date
views 401

Кутилмаганда Шомуродовнинг йўли очилди!

Кутилмаганда Шомуродовнинг йўли очилди!
Жорий мавсумда юқори ўринлар ва Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашиши кутилган “Рома” мусобақа жадвалининг қуйи қисмига тушиб қолган. Клуб раҳбарияти жамоанинг мавқеини кўтариш учун римлик мураббий Клаудио Раньерини олиб келди.

Тажрибали мутахассис секин-аста жамоага ўз ғояларини сингдира бошлади. Навбатдаги турда “бўрилар” ўз майдонида “Лечче”ни қабул қилади. 7 декабрга белгиланган бу ўйин Раньерига кўра, жамоа учун бурилиш нуқтаси бўлиши керак.

- Биз учун чемпионат энди бошланди. Декабрь аслида биз нималарга қодирлигимизни кўрсатиб берадиган ой. Мусобақа жадвали барча жамоаларнинг ҳозирги ҳолатини кўрсатиб берадиган рейтинг. Бу ерда биз рейтингнинг қуйи қисмида жойлашганмиз. Биз бу вазиятдан чиқиш учун курашни давом эттирамиз. Менга қатъиятли, ҳар қандай рақиб билан яхши ўйнай оладиган, йиқилса, туриб курашни давом эттирадиган жамоа керак, - деди Клаудио Раньери.

Таъкидлаш жоизки, “Лечче”га қарши баҳс Клаудио Раньери учун “Рома”даги бош мураббийлик фаолияти давомидаги 100-учрашув бўлади. Маълумки, бу мутахассис аввал ҳам икки бор жамоага устозлик қилган.

Бир неча манбаларнинг таъкидлашича, Клаудио Раньери таркиб танлашда айрим ўзгаришларни қилишига тўғри келмоқда.

Жамоанинг асосий тўпурари Артём Довбик касал бўлиб қолган ва сўнгги машғулотларда қатнашмади. “Рома”да Довбикдан ташқари фақат биргина марказий ҳужумчи – Элдор Шомуродов бор. Раньери “Кальяри”даги шогирдини “Лечче”га қарши бошланғич таркибда ўйнатишни мўлжаллаган.

- Охирги машғулотларда мураббийлар штаби Элдор Шомуродовни марказий ҳужумчи ролида синаб кўрди ва Клаудио Раньерининг мана шу қарори бўйича ўйин схемаларини амалиётга тадбиқ қилди. Аввалги учрашувда ҳам ўзбек футболчиси Артём Довбик ўрнига майдонга тушган эди. Мураббийлар штаби Пауло Дибалани ҳужум марказида ўйнатиш фикридан қайтди ва аргентиналик юлдуз ўз позициясида қоладиган бўлди, - деб ёзмоқда laroma24.it манбаси.

Эслатиб ўтамиз, Клаудио Раньери келганидан кейин Элдор Шомуродовга ишонч билдира бошлади. Элдор ноябрь ойидаги ФИФА кунлари давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинида жароҳат олгани учун 20 кунга яқин даволанган эди.

Раньери ўзи яхши билган шогирди сафга қайтиши билан уни заҳирадан бўлса-да, майдонга ташлади.

Аввалги икки мураббий – Даниеле Де Росси ва Иван Юрич даврида олти маротаба майдонга тушиб, жами бир соат атрофида ўйнаган ўзбек ҳужумчиси Раньери қўл остидаги илк беллашувида қарийб ярим соат тўп тепди.

Энди “Лечче”га қарши беллашувда 29 ёшли ҳужумчимиз бошланғич таркибда ўйнаши кутилмоқда. Артём Довбикнинг бетоблиги Шомуродовга асосий таркибга йўл очиб берди. Элдор навбатдаги учрашувларда маҳоратини кўрсатиб, “Рома”га керакли ўйинчи эканини исботлаши керак. Чунки клуб раҳбарияти қишки трансферлар даврида легионеримиз ўрнига бошқа ҳужумчи олиб келишни режалаширмоқда.

Дунёга машҳур “Олимпико” стадиони мезбонлик қиладиган “Рома” ва “Лечче” ўртасидаги 15-тур учрашуви Тошкент вақти билан 7 декабрдан 8 декабрга ўтар кечаси 00:45 да бошланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кутилмаганда Шомуродовнинг йўли очилди!