08:30 / 14.01.2025
19 909

Аббосбек Файзуллаев БААда тўп тепади

Аббосбек Файзуллаев БААда тўп тепади
Россия Премьер-лигасида юқори ўринлар учун курашишни мақсад қилган Москванинг ЦСКА клуби янги йилдаги дастлабки ўқув-машғулот йиғинини Бирлашган Араб Амирликларида ўтказади.

Сербиялик бош мураббий Марко Николич раҳбарларидаги мураббий штаби Абу-Даби шаҳридаги йиғинга катта таркибни жалб қилди.

ЦСКА расмий сайтида мавсумлар оралиғидаги машғулотларда қатнашадиган футболчиларнинг қуйидаги рўйхати эълон қилинди.

Дарвозабонлар:
Игорь Акинфеев, Владислав Тороп, Данила Боков, Николай Баровский.

Ҳимоячилар:
Мойзес, Виллиан Роша, Келлвен, Игорь Дивеев, Милан Гаич, Данил Круговой, Илья Агапов, Матвей Лукин, Михаил Рядно, Жамалутдин Абдулқодиров, Амирҳусайн Риванди.

Ярим ҳимоячилар:
Миралем Пьянич, Саша Зделар, Кристьян Бистрович, Максим Мухин, Иван Обляков, Рифат Жемалетдинов, Аббосбек Файзуллаев, Кирилл Глебов, Матвей Кисляк, Артём Бандикян, Иван Ананьев.

Ҳужумчилар:
Тамерлан Мусаев, Сауль Гуарирапа, Артём Шуманский, Секу Койта.

Ўтган йилни “Бухоро” клубида якунлаган эронлик легионер Амирҳусайн Риванди бу гал Аббосбек Файзуллаев билан бирга чемпионатнинг иккинчи қисмига тайёргарлик кўради. Ўтган мавсумда Ўзбекистон чемпионати Про-лигасида иштирок этган бухороликлар Ривандини 2024 йилнинг июлида ижарага олган эди.

20 ёшли футболчи Про-Лигада 9 та учрашувда иштирок этди ва маълум маънода ўйин тажрибасига эга бўлиб, маҳоратини оширди. Бироқ эронлик легионер “Бухоро”да самарали ҳаракатларни амалга ошира олгани йўқ.

Риванди Эроннинг “KIA” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. ЦСКА уни 2024 йилнинг февралида ижарага олган ва бир неча ой синаганидан кейин 100 минг евро эвазига трансфер қилган эди. Transfermarkt портали экспертлари “Бухоро” сафидаги ўйинларидан кейин истеъдодли футболчининг трансфер суммасини 150 минг еврогача кўтарди.

Аббосбек Файзуллаев етакчилигидаги ЦСКА футболчилари 23 январга қадар давом этадиган ўқув-машғулот йиғинида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади.

“Армиячилар” 19 январь куни Ўзбекистон Суперлигаси кумуш медаль совриндори ОКМК жамоаси билан куч синашади. Москваликлар биринчи йиғинни 23 январь куни Қозоғистоннинг “Ордабаси” жамоасига қарши бўладиган ўйин билан якунлаши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ёзида “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтган Аббосбек Файзуллаев жорий мавсумда барча турнирларда 23 та учрашувда иштирок этиб, учта гол ва олтита ассист муаллифи бўлди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт