07:18 / 11.02.2025
8 786

Абдуқодир Ҳусанов армон бўлиб қолган экан...

Абдуқодир Ҳусанов армон бўлиб қолган экан...
“Манчестер Сити”даги фаолиятини бошлаб олган Абдуқодир Ҳусановнинг номи турли ахборотларда жуда кўп янграяпти.

Хусусан, Россия Премьер-лигаси дебютанти “Акрон” жамоасини бошқараётган Заур Тедеев matchtv.ru сайтига берган интервьюсида “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ва Ўзбекистон футболининг ютуқлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ушбу мутахассиснинг ўзбек футболига тегишли фикрларини ҳавола этади.

- Кўз олдимда ажойиб мисол – Анатолий Юревичнинг “Энергетик-БУ”да мукаммал марказий ҳимоячи – Абдуқодир Ҳусановни тайёрлай олгани гавдаланади.

Ҳозир бу йигит “Манчестер Сити”да ўйнаяпти. Айтишим керакки, “Алания”ни бошқарганимда Ҳусановни бу жамоага олмоқчи бўлганман.

Абдуқодирни анча олдин кўрганимда, мана шу ўйинчи менга керак бўлади, деган фикрга келгандим. Бўлажак Виржил ван Дейк етишиб чиқяпти, деганим сал хато бўлган экан.

“Акрон”га келганимда эса, Ҳусанов “Ланс”га ўтиб бўлганди. У ердан бу ҳимоячини олиш шунчаки имконсиз иш эди...

Ҳозир Ўзбекистонда тарбияланаётган ўйинчилар даражасини Россияда ҳам кўришни истардим. Россияда ҳам 20 ёш атрофида жуда кучли марказий ҳимоячилар бўлишини хоҳлайман. Бизга айнан мана шу нарса етишмаяпти, деб ўйлайман.

Агар бу масалага жиддий эътибор қаратадиган бўлсак, бизда ҳам ана шундай юқори даражадаги футболчилар пайдо бўлади, - деди Заур Тедеев.

Таъкидлаш жоизки, Абдуқодир Ҳусанов жорий йилнинг 20 январь куни “Манчестер Сити” футболчисига айланганидан кейин Россия футбол жамоатчилиги миллий футболдаги агентлар, селекционерлар, спорт директорлари ва ўйинчиларни танлашга масъул мутахассисларни ўзбек футболчисидек ёрқин истеъдодларни ўз вақтида пайқай олмаганини маломат қилишди.

Хусусан, Абдуқодир Ҳусанов футбол сир-асрорларини “Бунёдкор”да ўрганганидан кейин Беларусга йўл олган. Ҳамюртимиз 18 ёшга тўлгунича “Энергетик-БГУ” машғулотларида шунчаки қатнашиб юрган.

“Энергетик-БГУ” билан илк профессионал шартномасини 2022 йили тузган футболчи бир йилдан кейин Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “Ланс”га ўтиб кетди.

Франциядаги бир ярим йиллик фаолияти давомида Европанинг энг кучли ҳимоячиларидан бирига айланган 20 ёшли легионеримизни олиш учун “Манчестер Сити” бонуслар билан жами 50 миллион евро харажат қилишга кўнгани ҳақиқий шов-шув бўлди.

Ҳозир Заур Тедеев қўл остида бошқа ўзбек футболчиси – Шерзод Эсанов тўп тепмоқда. 21 ёшли марказий ярим ҳимоячимиз ўтган йили ёзда “Андижон”дан “Акрон”га кўчиб ўтди.

Шерзод Тольятти шаҳри жамоаси сафида Россия Премьер-лигасида ва мамлакат кубогида олти маротабадан, жами 12 та учрашувда майдонга тушди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов армон бўлиб қолган экан...