Ўзбекистон миллий терма жамоаси, “Нефтчи” ва “Рубин” клублари собиқ футболчиси Андрей Фёдоров бугунги кундаги энг ёрқин ўзбекистонлик ўйинчилар – Абдуқодир Ҳусанов ва Аббосбек Файзуллаев ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Абдуқодир Ҳусанов ҳақида
Ёш ўйинчиларга нисбатан Европа ва Россиядаги муносабат бир биридан фарқ қилади. Россиялик мураббийлар одатда таваккал қилишга қўрқишади ва асосий таркибга ёш футболчиларни кўп ҳам жалб қилишмайди, Европада эса, бу масала бошқача ҳал қилинади.
Хусусан, Абдуқодир Ҳусановни Ўзбекистонда ҳам, бошқа лигаларда ҳам кузатмаганман. Лекин мен унинг ўйинларини 2023 йили Тошкентда бўлган Осиё кубогида кўрдим. Бунинг учун Ўзбекистонга атайин борган эдим.
Ўшанда Россиянинг кўплаб мураббийлари менга қўнғироқ қилиб, Ҳусанов ҳақидаги фикрларимни сўрашган эди. Уларга у ҳақида етарли маълумотим йўқлигини айтдим. Шу боис, Ўзбекистонга бориб унинг ўйинини шахсан кўриб келишга қарор қилгандим.
Унга қизиқаётганлар “топ-5” лигалари вакиллари эди, дея олмайман, лекин Россия Премьер-лигаси мураббийлари ҳақиқатан ҳам у ҳақида сўрашган. Лекин Россиядан аниқ таклифлар бўлгани йўқ, Ҳусанов ва бошқа ўйинчилар ҳақида фикримни сўрашган холос.
Аббосбек Файзуллаев ҳақида
Абдуқодир Ҳусановдан кейин Европага Аббосбек Файзуллаевнинг йўл олиши масаласи футболчининг вакиллари ишига боғлиқ бўлади. Ўзбекистон чемпионатида Европага кетиши мумкин бўлган унинг тенгқурлари кўп.
Аббоснинг ўзига Испания чемпионати жуда мос тушади. Испанияда у порлайди.
Аслида ўзбек ўйинчиларига Европа клубларидан қизиқиш бўляпти, лекин муаммо шундаки, уларнинг агентлари ва вакиллари кўпинча Осиёда қолиш вариантини маъқул кўрмоқда.
Чунки молиявий имкониятлар нуқтаи назаридан Осиёда қолиш фойдалироқ.
Таъкидлаш жоизки, Абдуқодир Ҳусановнинг “Ланс”даги муваффақиятли фаолиятидан кейин “Манчестер Сити”га кўчиб ўтгани Европадаги футбол экспертлари, мураббийлари, скаутлари, мутахассислари эътиборини ўзбек футболига қаратди.
Элдор Шомуродов ва Абдуқодир Ҳусанов ўзбек футболи тарбияланувчилари ҳам Европанинг энг кучли лигаларида тўп тепа олишини исботлаб келмоқда. Хусусан, ёш авлод вакилларидан Муҳаммадали Ўринбоев ўтган йили Англиянинг “Брентфорд” жамоасида малака ошириб қайтган бўлса, Лазизбек Мирзаев 2024 йилнинг декабрь ойида Испаниянинг “Леганес” клуби билан шартнома имзолади ва ёшлар жамоасида маҳоратини чарҳлайдиган бўлди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар