08:06 / 10.02.2025
19 576

Жаҳон чемпиони Абдуқодир Ҳусановга қандай баҳо берди?

Жаҳон чемпиони Абдуқодир Ҳусановга қандай баҳо берди?
Абдуқодир Ҳусанов Англия кубоги тўртинчи босқичида “Лейтон Ориент” жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, “Манчестер Сити”даги биринчи, яъни тарихий голини урди.

20 ёшли марказий ҳимоячимизга манчестерлик мухлислар меҳри ва мураббийлар ишончини қозониш учун 45 дақиқа кифоя қилди.

Буюк Британиянинг нуфузли манбаларидан бири – manchestereveningnews.co.uk портали ўзбек футболчисининг мамлакат футболидаги дастлабки муваффақиятига бағишлаб мақола чоп этди.

- Абдуқодир Ҳусанов “Челси”га қарши илк ўйинида хато қилганига қарамай, Хосеп Гвардиола буни ўйинчининг ёшлигига йўйиб, уни ҳисобдан чиқармаган эди.

Аслида испаниялик мураббий Ҳусанов “Манчестер Сити”га келиши билан турли синов ва қийинчиликларга рўбарў бўлишини олдиндан билган. “Этихад”даги ҳаётини эндигина бошлаган, инглиз тилини яхши тушунмайдиган, ҳали етарли тажрибага эга бўлмаган ёш ўйинчи учун ҳаммаси силлиқ кетмаслиги табиий, албатта.

Абдуқодир “Челси”га қарши ўтган баҳснинг дастлабки дақиқаларини инобатга олмаганда, ўша учрашувдаёқ ўзини ўнглаб олган эди. Хосеп Гвардиолани таъсирлантирган жараён “Манчестер Сити”нинг тажрибали ўйинчиларидан бирортаси Ҳусановга танбеҳ бермагани, ҳаммаси уни қўллаб-қувватлашга киришгани, Фил Фоден машғулотларда ўзбек легионери билан алоҳида эътибор бериб ишлагани бўлди.

Европа Чемпионлар лигасида “Брюгге” ва Премьер-Лигада “Арсенал”га қарши ўйинларни захира ўриндиғидан кузатган Ҳусановга Англия кубогида “Лейтон Ориент” жамоасига қарши ўтказилган учрашувнинг иккинчи бўлимида ўзини кўрсатиш учун имкон берилди.

Ҳусанов тўп унга тегиб, рақиб дарвозаси бурчагидан жой олганида “Челси” билан ўйинда йўл қўйган хатолари юки елкасидан ағдарилганини ҳис қилди ва муштларини тугиб, ҳайқириб юборди. Ниҳоят, икки ҳафта давом этган маҳзунлик барҳам топди ва легионер фаолиятида янги ва яхши давр бошланди, - деб ёзди manchestereveningnews.co.uk портали журналисти Жое Брай.

Ушбу манба Абдуқодир Ҳусанов ҳақидаги мақола давомида 1998 йили Франция терма жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлган, “Арсенал”нинг энг зўр ҳимоячиларидан бири сифатида эътироф этилган Эммануэль Петининг ҳам фикрини келтирди.

- Абдуқодир жуда тезкор, бақувват йигит, яккакурашларда кучли. Ҳусанов ҳужумчиларнинг кушандасидир. Унинг асосий сифати – курашувчанлик, ҳаракатларни яхши ўқий олади, шунингдек катта тезлик. У майдонда ҳаммани ҳайратга солиши мумкин, - деди Ҳусановнинг Франциядаги ўйинларини ҳам бевосита кузатган Эммануэль Пети.

Дарҳақиқат, Абдуқодир Манчестерга кўчиб борганига бир неча кун бўлганига қарамай, икки нуфузли мусобақа – Премьер-лига ва Англия кубогида дебютини нишонлаб бўлди. Энди навбат, Европа Чемпионлар лигасига.

“Манчестер Сити”ни 11 ва 19 февраль кунлари Европа Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби “Реал”га қарши бўладиган иккита мураккаб учрашув кутиб турибди.

Бўлажак бу баҳсларда ҳам Абдуқодир Ҳусановни майдонда асосий қаҳрамонлардан бири сифатида кузатишни умид қилиб қоламиз...

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт