Яқинда ФИФА Россия клубларининг бир нечтасига трансфер таъқиқларини қўйган эди. Хусусан, Аббосбек Файзуллаев ўйнаётган ЦСКАнинг олдиндаги учта трансфер ойнасида янги ўйинчиларни ўз сафига қўшиб олиши чекланганди.
ФИФА томонидан ЦСКАга таъқиқ қўйилган сана Аббосбек Файзуллаев учун Франциянинг “Монако” жамоаси 15 миллион евро тўлашга тайёр экани ва Испаниянинг “Реал Сосьедад” жамоаси легионеримизни олиш мақсадида курашга қўшилгани ҳақидаги маълумотлар чиққан вақтга тўғри келди.
Буни инобатга олган мухлисларнинг аксарияти ФИФА таъқиқи Файзуллаевнинг трансферига ҳам таъсир қилиши мумкин, деган хавотирга тушиб қолди.
Кейинчалик соҳа мутахассислари халқаро ташкилот таъқиқи фақат янги ўйинчиларни трансфер қилиш ва уларни мусобақаларга рўйхатдан ўтказиш бўйича амал қилиши ва чиқиш трансферларига дахли йўқлигини таъкидлаб, вазиятга ойдинлик киритди.
Энди бир неча манбалар ФИФА тез орада, яъни 2024 йил охиригача ЦСКАдан бу чекловларни олиб ташлаш бўйича қарор чиқаришини маълум қилди.
Гап шундаки, Москва клубига трансфер таъқиқи қўйилишига ЦСКАнинг “Херенвен” жамоаси олдида қарздорлик вужудга келгани сабаб бўлганди. “Армиячилар” Нидерландия клубидан Чидера Эджукини трансфер қилган ва тўловнинг умумий суммасидан 3,1 миллион еврони ўтказишга улгурмаган.
Бунга Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можаро оқибатида Россияга нисбатан қўлланилган санкциялар сабаб бўлган. ЦСКА Нидерландия клуби ҳисоб рақамига пул ўтказиб бериш йўлини топа олмаган.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Херенвен” клуби раҳбарияти Нидерландия ҳукумати билан ЦСКАдан пул тушириш схемасини мувофиқлаштириб оладиган бўлди. Бу масалага ечим топилиши билан ЦСКА 3,1 миллион евро миқдордаги қарзини тўлайди ва қарздорлик ёпилиши билан ФИФА ўз таъқиқини автомат равишда бекор қилади.
ЦСКА раҳбарияти қарздорлик масаласи имкон қадар тезроқ ҳал этилишига умид қиляпти. Чунки “армиячилар” қишки трансферлар даврида таркибни кучайтириш бўйича иш олиб боришни режалаштирган эди.
Россия Премьер-лигасида қишки трансферлар ойнаси 2025 йилнинг 23 январидан 21 февралигача давом этиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев ЦСКА сафида 2023 йилнинг августидан бери ўйнаб келмоқда. Унинг трансфери “Пахтакор”га 500 минг евро олиб келган.
Бугунги кунда 21 ёшли легионеримизнинг трансфер суммаси 8 миллион еврога баҳоланмоқда ва Аббосбек ЦСКАнинг энг қимматбаҳо уч ўйинчисидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Файзуллаев Марказий Осиёнинг энг қиммат иккинчи футболчисидан биридир. Минтақада фақатгина “Ланс” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов (12 миллион евро) ундан қиммат баҳоланган. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Хорижлик мутахассислар учун 2024 йилдаги энг яхши шаҳарлар рейтинги эълон қилинди
Наманганда халқаро кўргазма: қиймати хонадонга тенг отлар, 200 килоли қўйлар ва осмонга учирилган кабутарлар (фото, видео)
Эртага Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксдаги навбатдаги жангини ўтказади
Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер баҳоси Роналдуники билан тенглашди, навбат Мессига(ми?)
Трамп Зеленскийга зудлик билан ўт очишни тўхтатиш кераклигини айтди
16 декабр куни учун об-ҳаво прогнози эълон қилинди
Qatar Masters турнирида 3-ўринни олган Нодирбек Абдусатторов қанча пул ишлаб топди?
Олийгоҳ ректорлари камбағал оиладан 4 минг нафар ёшларни ўқитишга бош-қош бўлади