11:30 / 16.11.2024
19

Темур Кападзе: "Ҳусанов катта клубларда ўйнаб кетишга қодир ўйинчи"

Темур Кападзе: "Ҳусанов катта клубларда ўйнаб кетишга қодир ўйинчи"
Ўзбекистонда кейинги йилларда истеъдодли футболчилар камол топиб келмоқда. Секин-аста ёш ўйинчиларимиз ҳам турли мамлакатлар чемпионатларини забт этиб келмоқда.

Бугунги кунда дунёнинг ўттиздан зиёд мамлакатларида ўзбек легионерлари турли даражадаги клубларда тўп тепмоқда. Улар орасида Европанинг Италия, Франция, Россия, Туркия, Сербия, Осиёнинг Саудия Арабистони, Эрон, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари каби кучли лигаларида ўйнаётган футболчиларимиз ҳам оз эмас.

Футболчи учун ёшлар футболидан профессионал даражага кўтариладиган палла энг муҳим давр ҳисобланади. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги мусобақаларда порлаган ва истеъдодини намойиш қилган ҳамма футболчилар ҳам келажакда профессионал фаолиятини муваффақиятли йўлга қўя олмайди. Жаҳон футболида ҳам, ўзбек футболида ҳам бунга етарлича мисоллар бор.

Бу жараёнда кўп нарса аввало ўйинчининг ўзига, кейин эса унинг мураббийига боғлиқ. Темур Кападзе Ўзбекистон U-23 терма жамоаси мураббийи сифатида бир неча футболчиларни катта футболга муваффақиятли ўтишини таъминлай олди. Унинг қўл остида пишган ўйинчиларнинг бир неча нафари бугунги кунда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ёки номзоди ҳисобланади.

Темур Кападзе Россия оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида айрим истеъдодли ўйинчиларимиз ҳақидаги саволларга жавоб берди.

— Абдуқодир Ҳусанов 20 ёшидаёқ, “Ланс”нинг асосий ҳимоячисига айланди. У Европа даражасидаги юлдуз бўла оладими?
— Бунинг учун унда ҳамма имконият бор. Ҳусанов тезлиги, куч-қуввати, техникаси яхши ривожланган, майдонни яхши кўра оладиган футболчи.

Унинг ёшида Франция чемпионатида асосий ўйинчилардан бўлишнинг ўзи жуда катта ютуқ. Мен Ҳусанов Европанинг топ-клубида ўйнайди, деб ҳисоблайман. У катта клубларда ўйнаб кетишга қодир ўйинчи.

— Сиз бош мураббий сифатида Остон Ўруновни Олимпиадага чақиргандингиз. Ҳозир у Эронда порлаяпти. У фаолиятини қайта кучайтириши мумкинми?
— Агар яхши мураббий қўл остига тушса, шундай қила олади. Остон Ўруновнинг салоҳияти ақлбовар қилмас даражада кучли. У жисмонан ҳам, техник томондан ҳам яхши ривожланган ўйинчи.

— Унақада муаммо нимада?
— Ўрунов жуда ёпиқ йигит, коллективбоп эмас. Қаердадир характери панд берди, айрим вазиятларда чидаши ва ўзини ўзи енгиб ўтиши керак эди. Остон Россияда тўқнаш келганларига ҳали тайёр эмас экан.

Ўрунов бор эътиборини футболга қарата олмади. Лекин унинг иқтидори Аббосбек Файзуллаевникидан кам эмас. Футбол атрофидаги нарсалар уни чалғитиб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсумда “Ланс” сафидаги мазмунли ўйинлари орқали ПСЖ, “Челси”, “Тоттенхэм”, “Эвертон”, “Марсель” каби Европанинг машҳур клублари эътиборини қозонди. Бир неча клублар легионеримизнинг ўйинини кузатиш учун “Ланс” ўйинларига ўз скаутларини жўнатиши одатий ҳолга айланди.

Остон Ўрунов эса Россия Премьер-лигасида “Уфа”, “Спартак”, “Урал”даги муваффақиятсиз босқичдан кейин маълум муддат юртимизда тўп тепди ва кейинчалик Эронга йўл олди. Форслар юртида легионеримиз ўтган мавсум “Персеполис”нинг чемпионлигига муносиб ҳисса қўшди. Айни пайтда Ўрунов Эрон чемпионатининг энг кучли футболчиларидан бирига айланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Темур Кападзе: "Ҳусанов катта клубларда ўйнаб кетишга қодир ўйинчи"