“Рома”да етарли даражада ўйин амалиёти берилмаётган Элдор Шомуродов қишки трансферлар вақтида ўзига янги жамоа танлаш имконига эга бўлади.
Ҳали қишки трансфер ойнаси очилмай туриб, 29 ёшли ҳужумчига “Комо”, “Салернитиана”, “Кальяри” каби Италия клублари ва Саудия Арабистонининг бир неча жамоалари қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди. Энди легионеримизга яна бир янги даъвогар пайдо бўлди.
Таниқли инсайдер Жанлука Ди Марцио ўз сайтида маълум қилишича, Элдор Шомуродовни “Эмполи” ўз сафига қўшиб олмоқчи. Бу клуб раҳбарияти трансферни январга мўлжаллаган.
- “Эмполи” ўз сафига янги ҳужумчи қўшиб олиш бўйича иш бошлади. Бу жамоа форвардларидан Пьетро Пеллегрининг жароҳат олгани билан боғлиқ. Тоскания клуби “Рома”дан Элдор Шомуродовга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Ўзбек футболчиси асосий трансфер нишони ҳисобланади.
“Женоа”, “Специя” ва “Кальяри”нинг собиқ футболчиси январда пойтахтни тарк этиб, “Эмполи” сафига қўшилиши мумкин, - деб ёзди Жанлука Ди Марцио.
“Эмполи” Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 29 ёшли тўпурарига қизиқаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки бу жамоа олдинги чизиғида етарлича камчиликлар кўзга ташланмоқда.
Клуб олти нафар ҳужумчини А Серия рўйхатидан ўтказган. Улардан жароҳат олган Пьетро Пеллегри учта, Лоренцо Коломбо тўртта, Себастьян Эспозито олтита тўп киритган. Қолган уч нафар ҳужумкор футболчи – Ола Сольбаккен, Эммануэль Эконг ва Испаэль Конате ҳали бу мавсум голлар ҳисобини очгани йўқ.
Қизиғи шундаки, “Эмполи”да жорий чемпионатда фақатгина беш нафар футболчи гол уришга муваффақ бўлган. Юқорида номи келтирилган ҳужумчилардан ташқари ярим ҳимоячи Эммануэль Гьясси иккита ва ҳимоячи Либерато Какаче битта тўп киритишни уддалаган.
Яна бир қизиқ маълумот. Ёзда бошқа клубга ўтиши кутилган Элдор Шомуродовнинг “Рома”да қолишига А Сериянинг иккинчи турида айнан “Эмполи”га қарши ўтказилган учрашув сабаб бўлди. 25 август куни “Олимпико” стадионида бўлган ўша учрашувда ўзбек легионери 77-дақиқада захирадан ўйинга қўшилганидан уч дақиқа ўтиб, “Эмполи” дарвозасини ишғол қилди. Кейинги вазиятда бош ҳакам ҳужумчимизга жарима майдончаси ичида ишлатилган қўполлик учун пенаьти белгиламай, хатога йўл қўйди.
Римликларнинг ўша пайтдаги бош мураббийи Даниэле де Росси Шомуродовнинг ҳаракатларини ижобий баҳолади ва уни жамоада олиб қолишга қарор қилди.
Ўша гол Шомуродов ва “Рома”нинг мавсумда урган биринчи голи эди. Бундан ташқари, Элдор жорий чемпионатда “Эмполи” дарвозасини ишғол қилган биринчи футболчига айланди.
Таъкидлаш жоизки, Италия чемпионатида ҳам қишки трансферлар бозори бир ой давом этади. Бу муддат ичида Элдор Шомуродовга яна бошқа таклифлар ҳам чиқиши катта эҳтимол. Демак, легионеримиз атрофидаги вазиятни кузатишда давом этамиз... “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Фарғонада масъулиятсиз энага жиноий иш доирасида терговга тортилди
Ўзбекистонда қарздорлар учун мажбуриятлар реестри жорий этилади
Politico 2025 йилнинг эҳтимолий воқеалари рўйхатини тузди
Зеленский Россияга ҳудудий ён босиш шартини айтди
Америка Қўшма Штатларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан машғулот ўтказгани учун узр сўради (видео)
Криштиану Роналду бу йил фаолиятини тугатадими?
"Насаф" ярим ҳимоячиси билан шартномани узайтирди