23:48 / 17.01.2025
978

Абдуқодир Ҳусановнинг “Сити”га трансфери “ғалати” бўлди!

Абдуқодир Ҳусановнинг “Сити”га трансфери “ғалати” бўлди!
Абдуқодир Ҳусановнинг “Ланс”дан “Манчестер Сити”га ўтиши 2025 йилнинг энг шов-шувли трансфери сифатида эътироф этилмоқда. Айниқса, “шаҳарликлар” 20 ёшли ўзбек футболчиси учун жами 50 миллион евро миқдорида харажат қилишга кўнгани кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Англия матбуоти Ҳусановнинг трансферини таҳлил қила бошлади. Аксарият манбалар бу трансфер борасида ижобий фикр юритмоқда. Бироқ ҳали гранд клубларда тўп тепиш тажрибасига эга бўлмаган легионеримиз учун “Манчестер Сити”нинг катта харажат қилганини оқламаётган экспертлар ҳам бор.

Нуфузли манбалардан бири – footballinsider247.com сайти журналисти Бен Палмер молия бўйича таниқли эксперт Стефан Борсоннинг Абдуқодир Ҳусанов трансфери борасидаги таҳлилларини чоп этди.

- “Манчестер Сити” жорий мавсумда Премьер-лиганинг 21 та учрашувида ўз дарвозасидан 29 та тўп олиб чиқди. Ўтган йили “шаҳарликлар” бутун чемпионат давомида 34 та гол ўтказган эди холос.

“Сити” Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинчиси Абдуқодир Ҳусановни январь ойи учун асосий нишон сифатида белгилади ва BBC Sport нашри маълум қилишича, унинг трансферига 33,6 миллион фунт стерлинг сарфлади.

Ёш ўзбек ҳимоячиси жароҳатларга мойил бўлиб қолган Жон Стоунснинг ўрнини эгаллаши кутилмоқда. Бироқ молия соҳаси эксперти Стефан Борсон бу трансфер бўйича ўзига яраша хавотирли ҳолатлар борлигини таъкидлади.

Бу мутахассис Ҳусановнинг трансферида унинг яққол ажралиб турган жисмоний характеристикасидан ташқари, бошқа ҳар қандай жиҳат “ғалати” бўлгани ва бу трансфер ўзини оқлай олмаслик эҳтимоли борлигини билдирди.

Борсондан “Ланс” ҳимоячисининг трансфери нега уни хавотирга солаётганини сўрашганидан у “Бу футболчининг профессионал тажрибаси катта эмас, маданий қарашлар борасида мураккаб ўйинчи ва Гвардиола услубига мос эмас, бу тизимда йиллаб тайёрланган ўйинчилардан у қадар устун эмас”, деган мазмунда баҳо берди.

Ҳусанов жамоага таклиф қилинган ягона марказий ҳимоячи эмас. “Сити” мутасаддилари “Палмейрас”дан Витор Рейсни ҳам олди. Бу бежиз эмас, албатта.

“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола охирги пайтда унинг жамоаси ҳимоя чизиғида катта қийинчиликларга дуч келганини кўрди. Манчестерликлар Премьер-лиганинг охирги еттита учрашувидан фақат биттаси дарвоза дахлсизлигини сақлаб қола олди.

Жон Стоунз ва Рубен Диаш жароҳат олганида жамоа ҳимоячиларсиз қийналди, Кайл Уокер бошқа клубга кетишни маъқул топди ва шу боис “шаҳарликлар” ҳимоя чизиғи январда жиддий ўзгаришларга юз тутмоқда.

20 ёшли Ҳусанов “Ланс”да эндигина иккинчи мавсумини ўтказаётган эди. Шунга қарамай, у Франция клубида жами 31 та учрашувда иштирок этди ва шунинг ўзи “Сити” раҳбариятида ижобий таассурот қолдириши учун етарли бўлди.

Англиядаги ҳимоячиларга солиштирганда ўзбек футболчисининг жисмоний жиҳатдан айтарли устунлиги сезилмайди, бироқ у жуда тезкор ва ўйинни зўр “ўқий” олади. Унинг профилини “шаҳарликлар”нинг бошқа ҳимоячиси Натани Акега ўхшатиш мумкин.

Энди ҳаммани қизиқтираётган савол шундан иборатки, Абдуқодир “Манчестер Сити” сафига қўшилиши билан Хосеп Гвардиола унга дарров бошланғич таркибдан жой берадими ёки тажрибасини ошириш учун бошқа клубга жўнатадими? Буни тез орада билиб оламиз, - деб ёзди footballinsider247.com сайти журналисти Бен Палмер.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт