22:12 / 22.01.2025
423

Агент Абдуқодир Ҳусановнинг Англияга йўл олиши тарихи ҳақида (интервью)

Агент Абдуқодир Ҳусановнинг Англияга йўл олиши тарихи ҳақида (интервью)
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Абдуқодир Ҳусановнинг манфаатларини ифода этувчи футбол агенти Ғайрат Хасбиуллин «Спорт-Экспресс» учун берган интервюсида ўз мижози «Манчестер Сити»га ўтиши қандай рўй берганини айтиб берди.

«Ҳусанов Европада 23 ёшгача бўлган ҳимоячилар орасида топ-5’да бўлган»

— Абдуқодирнинг «Сити»га трансфери реаллашгани сиз ўзингиз қачон тушуниб етдингиз? Музокаралар қандай кечди?
— Биз ноябр ойи охирида «Сити»нинг футболчимизга қизиқиши жиддий эканини билдик. Декабр ойи бошида эса инглиз клуби эҳтимолий трансфер бўйича «Ланс» билан ҳам, биз билан ҳам мулоқот бошлади.

— Бошқа вариантлар ҳам бор эдими?
— Ўша вақтда АПЛдаги жамоаларнинг ярми Ҳусанов бўйича биз билан алоқага чиқди.

— Ярмими?
— Қайсидир паллада мен биз билан алоқага чиққан 12 та инглиз клубини санагандим.

— «Сити»нинг рақобатчиси қайси эди?
— «Нюкасл». Бу клуб охиригача пойгада қолди. Бу жуда яхши клуб, қизиқарли лойиҳа. Уларнинг келажаги катта. Ўйлайманки, «Нюкасл» яқин йилларда мунтазам равишда АПЛнинг кучли олтилигида бўлади. Аммо молиявий фейр-плей ва бошқа омиллар туфайли «Нюкасл» муайян таклиф бера олмади. Иш чўзилди. Бу вақтда эса «Сити» «Ланс»га ҳам, бизга ҳам босим ўтказиб, жавобимизни сўради. Якунда биз шу вариантни танладик. Келишувга эришилди.

— Ҳусанов Хосеп Гвардиоланинг эътиборини биринчи навбатда нимаси билан тортди?
— Менимча, бу саволни менга эмас, Пепнинг ўзига бериш тўғрироқ бўлса керак. У мен билан бундай фикрларини бўлишмайди (кулади). Аммо тушунишимча, Абдуқодир — ёш, жисмонан бақувват, яккакурашлардан қочмайдиган футболчи сифатида «Сити»ни ўзига қаратган. У ҳеч кимдан тап тортмайди. Пепга шундай ҳимоячи керак бўлган. Ҳусанов барча кўрсаткичларга кўра Европада 23 ёшгача бўлган ҳимоячиларнинг кучли бешлигига киради. Мен бундан ҳам кўпроғини айтаман. Биз билан алоқага чиққан клубларнинг барчасида Абдуқодир рўйхатнинг энг юқорисида турган. Иккинчи, учинчи эмас, балки айнан биринчи!

— «Сити»да ҳамми?
— Ҳа, «Сити»да ҳам у шорт-лист тепасида эди. «Нюкасл»дагилар эса шундай деганди: «Бизга фақат у керак — бошқа ҳеч ким»!

— ЦСКАдаги Аббос Файзуллаев яқинда Ҳусанов соатига 35 километр тезликда югура олишини айтганди. У ракетами?
— Ҳатто 35 эмас, соатига 37 километр тезлик. Ҳозир қайси ўйинда бўлганини эслай олмайман, у Франция чемпионатида япониялик бир ҳужумчидан айнан шундай тезликда югуриб ўзиб кетганди. Яккакурашларда ҳам у кучли, ҳеч кимдан қолишмайди. Унинг биринчи лига (Франция олий дивизиони) биринчи даврасидаги статистикасини қарашингиз мумкин. Барчаси яққол тушунарли бўлади.

— Ҳусановнинг карьераси ҳаддан ташқари тез кўтарилмадими? Ахир 2023 йилда ҳам у Беларус чемпионатидаги «Энергетик-БГУ» сафида тўп сурарди.
— Демак, унинг атрофидаги одамлар ва унинг ўзи карьерани ривожлантириш бўйича барчасини тўғри бажарган. Демак, биз хато қилмаганмиз.

«Сити» уни ижарага берадими? Унда нега 50 миллион тўлади?

— Жиддий рақобат туфайли «Сити» Абдуқодирни ижарага бериб юбориши мумкинлигини ҳам ўйлайсизми?
— Ҳа, рақобатни ҳеч ким инкор этмайди. Аммо менинг тушунишимча, Пеп жамоани қайтадан қуришга қарор қилган. Ва ҳозирда «Сити» энг яхши ёш марказий ҳимоячиларни харид қилмоқда. Абдуқодир ҳеч қачон асосий таркиб учун курашдан чўчимаган, у доимо қийин, оғриқли курашга киришган. Ва мен «Сити» уни кейин ижарага бериб юбориш учун 50 миллионга олди деб ўйламайман. Гвардиола уни ҳозирнинг ўзида таркибда кўришни истади. Акс ҳолда «Сити» уни сотиб олиб, клубида ижарада қолдириши мумкин эди. Инглизлар уни қишдаёқ олиб кетдими, демак, Гвардиола чиндан ҳам унга умид қилмоқда.

— Шунчаки, масалан, таниқли агент Дмитрий Селюк трансфер суммаси 40-50 миллион эмас, максимум — 20 миллион бўлган деб ҳисобламоқда.
— 40 миллион. Плюс 10 миллион бонуслар. Ўйлайманки, бу шундоқ ҳам барчага маълум, буни ҳаммаёқда эълон қилишди. Жами 50 бўлади.

— Ҳусановни «Энергетик- БГУ»да шуғуллантирган Павел Родненок ўзбек футболчиси «Сити»даги барча рақобатчиларини ямламай ютишини айтди. У руҳий жиҳатдан нақадар кучли?
— «Ланс» мураббийи Фрэнк Эс 19 ёшли футболчимизни кўрганида, у катталардек ўйнашини айтганди. Ҳусанов учун чиндан ҳам ҳеч қандай чегаралар йўқ, у юлдузларга қарши ўйнашга тайёр. Бу футболчи айнан ҳимояда ўйнаб роҳатланади. «Ланс»нинг ўйинларини кузатганмисиз, йўқми, билмайман, аммо мухлислар унинг яккакурашларидан завқ олишарди. Одатда барча голдан ҳайратга тушади, у ерда эса трибуналар унинг ҳимоядаги кураш олиб боришини олқишлашарди! Унинг ҳимоядаги ҳар бир муваффақиятли ҳаракати гулдурос қарсакларга уланарди.

— Родненок «Энергетик-БГУ»да Ҳусанов кунига тўрт мартадан машғулот ўтказганини айтди.
— Анатолий Иванович Юревич Абдуқодир учун махсус дастур ишлаб чиққанди. Дарвоқе, бир неча футболчиларимиз ушбу мураббий қўлидан ўтган. Биз унинг юкламалари қанчалик оғирлигини биламиз. Аммо, дош берганлар юқори даражада ўйнаб кетган. Абдуқодир Юревичнинг қўлига 16 ёшида борган ва бу уни пировардида ҳозиргидек жуда бақувват қилган омиллардан бири бўлган. Унинг отаси — Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнаган собиқ футболчи. У ўғлига футбол ҳақидаги тушунчаларни сингдирган. Отаси унинг бош танқидчиси ва маслаҳатгўйи.

— Шу билан бирга, айрим экспертлар «Сити»да Абдуқодирда ҳужумни бошлашдаги биринчи пас билан муаммолар бўлишини тахмин қилмоқда.
— Лекин биз агар дунёдаги энг яхшиси бўлмаса, энг яхшилардан бири бўлган мураббийга бордик! Гвардиола Абдуқодирга кўп нарсани ўргатиши, унинг камчиликларини тузатиши ва уни янада кучлироқ қилиши мумкин. Яъни биз оддий вариантга эмас, унинг ўйнаши кафолатланган ўртамиёна клубга эмас, балки жиддий мақсадлар қўйиладиган ва у албатта ўсишда, ривожланишда давом этадиган жойга бордик. Шунинг учун якунда «Манчестер Сити»ни танладик. Умид қиламизки, Пеп Абдуқодирни бир неча йил ичида Европанинг энг яхши ҳимоячисига айлантиради.

— Гвардиола биринчи мулоқотида Ҳусановга нималар деди?
— Мен ўша ерда эдим. Пеп Абдуқодирга шундай деди: «Мен сен имкон қадар тезроқ инглиз тилини ўрганишингни истайман, биз кўпроқ гаплаша олишимиз учун».

— Унинг инглизчаси унча яхши эмасми?
— Абдуқодир Францияда ўйнаётганди. Ҳозир у фаоллик билан инглизчани ўрганмоқда. Пеп унга яна шундай деди: «Ҳар куни камида бир соат шуғуллан, илтимос»! Ҳусанов умуман олганда машғулот жараёнидаги барча гапни тушунади, аммо Гвардиола учун нюанслар, деталлар жуда муҳим. Шунинг учун улар яқинроқ мулоқот қилишлари керак. Шундай экан, Абдуқодир ўз инглизчасини яхшилаши керак.

— Абдуқодир Беларусда ўйнаганида, сизларда Россиянинг топ клубларидан таклифлар бўлганми?
— Менинг шеригим Улуғбек Асанбаев бор. Биз бу футболчини биргаликда олиб юрибмиз. Унга РПЛдан чиққан бўлишлари мумкин. Мен эса эътиборимни фақат Европа йўналишига қаратгандим. Шунинг учун бу саволга жавоб беришим қийин. Қолаверса, мен амалга ошмаган ишни муҳокама қилишни ёқтирмайман. Фақат Туркиядан ҳам қизиқиш бўлганини айтишим мумкин. Аммо биз якунда «Манчестер Сити»га келдик, бу эса амалда босқичма-босқич тўғри ҳаракатланганимизни англатади.

— Ҳозирда ЦСКА спорт директорлигидан кетган Андрей Мовсесян армиячилар ўз вақтида Ҳусанов билан шартнома тузиши мумкин бўлгани, аммо уни «Ланс» олиб кетганини айтди.
— Бизда приоритетда доимо Европа чемпионати бўлган. Йигитча Беларусда ўйнаётганида, биз шеригим билан бу мавзуни кўп гаплашардик. У мендан Европа йўналишида ишлашимни сўраган. Биз айнан шу мақсадни кўзлагандик ва унга қараб бордик.

— Нега ўзбекистонлик ҳимоячи «Манчестер Сити» даражасигача ўса олди, россияликлар эса — йўқ?
— Россиялик футболчиларни муҳокама қилиш ҳуқуқим йўқ, бор эътиборим ўзимизнинг йигитларга қаратилган.

— Ҳусанов — феноменми?
— Бу тўғри тарбияланган, футбол таълимини кўрган, тўғри муҳитда бўлган жуда истеъдодли футболчи. Мен шундай тушунтирган бўлардим.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт