08:25 / 06.02.2025
292

"Милан" - "Рома": Муҳокамалар қаҳрамонига айланган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?

"Милан" - "Рома": Муҳокамалар қаҳрамонига айланган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
Италия кубогининг чорак финалида “Рома” жиддий ва кучли рақиб – “Милан”га тўқнаш келди. Дунёга машҳур “Жузеппе Меацца” аренаси мезбонлик қилган учрашув давомида мухлислар кескин ва муросасиз курашлар гувоҳи бўлди.

Учрашув 3:1 ҳисобида миланликлар ғалабаси билан якунланди. Ўйин қаҳрамони “Рома”дан “Милан”га юборилган Тэмми Абрахам бўлди. У биринчи бўлимнинг ўзида дубль қайд этиб, ғолиблик масаласини ҳал қилди.

Клаудио Раньери Элдор Шомуродовни бошланғич таркибда майдонга тушириб, танаффусда захирага олди. Легионеримиз ўрнига майдонга тушган Артём Довбик битта жавоб тўпини киритди.

“Милан” сафида дебютини нишонлаган Жоау Феликс гол уриб, ғолиблик масаласига нуқта қўйди.

“Рома” фаолиятини ёритаётган laroma24.it портали экспертлари пойтахтлик футболчиларнинг ҳаракатларини қуйидагича баҳолади:

СВИЛАР 5:
Иккинчи ўйинда иккинчи маротаба жуда қўпол хатога йўл қўймоқда. Унинг хатоси туфайли миланликлар ҳисобни очишга муваффақ бўлди ва ишни ғалабага етказди.

ЧЕЛИК 4,5:
Ҳимояда жуда қийналди. Унинг ҳаракатларидан қониқмаган Клаудио Раньери танаффусда алмаштириб юборди. Лекин бунгача рақиб икки тўп фарқи билан ҳисобда олдинга чиқиб олганди.

РЕНШ 5,5:
Челик ўрнига майдонга тушган Ренш тезкор футболчилар Хименес ва Леауга қарши анча тер тўкишга мажбур бўлди. Бир бўлим ўйнаган бўлса-да, чарчаб қолди.

ХУММЕЛЬС 4,5:
“Рома”нинг ҳимоя чизиғи “Милан” ҳужумларига дош беролмади. Тажрибали немис футболчисининг икки хатоси натижага таъсир қилди.

НДИКА 5:
Эван Ндика жуда кўп курашди, лекин шу билан бирга анча хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйди. Майдонда ундан ҳам бўш ўйнаган футболчилар борлиги туфайлигина мағлубиятга асосий сабабчи, дея олмаймиз.

САЛЕМАКЕРС 5:
Бельгиялик футболчи ўйинида ҳам жуда кўп хато ва камчиликлар кузатилди. Жамоадошлари керакли пайтда уни “тополмай” қолди.

ПАРЕДЕС 5:
Рақиб дарвозасига умуман хавф сола олмади. Биринчи бўлимдан кейин майдондан олингач, “Рома”нинг ўйинида тартиб кузатилди.

ПЕЛЛЕГРИНИ 5:
Паредес ўрнига майдонга тушган Пеллегрини қанот ҳужумчиси вазифасини бажарди. Рақиб ҳимоячиларига қийинчилик туғдирди.

КОНЕ 5,5:
Коне кейинги пайтда толиққан ва дам олишни истаётгандек ҳаракат қиляпти. Майдонда курашишга интиляпти, лекин бу гал ёлғизлик қилди.

ПИЗИЛЛИ 5:
Раньери алоҳида ишонч билдираётган бу футболчининг ҳам ўйини қовушмади. Николо майдон марказида жуда кўп хато қилди. Бир вазиятда унинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди.

АНЖЕЛИНО 6:
Ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам фаол ўйнашга ҳаракат қилди. Бироқ ўйин йўналишини ўзгартиришга бир ўзининг интилишлари камлик қилди.

ДИБАЛА 4,5:
Охирги иккита баҳсдаги ўйин қаҳрамонидан энг ёмон футболчига айланди. Аргентиналик юлдуз иккита вазиятни барбод қилди. Майдонда бефойда кезиб юрди холос.

ШОМУРОДОВ 5,5:
Учрашув бошланмасидан аввал Элдор Шомуродов “Рома”нинг ижтимоий тармоқларида муҳокамалар қаҳрамонига айланиб бўлганди. Ўзбек футболчиси ўзининг энг зўр ўйинини кўрсатди, деб бўлмайди. Лекин майдондаги бошқа жамоадошларига солиштирганда анча яхши таассурот қолдирди. Лекин ҳаракатлари гол уриш учун етарли бўлмади.

ДОВБИК 5,5:
Иккинчи бўлимда Элдор Шомуродов ўрнини эгаллаган украиналик футболчи ягона жавоб голини урди. Лекин қолган дақиқаларда “Милан” ҳимоячилари уни “еб” қўйди.

РАНЬЕРИ 4,5:
Клаудио Раньери танлаган бошланғич таркиб ишончни оқламади. Айниқса, Парадеснинг илк дақиқалардан майдонга тушириш хато бўлди. Айрим футболчилар яхши ўйнай олмаган бўлса-да, ўз вақтида алмаштирилмади. Танаффусда уч нафар ўйинчининг алиштирилиши бошланғич таркибни танлашда хатога йўл қўйилганининг исботидир.

Манба: sports.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт