23:13 / 10.01.2025
1

“Манчестер Сити” Ҳусанов орқали “Реал”нинг “бурнини ерга ишқалади”

“Манчестер Сити” Ҳусанов орқали “Реал”нинг “бурнини ерга ишқалади”
Қишки трансфер ойнаси очилиши билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинчиси Абдуқодир Ҳусановга даъвогарлик қилган йигирмага яқин клублар орасида энг машҳурлари “Манчестер Сити” ва “Реал” эди.

Англия ва Испания чемпионлари нафақат ўйин борасида, балки футболга алоқадар бошқа масалаларда ҳам гегемонликни ўз қўлида сақлаб туришга катта аҳамият беради. Ана шу маънода, Ҳусанов трансфери бу икки қудратли клуб ўртасида ўзига хос дуэл вазифасини ҳам ўтади.

Европа, хусусан, испан футболини ёритишга ихтисослашган fichajes.net портали ўзбек футболчиси учун курашда манчестерликларнинг қўли баланд келгани “Реал”га қандай таъсир қилганини шарҳлаб берди.

- “Реал” Абдуқодир Ҳусановнинг юқори даражадаги спорт формаси учун жиддий тарзда кузатиб келаётган эди. Лекин муҳим қарорларни қабул қилишда Хосеп Гвардиола жамоаси мадридликларни доғда қолдирди.

“Манчестер Сити” Франция чемпионатида “Ланс” сафида порлаган ўзбек ҳимоячиси учун курашда “Реал Мадрид”дан ўзиб кетди ва трансфер бозоридаги қудратини яна бир карра кўрсатиб қўйди. Европанинг нуфузли манбалари Пеп Гвардиола бошчилигидаги жамоа истиқболи порлоқ ўйинчи учун 50 миллион еврони аямагани ва келажак учун жуда катта қадам ташлаганини ёзмоқда.

20 ёшли Ҳусанов жорий мавсумда Лига 1 мусобақасининг энг ёрқин кашфиёти бўлди. Бақувват тана тузилишига эга футболчининг тезкорлиги, вазиятни олдиндан тўғри баҳолай олиши, тўп учун курашдан ҳайиқмаслиги, ажойиб подкатлари, ҳужумни бошлаб бериш қобилияти Абдуқодирни Европа футболидаги энг талабгир ҳимоячига айлантирди.

“Реал” охирги ойларда ўзбек ўйинчисини яқин келажакда жамоа ҳимоясини мустаҳкамлай оладиган идеал номзод сифатида диққат билан кузатиб келаётган эди.

Бироқ “Манчестер Сити” ёш талантларни олиш учун ҳеч қандай маблағни аямаслигини яна бир карра намойиш қилиб, ҳеч иккиланмасдан қимматбаҳо трансферга қўл урди. Бу орқали Гвардиола ўз жамоасига катта ва кенг имкониятларга эга марказий ҳимоячини қўшиб оляпти ва бу орқали ҳимоя чизиғини нафақат реал вақтда, балки яқин бир неча йил учун ҳам мустаҳкамлаяпти.

Аслида трансферлар учун катта харажат қилиш Англия чемпионларининг доимий стратегияси ҳисобланади. Ҳусановнинг қўлдан чиқарилгани “Реал” трансфер сиёсатидаги катта омадсизлик. Чунки мадридликлар клубнинг жаҳон миқёсидаги ва футбол тарихидаги мавқеи ва обрўси ёш ўйинчини ўзларига оғдириш учун етарли, деб ўйлаганди.

Ҳусанов масаласида бундай бўлиб чиқмади ва Абдуқодир Англия Премьер-лигасининг амалдаги чемпиони сафига бориб қўшилади ва Франция чемпионатида намойиш қилган маҳоратини замонавий футбол ватани майдонларида ҳам исботлашга уриниб кўради, - деб ёзмоқда fichajes.net эксперти Гектор Андреу.

Таъкидлаш жоизки, “Реал” жорий мавсумда ҳимоя чизиғида етарлича муаммоларга дуч келмоқда. “Қироллик клуби” мутасаддилари келаси мавсум олдидан ҳимоя чизиғини тўлиқ янгилашни мақсад қилган. Шунинг учун ҳам мадридликлар Абдуқодир Ҳусанов трансферини ҳам ёзда амалга оширишни мўлжаллаган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт