23:11 / 11.01.2025
18

Абдуқодир Ҳусановга "Манчестер Сити" мухлисидан мактуб...

Абдуқодир Ҳусановга "Манчестер Сити" мухлисидан мактуб...
Тез орада ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов "Манчестер Сити" футболчиси сифатида таништирилади. Қуйида клуб мухлисининг Абдуқодир Ҳусановга ёзган мактуби мазмуни билан танишиш имконига эгасиз.

Манчестер шаҳрида уч кундан бери ёғингарчилик тинмаяпти. Шаҳар кўчалари ҳувиллаб қолган, одамлар уйларидан чиқмай ўтиришибди. Бир неча километрлар нарироқда "Этиҳад стадиум" савлат тўкиб турибди. Юқоридан разм солганда, стадион ғилдиракли конкига ўхшаб кетади. Бироқ ҳаво ҳарорати пасайгандан бери "ғилдираклар" музлаб қолган шекилли, севимли жамоам олдинга ҳаракат қила олмай қолди. Мовий ўриндиқлар қаршисида мовий осмон остида мовий рангли либосдаги футболчиларнинг хурсандчиликларини томоша қилиш ўзгача завқ бағишлайди. Аммо сўнгги пайтларда осмонимизни қора булут қоплагандек гўё. Қора булутларни бартараф этиб, мовий осмонимизни қайтарадиган қандайдир куч керак бизга.

Бизнинг кўчада деярли ҳамма уйлар бир хил кўринишда — пишиқ ғиштдан қурилган ҳамда икки қаватдан иборат. Кўча бошида яшовчилар девор ўрнига бўта билан уй атрофини ўрашган. Кўчамиз тор бўлишига ҳамда йўл четида машиналар бўлишига қарамай, катта тирбандлик кузатилмайди. Машиналар 20 километр тезликда ҳаракатланади, тор кўча ва яқин атрофимизда мактаб жойлашгани учун тезлик чегараланган.

Тўрт девор орасида нима қилишни билмасдан, ёстиғимни қучоқлаганда, ижтимоий тармоқларга шўнғийман. Севимли жамоам ҳақида хабарлар ёд бўлиб кеган бўлса-да, барибир нимадир янгилик кутавераман. Сўнгги пайтларда бир ном диққатимни тортди: Ҳусанов.

Ҳусанов... Бу ном хаёлимга ўрнашиб қолганди. Унинг ўйинларини YouTube'дан кўрганман ва уни афсонавий фильм қаҳрамони Халкка ўхшатганман – чаққон, жасур, ҳаттоки бироз қўпол! Майдонда худди арслондай важоҳатли ҳаракат қилади. Гарчи унинг қаршисида футбол ўйнаётган бўлмасам-да, дадил ва шиддатли ҳаракатларидан видеони кўриш давомида чўчиб кетиб, телефонимни қўлимдан тушириб юбордим. Эҳтимол, кўз ўнгингизда Рамос гавдалангандир. Йўқ, у Рамосчалик жазавага берилмайди.

Тўғриси, аввалига унинг нотаниш исми ғалати эшитилди. Аб-ду-қо-дир... бу исм нима маъно англатишини билмасдим. Лекин кейин... кейин унинг ўйинларини кўриб, фикрим ўзгарди. Бу йигитда нимадир бор эди. У оддий футболчи эмасди. Унда ўзгача бир иштиёқ, ўзгача бир куч бор эди.

Ҳусанов Осиёда жойлашган Ўзбекистон деган мамлакатдан келган экан. Ростини айтсам, Ўзбекистон ҳақида деярли ҳеч нарса билмасдим. Кўпинча Афғонистон ёки Покистон билан адаштирардим. Аммо ўсмирларимиз жаҳон чемпионатида ўзбекистонликларга ютқазиб қўйгач ҳамда уларнинг футбол жамоаси Олимпия ўйинларида иштирок этгач, бу мамлакатга нисбатан қизиқишим ошди.

Абдуқодир Ҳусанов деб айтишга тилим келишмаётган бўлса-да, тез орада кўникиб кетсам, ажабмас. Ҳар ҳолда интернетда тўғри ёза оламан. Машҳур инсайдер Фабрицио Романо у ҳам шунчалик кўп ёздики, сўнгги марта фақатгина Мбаппенинг "Реал Мадрид"га трансфери билан шундай бўлганди. Отам эса ижтимоий тармоқларга қизиқмайди, гоҳ-гоҳида кўрсаткич бармоғини бурнининг устига олиб, кўзойнагини тўғрилаган ҳолда ҳалигача газета мутолаа қилади. Бааъзан менга спорт янгиликларини айтиб қолади, мен бу хабарни аллақачон билиб улгурганимга қарамай, уни ранжитмаслик мақсадида "Йўғ-эй, чинданми" деб қўяман. Отам ҳам футбол ҳақида мендан кам маълумотга эга эмас, ҳалигача алмисоқдан қолган, аммо унинг учун қадрдон бўлган ҳамда севимли клуби футболчиларининг имзоси ҳамда рамзи туширилган шарфини елкасига ташлаганча, стадионга бориб туради. Мен гоҳида, гоҳида ўртоқларим билан ўйинга тушаман.

Манчестерда ҳаёт шиддат билан, аммо ўзига хос тартибда кечади. Бу ерда ҳамма нарса футбол атрофида айланади десам, муболаға бўлмайди.

Эрталабдан одамларнинг қўлида газета, метро ва автобусларда футбол ҳақида баҳс-мунозаралар авжига чиқади. Ҳаттоки, итларни сайр қилдириб юрган қариялар ҳам кечаги ўйин ҳақида гаплашиб, бир-бирлари билан баҳслашишади. Кимдир "Сити"ни, кимдир "Юнайтед"ни мақтайди.

Пабларда эса ҳақиқий байрам бўлади! Мухлислар севимли жамоаларининг ўйинини катта экранларда томоша қилиб, пиво ичишади, қўшиқлар айтади, бақиришади, хуллас, футбол завқига берилишади. Баъзида бу "байрамлар" ёқимсиз жанжаллар билан якунланади, лекин бу ҳам футболга бўлган муҳаббатнинг бир кўриниши десам муболаға бўлмайди.

Бир куни дўстим билан "Этиҳад Стадиум" стадионига бордик. Стадион тури вақтида гид бизга қизиқарли воқеани сўзлаб берди: бир мухлис шунчалик футболга муккасидан кетганки, ўз тўйини стадионда ўтказибди! Келин эса тўй либоси ўрнига "Сити" либосини кийиб келибди!

Манчестерда футбол нафақат спорт, балки ҳаёт тарзи ҳамдир. Бу ерда футболсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Мен ҳам футболга шунчалик қизиқиб қолганманки, ҳар куни эрталаб уйғониб, биринчи навбатда футбол янгиликларини ўқийман...

Айтганча, Ҳусановнинг трансфери ҳақида гап-сўзлар бошлангач, "Манчестер Сити"нинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари унинг ҳаммюртларининг изоҳлари билан тўлиб-кетди. Мен ҳайратга ҳам тушдим: Хитой ва Ҳиндистонда аҳоли сони ниҳоятда кўп эканлигини эшитганман, менимча, Ҳусанов яшаётган юрт аҳолиси ҳам анча-мунча экан. Уларнинг изоҳларига тушунмайман, аммо мамлакатининг байроғи ва қўллаб-қувватловчи смайллардан Абдуқодирга омад тилаётганини англайман.

"Туманли Альбион"га хўш келибсан, Абдуқодир! Менимча, сен ҳам совуқни ёқтирмасанг керак, чунки юртингизда ҳаво ҳарорати пасайиши билан одамлар уйларида дам олиш ўрнига тирикчилик илинжида турнақатор навбатларга туришар экан. Бироқ сен Францияда яшадинг ва Европа об-ҳавосига мослашдинг деб ўйлайман.

Сен туфайли Ўзбекистон деган мамлакатга қизиқишим ошди, қачондир у ерга саёҳат қиламан деган умиддаман. Интернет орқали Ўзбекистоннинг тарихий масканлари ва маданияти ҳақида маълумотларга эга бўлиб, жуда ижобий таассуротлар олдим. Ўйлайманки, юртингда сен каби иқтидорли футболчилар етарлича.

Бир куни сен билан учрашаман ва мовий либосга битган дастхатингни қабул қиламан, деган умиддаман. Here we go!

P.S. Айтганча, "пахта қўйиш" нима дегани? Бу ерда кўпчилик унинг маъносини сўрашяпти. Журналистлар Ҳусановдан интервью олганда, бу ҳақда, албатта, сўрашса керак деб ўйлайман.

Оқил Абдубарноев тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусановга "Манчестер Сити" мухлисидан мактуб...