Икки ҳафта давомида Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича анъанавий «Tata Steel Chess-2025» мусобақаси ўз якунига етди.
Кеча сўнгги 13-турда «Мастерс» гуруҳида 3-ўринни эгаллаб турган Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик Пентала Ҳарикришнага қарши баҳс олиб борди ва дуранг натижа билан кифояланди. Агар Нодирбек ушбу партияда ғалаба қозонганида, чемпионлик тай-брек учрашувларида ўйнаш имкониятини қўлга киритарди.
Бунга амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджунинг 13-турда оқ доналарда ўйнашига қарамай, ватандоши Аржун Эргаисига имкониятни бой бергани сабаб бўлди. Иккинчи ўриндаги Рамешбабу Прагнанандҳа ҳам сўнгги турда германиялик Винсент Кеймерга ютқазиб қўйди. Нодирбек Абдусатторов эса асосий рақиблари тақдим этган бу имкониятдан унумли фойдалана олмади.
Агар Абдусатторов ўз партиясида ғалаба қозонганида, уч гроссмейстер иштирокидаги тай-брек партияларига гувоҳ бўлар эдик. Саккиз яримтадан очко жамғарган Гукеш ва Рамешбабу ўртасидаги тай-брекда кутилмаганда Прагнанандҳа 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, «Tata Steel Chess-2025» чемпионига айланди. Гукеш иккинчи ўринни банд этган бўлса, Нодирбек Абдусатторов 8 очко билан совринли учинчи поғонани эгаллади.
"Челленжер" гуруҳида қатнашган Нодирбек Якуббоев (2659) мусобақанинг якуний қисмини кўтаринки руҳда ўтказди. У кетма-кет учта партияда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Агар мусобақа старти ҳам шундай бўлганида, Якуббоев турнирни аниқ совриндорлар сафида тугатарди. Нодирбек сўнгги 13-турда қора доналарда хитойлик аёл шахматчи Лу Миаойини мағлубиятга учратди. Якуббоев 8 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 4-ўринни эгаллади.
Чехиялик Ван Нгуен ва озарбайжонлик Айдин Сулейманли якунда 9,5 очкодан жамғаришди. Тай-брекда Нгуеннинг қўли баланд келиб, "Челленжер" гуруҳи чемпионига айланди. Якуббоевдан ярим очко кўп жамғарган нидерландиялик Эрвин Л'ами 8,5 очко билан кучли учликни якунлаб берди.
Манба: olamsport.com “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар