътибор қаратишим керак. Бундай масалаларни, мен ўзимнинг вазифам сифатида қабул қиламан. Кўряпсизми, ҳали олдинда режаларим кўп. Мен футбол билан яшашда давом этаман. Мағлуб бўлишни ёқтирмайман.

- Миллий терма жамоамизнинг бош мураббийи билан бўлган вазиятни барча тушуниб турибди. Агар сизга терма жамоамизни бошқариш таклифи берилса, нима деб жавоб берган бўлардингиз?

- Келинг, терма жамоани муҳокама қилмайлик. Миллий терма жамоамиз мундиал йўлланмасини қўлга киритишига ишонаман ва бу аниқ рўй беради.

- Кейинги учрашувда "Насаф" ўз уйида чемпионликни нишонлайди. Ўша ўйин олдидан мухлисларга қандайдир мурожаатингиз бўлса, марҳамат...

- Умид қиламанки, мухлисларимиз стадионни тўлдиришади. Байрамни барча мухлислар билан бирга нишонлашни истаймиз. Яқинлашиб қолган "Ал-Ҳусейн"га қарши учрашувга ҳам жиддий тайёргарлик кўришимиз керак. ОЧЛдаги иштирок ҳам биз учун жуда муҳим.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев тарихий чемпионликдан сўнг нималар деди?