16:26 / 01.02.2025
524

Элдор Шомуродов масаласи ҳал бўлди!

Элдор Шомуродов масаласи ҳал бўлди!
“Рома” раҳбарияти Элдор Шомуродов бўйича режаларини ўзгартирди. Клуб мутасаддилари қишки трансферлар вақтида ўзбек футболчиси хизматидан тўлиқ воз кечмоқчи эди.

29 ёшли марказий ҳужумчини қўлга киритиш учун “Кальяри”, “Эмполи” ва “Венеция” охиригача кураш олиб борди.

Айниқса, “Кальяри” клуби ўтган йили ўзбек футболчиси ёрдамида юқори дивизиондаги ўрнини сақлаб қолганини инобатга олиб, яна Элдорни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилди. Сардинияликлар Шомуродовнинг трансферини амалга ошириш учун Жанлука Лападуланинг кетишини кутди.

Ниҳоят, перулик футболчи “Специя”га ўтди, сардинияликлар “Рома” билан ҳал қилувчи музокарага киришишга тайёрлигини билдирди.

“Венеция” эса, Шомуродовни қўлга киритиш учун римликларнинг талабини қабул қилган ягона жамоа бўлди. Венецияликлар ўзбек футболчисини кейинчалик 3,5 миллион еврога сотиб олиш шарти билан ярим мавсумга ижарага олишга кўнди.

“Рома” бош мураббийи Клаудио Раньери таркибда Артём Довбик ва Элдор Шомуродовдан бошқа марказий ҳужумчи йўқлигини инобатга олиб, клуб хўжайинларидан ўзбек футболчисининг трансферини Европа лигасида “Айнтрахт” билан бўладиган ўйиндан кейин расмийлаштиришни сўради.

Ана шу учрашувда Шомуродовнинг келажагига ойдинлик киритилди. Элдор муҳим гол уриб, жамоасини кейинги босқичга чиқишини таъминлади, Клаудио Раньери бу даражадаги форвардга эҳтиёжи борлигини айтиб, унинг трансферини блоклади.

Нуфузли манба – Sky Sport нашри бу масала бўйича Рим клубининг якуний қарорини эълон қилди. Таниқли журналист Лука Маркетти Sky Sport вакилларига берган интервьюсида “Рома” Элдор Шомуродов номини трансфер қилинадиган ўйинчилар рўйхатидан чиқарганини маълум қилди.

- “Рома” Элдор Шомуродовни трансфер бозоридан чиқарди. Ўзбек ҳужумчисининг Европа лигасидаги голи клуб раҳбариятини унга бўлган ишончини қайта уйғотди ва унинг ўрнига бошқа ҳужумчи олишга ҳожат йўқлигини кўрсатди.

Шундай қилиб, Лападула билан хайрлашган “Кальяри” ҳам, трансфер мажбуриятини бўйнига олган “Венеция” ҳам Элдор Шомуродовдан қуруқ қолди, - деб ёзди tuttocagliari.net портали эксперти Жанкарло Корнаккиа.

Элдор Шомуродовнинг “Рома”да қолишини бошқа нуфузли манбалар ҳам тасдиқлади. Хусусан, “Рома” фаолиятини ёритишга ихтисослашган laroma24.it сайти бу борада қуйидагича хабар чиқарди.

- Яқингача Элдор Шомуродовнинг клубдан кетиши ҳақидаги хабарлар долзарб бўлиб турганига қарамай, ўзбек ҳужумчиси пойтахтда қоладиган бўлди. Бир неча манбаларнинг маълум қилишича, “Рома” мутасаддилари 29 ёшли форварднинг келажагини муҳокама қилган. Улар Элдор Шомуродовни таркибда олиб қолиш бўйича бир қарорга келди, - деб ёзди laroma24.it сайти.

Элдор Шомуродов энди бор эътиборини “Рома”га қаратади. Ўз навбатида, футбол экспертлари ва мухлислари “Удинезе” ва “Айнтрахт”га қарши учрашувлардаги ғалабага катта ҳисса қўшган футболчига Клаудио Раньери бундан буён кўпроқ ўйин амалиёти беришини кутмоқда.

Легионеримиз жорий мавсумда А Серия, Италия кубоги ва Европа лигаси доирасида 17 та учрашувда майдонга тушди ва жами 378 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Шунга қарамай, Элдор учта гол ва битта ассист муаллифи бўлди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт