15:04 / 23.01.2025
365

Нодирбек Абдусатторов аламли мағлубиятларининг ўчини олди

Нодирбек Абдусатторов аламли мағлубиятларининг ўчини олди
Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Tata Steel Chess-2025” турниридаги ўтказилган 5-тур ўйинлари “Мастерc” гуруҳида ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири бўлган Нодирбек Абдусатторов учун ҳар жиҳатдан омадли кечди.

Ҳамюртимиз қора доналарда Нидерландия вакили Йорден ван Форестга қарши дона сурди.

Айтиш лозим, бундан икки йил муқаддам “Tata Steel Chess” ғолиблигига ярим қадам қолганда айнан Йорден ван Форест Нодирбек Абдусатторовни шоҳсупага чиқиш йўлагида тўхтатиб қолганди.

Ўшанда Абдусатторов 8 та дуранг, 4 та ғалаба, 2 та мағлубият ҳисобида 8 очко билан 2-ўринни эгаллаганди. 2023 йилги баҳсда Ван Форест билан 13-турда рўбарў келган Абдусатторов кутилмаганда мағлубиятни қабул қилиб, иккинчи поғона билан кифояланганди.

Аммо, 2024 йилги Вейк-ан-Зее турнирида шахматчимиз нидерландиялик рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаганди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Шиддатли кечган ўйин кутилганидек Нодирбекнинг устунлигида ўтди ва 47-юриш ҳолатида Йорден ван Форест ютқазганини тан олди. Бу эса Нодирбек Абдусатторовнинг 4 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, “Мастерс” гуруҳи етакчисига айланишини таъминлади.

Ортда қолган ушбу турда ғолибликка даъвогарлардан бири ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандха оқ доналарда ўйнаган Макс Вармердам билан дурангга эришиши уни 4 очко билан 2-ўринни эгаллашига олиб келди.

Классик шахмат бўйича 2024 йилги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу 5-турда оқ доналарда германиялик Винсент Кеймердан устун келиши уни 3,5 очко билан 3-ўринга кўтарилиб, ғолиблик йўлидаги имкониятларини янада оширди, дейиш мумкин. Гукеш Доммаражунинг мазкур турнирнинг 2024 йилги ғолиби сифатида қатнашаётгани ҳам иштирокчиларнинг эътиборидан четда эмаслигини таъкидлаш лозим.

Ушбу турда америкалик тажрибали шахматчи Фабиано Каруанани мағлуб этган словениялик Владимир Федосеев ҳам 3,5 очко жамғаришга муваффақ бўлган ҳолда 1-ўринга номзодлар рўйхатида қайд этилмоқда.

24 январь куни ўтадиган 6-тур ўйинлари ҳар жиҳатдан қизиқарли бўлиши оқ-қора қутбларда жойлашган шахматчилар номидан ҳам аён. Нодирбек Абдусатторов Гукеш Доммаражу билан кураш олиб борса, Владимир Федосеев қора доналарда сербиялик Алексей Сарана қаршилигини енгишга ҳаракат қилади. 2-поғонадан жой олган Рамешбабу Прагнанандха оқ доналарда хитойлик Вэй И билан кураш олиб боради.

“Tata Steel Chess-2025”нинг “Челленжер“ гуруҳида қатнашаётган Нодирбек Ёқуббоев 5-турда қора доналарда озарбайжонлик Айдин Сулейманли билан рўбарў келди. Мураккаб кечган учрашувнинг 71-юриш ҳолатида ҳамюртимиз муваффақиятга эришди.

Бу, бугун, 23 январь куни таваллуд айёмини нишонлаётган Ёқуббоевнинг очколари сонини 2,5 тага етказиб, 8-ўринга кўтарилишига шароит яратди.

Эртага бўладиган 6-турда Ёқуббоев оқ доналарда германиялик Фредерик Сване билан курашга киришади.

13 та турдан иборат “Tata Steel Chess-2025” турнири 2 февралгача давом этади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт