08:13 / 11.01.2025
17

Абдуқодир Ҳусановнинг трансферидан “Бунёдкор” қанча ҳақ олади?

Абдуқодир Ҳусановнинг трансферидан “Бунёдкор” қанча ҳақ олади?
Абдуқодир Ҳусанов 50 млн евро эвазига “Ланс”дан “Манчестер Сити”га ўтса “Бунёдкор” 2 фоиз ҳақ олади. Бу ҳақда журналист Нодирхўжа Йўлдошев маълум қилди.

Абдуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” таркибида
Фото: “Бунёдкор”

Унинг ёзишича, FIFA регламентига кўра, 12-15 ёшгача 0.25 фоиздан жами 4 мавсумга 1 фоиз ва 16-17 ёш учун 0.50 фоиздан 1 фоиз берилиши белгиланган.

Трансфер суммасидан 2 фоиз 1 млн еврони (14,3 млрд сўм) ташкил этади.

Аввалроқ Ҳусанов ва “Ман Сити” ўртасидаги келишув 2030 йилнинг ёзига қадар тузилиши хабар қилинганди. Клуб “Ланс”га 50 млн тўлаб беришга тайёр эканлиги, шунингдек, “Манчестер Сити” Абдуқодир Ҳусанов трансфери борасида “Ланс”га расмий таклиф юборгани ҳамда Ҳусанов Буюк Британия визасига ариза топширгани ҳақида хабар берилганди.

Ҳусанов Англиянинг “Челси” ва “Ньюкасл” клублари, Испаниянинг “Реал”, шунингдек, Франциянинг “ПСЖ” жамоаси қизиқишлари доирасида экани хабар қилинганди. Агентлар Париж вариантини ўйин амалиёти кафолати йўқлиги сабабли рад этган.

Клуб директори футболчининг январда жамоани тарк этиши мумкинлиги, аммо ҳали расмий таклифлар бўлмагани ҳақида маълум қилганди.

Ҳусанов 2023 йилда Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубида ўйнаган ва шу йилнинг июль ойида 100 минг евро эвазига “Ланс”га трансфер бўлганди.

Ҳусанов Франция клуби сафида 31 та ўйинда майдонга тушиб, бир марта голли узатма амалга оширди. Унинг француз клуби билан тузган шартномаси 2027 йилнинг июнига қадар амал қилади.

Transfermarkt маълумотига кўра, унинг бозор қиймати 12 миллион еврога баҳоланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт