ФИФАнинг янги рейтингида Ўзбекистон Япония ва Россия терма жамоаларидан юқорида

  • Спорт
  • 21-10-2016, 13:42
  • 1 429
  • ФИФАнинг янги рейтингида Ўзбекистон Япония ва Россия терма жамоаларидан юқорида

    Бугун ФИФА сайтида ташкилотнинг навбатдаги рейтинг жадвали эълон қилинди. Янги рейтингда Ўзбекистон терма жамоаси 48-ўринда жойлашди.

    Сентябрь ойи якунларига кўра, Ўзбекистон термаси бир ой аввалги рейтингга нисбатан 1 поғонага кўтарилди. Аввалги рейтингида 621 очко билан 49-ўринда бўлган терма жамоа янги рейтингга кўра 617 очко тўплаган. Жамоа ЖЧ-18 саралаши доирасида Эронга ютқазди, Хитойни мағлуб этди. Лекин Россия термаси қуйига шўнғиши ортидан Ўзбекистон 1 поғона юқорилаган.

    Терма жамоа Осиёда тўртинчи поғонани банд этиб турибди. Эрон Ўзбекистон ва Жанубий Корея устидан қозонилган ғалабалардан кейин бирданига 10 поғона юқорилаб, 27-ўринга чиқиб олган.

    Австралия терма жамоаси 40-қаторни (+5) эгаллаб турган бўлса, Жанубий Корея 44-поғонага жойлашган (+3).

    Ўзбекистондан пастроқда жойлашган терма жамоалар қаторида Япония (51), Саудия Арабистони (54) ва БАА (70) терма жамоалари кўриш мумкин.

    Терма жамоанинг ЖЧ-2018 саралаш босқичидаги рақиблари Хитой ва Қатар терма жамоалари 6 поғонадан қуйилаб, мос равишда 84 ва 91-ўринларга жойлашган. Сурия эса бирданига 18 қаторга юқорилаб, кучли юзталикка кирди (96-ўрин).

    Марказий Осиё давлатларидан Қирғизистон 9 ўрин юқорилаб, 99-ўринга жойлашди ва ўз тарихидаги энг яхши натижани кўрсатди. Қозоғистон 7 ўрин қуйилади ва 90-ўринга тушди. Туркманистоннинг янги рейтингдаги ўрни 2та пунктга яхшиланган (111-ўрин). Марказий Осиё давлатлари ичидаги энг паст кўрсаткич Тожикистонга тегишли (140-ўрин, +4).

    Ўзбекистон терма жамоаси МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари орасида 2-ўринга чиқиб олган. Фақат Украина термаси 29-ўрин билан Ўзбекистондан юқорида жойлашган. Россия эса 53-ўринга тушиб кетди ва Собиқ Иттифоқ мамлакатлари орасида 3-жамоага айланди.

    Рейтингда Аргентина терма жамоаси 1621 очко билан етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўринга Германия (1465 очко, +1), учинчи ўринга Бразилия жойлашган (1410 очко, +1).

    Кучли бешликни Бельгия (1382 очко, -2) ва Колумбия (1361 очко, -1) якунлаган.

    Энг яхши юқорилаш Черногория томонидан қайд этилган. "Қоратоғликлар" бирданига 49 поғона "сакраб" 570 очко билан 56-ўринга жойлашган. Энг "чуқур шўнғиш" эса Кипр томонидан қайд этилди - оролликлар жамоаси 52 ўрин пастлаб, 228 очко билан 139-ўринга тушган.

    200 терма жамоанинг кейинги рейтинги 2016 йилнинг ноябрида эълон қилинади.