10:03 / 09.11.2024
41

Икки карра Олимпия чемпиони Дўсматов нуфузли рейтингдан чиқарилди

Икки карра Олимпия чемпиони Дўсматов нуфузли рейтингдан чиқарилди
Ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари ҳаваскорлар ўртасида ҳам, профессионаллар орасида ҳам юқори нуфузга эга чарм қўлқоп усталари ҳисобланади.

Аксарият боксчиларимиз бир пайтнинг ўзида ҳар икки йўналишдаги фаолиятини давом эттирмоқда. Хусусан, ҳаваскорлар ўртасидаги барча нуфузли ва йирик мусобақаларда бир неча маротабадан олтин медалларни ўзиники қилган Ҳасанбой Дўсматов ҳали бу йўналишдаги фаолиятини тўхтатгани йўқ.

2024 йил 31 ёшли чарм қўлқоп устаси учун жуда муваффақиятли келиб, Ҳасанбой иккинчи вазнда ҳам Олимпия ўйинлари ғолиблигини қўлга киритди. Париждаги мусобақа давомида Дўсматов ўз вазнидаги барча асосий рақибларини мағлуб этишни уддалади ва яна бир карра тенгсиз эканини исботлаб қўйди.

Ҳамюртимизнинг чорак финалда қозоғистонлик ашаддий рақиби Сакен Бибосиновга қарши ўтказган ғалабали жанги Олимпия ўйинларининг энг кескин ва муросасиз учрашуви сифатида эътироф этилди.

Шу билан бирга Ҳасанбой Дўсматов профессионал боксчи мақомини ҳам сақлаб турибди. Гарчи ҳамюртимиз бу йил ҳисобида ҳали бирорта профессионал жангда иштирок этмаган бўлса-да, нуфузли йўналишлари ўз рейтингларида “Профессор”га жой бериб келмоқда.

Хусусан, Ҳасанбой Дўсматов енгил вазнда WBA рейтингида биринчи рақамли боксчи ҳисобланади. WBC экспертлари ҳамюртимизни ўз рейтингида учинчи ўринга жойлаштирган. WBO рейтингида андижонлик чарм қўлқоп устаси ўнинчи поғонада қайд этилган.

Энг нуфузли ресурслардан ҳисобланган The Ring журнали талқинига кўра, Ҳасанбой енгил вазн тоифасидаги дунёнинг энг зўр боксчилари орасида саккизинчи қатордан ўрин олди.

Шунга қарамай, ўзбек боксчиси Boxrec ташкилотининг янги рейтингидан чиқарилди. Бунга Дўсматовнинг фаол эмаслиги сабаб бўлди. Boxrec рейтинг тузишда бир йил давомида профессионал рингда жанг ўтказмаган боксчиларнинг кўрсаткичларини инобатга олмайди.

Дўсматов эса, охирги профессионал жангини 2023 йилнинг 6 ноябрида ўтказган. Россия пойтахти Москва шаҳрида ташкил этилган ўша учрашувда ҳамюртимиз Жанубий Африка Республикаси вакили Симпхамандла Баленини ўн раундлик жангда очколар ҳисобида мағлуб этган эди.

Ўшандан бери Ҳасанбой фақат ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этиб келди ва охир-оқибат Boxrec рейтингидан чиқиб кетди.

Энди қолган ташкилотлар Ҳасанбой Дўсматовга нисбатан қандай сиёсат юритишини улар ўз рейтингларини янгилаганида билиб оламиз.

Умуман олганда эса, Дўсматов профессионал фаолиятини 2019 йилнинг ноябрида бошлаган ва жами олтита учрашувда қатнашиб, уларнинг барчасини ўз фойдасига ҳал қилган. Шулардан бештасида рақибларини муддатидан олдин таслим қилган.

Бундан ташқари, Ҳасанбой ҳаваскорлар ўртасида 124 та учрашувда зафар қучган ва узоқ йиллик фаолияти давомида атиги 13 маротаба мағлуб бўлган.

Ҳамюртимиз Бутунжаҳон бокс серияларида (World Series of Boxing) икки жамоа – “Украина атаманлари” ва “Uzbek Tigers” сафида жами 23 маротаба рингга чиқиб, ярим профессионал жангларда барча рақибларини мағлубиятга учратган.

Шунингдек, Халқаро бокс ассоциациясининг IBA-Pro йўналишида Таиланд ва Ўзбекистондаги иккита жангда Мартин Молина ва Самуэль Кармона сингари кучли рақиблари устидан ишончли ғалабага эришган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Икки карра Олимпия чемпиони Дўсматов нуфузли рейтингдан чиқарилди