![Шомуродов ҳақида мухлислар кутган хабар](/uploads/posts/2025-02/a14191efeb_nintchdbpict000371861388-e1512769308864.webp)
Италия А Сериясининг 24-турида “Рома” футболчилари сафарда “Венеция” билан куч синашади. Бу учрашув Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов учун алоҳида аҳамият касб этади.
Бунга ўзига яраша сабаблар бор. “Венеция” қишки трансферлар даврида ўзбек футболчисининг янги манзили сифатида белгиланган эди. Бу клуб 29 ёшли форвард ёрдамида юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолишга қарор қилганди.
“Венеция” раҳбарияти Элдор Шомуродовга мунтазам ўйин амалиётини кафолатлаган, “Рома”нинг трансфер бўйича қўйган барча талабларини қабул қилганди. Лекин сўнгги паллада “бўрилар” устози Клаудио Раньери ўзбек шогирди унга кераклигини айтиб, бу трансферни блоклади.
“Қари билганни пари билмас”, деганларидек ёши 70 дан ошган “оқсоқол мураббий” нима қилишни билади. Айни пайтда унинг ихтиёрида Элдор Шомуродовдан бошқа бирорта марказий ҳужумчи қолмади.
Италия матбуотининг бонг уришича, римликларнинг асосий тўпурари Артём Довбик “Венеция” билан бўладиган учрашувга тайёр эмас.
- “Рома” бош мураббийи Клаудио Раньери 9 февраль куни “Венеция”га қарши бўладиган учрашува ўзбек ҳужумчиси Элдор Шомуродовни бошланғич таркибда майдонга туширади. Чунки Артём Довбикни тиззасидаги муаммо безовта қилмоқда. Украиналик футболчи тендинит, яъни яллиғланишдан азият чекяпти ва ҳали тўлиқ тиклангани йўқ, - деб ёзди Corrieregiallorosso нашри.
Таъкидлаш лозимки, “Рома” раҳбарияти ҳужум чизиғидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида, ёзги трансферлар даврида 27 ёшли Артём Довбикни “Жирона”дан 30,5 миллион еврога трансфер қилган эди.
Аслида “Днепр” тарбияланувчиси бўлган Довбик ўтган мавсумда Испания чемпионатида тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиб, гранд клублар эътиборига тушган.
Бунгача, Артём ўз юртидан ташқари Молдова ҳамда Данияда ҳам бир неча клублар шарафини ҳимоя қилган эди.
Довбик “Рома”га келиши билан жамоанинг асосий тўпурарига айланди. Тажрибали ҳужумчи “бўрилар” сафида жами 31 та учрашувда иштирок этиб, 13 та гол ва учта ассист муаллифи бўлди.
Ёзда “Атланта Юнайтед” ва қишда “Венеция”га трансферлари бош мураббийлар томонидан бекор қилинган Элдор Шомуродов “Рома” сафида А Серия, Италия кубоги ва Европа Лигасида жами 19 маротаба майдонга тушиб, учта гол ва битта ассист муаллифи бўлди.
Қизиғи шундаки, Элдор Шомуродов “Венеция” билан бўладиган беллашувда илк дақиқалардан ўйнаса, шахсий рекордини ўрнатади. Чунки 29 ёшли форвардимиз 2021 йили “Рома”га келганидан буён ҳали бу жамоа сафида кетма-кет учта учрашувда бошланғич таркибда майдонга тушмаган.
“Венеция” ҳамда “Рома” ўртасидаги учрашув 9 февраль куни Тошкент вақти билан соат 16:30 да бошланиши белгиланган.
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар