![“Манчестер Сити” нега бу даражада улкан таваккалга қўл урганига жавоб топилди](/uploads/posts/2025-02/5048c03646_bavvpf6g0alrncvs258sphwshpcxs1o0obxbleleosk3-6s-cb7lw-f1ahu9duzoadbuyscjncfnmu76a2vo5vlvogmlxmrtlzqesqtl0ttsbxbgw4ihlan8lryjv0q1ooycse8jn9qd1ko1.webp)
Абдуқодир Ҳусановнинг профессионал фаолиятини бошлаганидан икки ярим йил ўтиб, “Манчестер Сити”да ўйнаш даражасига етгани жаҳон футбол жамоатчилиги томонидан жуда кўп муҳокама қилиноқда.
Дарҳақиқат, 20 ёшли ҳимоячининг “Ланс”дан Англиянинг амалдаги чемпиони сафига қўшилгани, “шаҳарликлар” Премьер-лигасига келган биринчи ўзбек футболчиси учун жами 50 миллион евро харажат қилишга кўнгани анча шов-шув бўлди.
“Челси”га қарши кечган дебют ўйинидаги нохуш ҳолатлардан кейин Абдуқодирнинг тезда ўзини ўнглаб олгани, Англия кубоги доирасидаги учрашувда “Лейтон Ориент” дарвозасига гол уриб, жамоаси ўйинида бурилиш ясашни уддалагани ва амалда Хосеп Гвардиолани шармандали ҳолатдан олиб чиққани ҳали мухлису мутахассислар тилидан тушгани йўқ.
Буюк Британия футболининг тажрибали ва обрўли экспертларидан Стивен МакИнерни Абдуқодир Ҳусанов трансферига муносабат билдириб, ўзбек футболчисининг салоҳиятига юқори баҳо берди.
- Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” сафидаги иккинчи ўйинидаёқ ҳар қандай ҳолатда ҳам тез тиклана олиш қобилиятини намойиш қилди. Бу футболчи жуда тезкор ва уни тезлик олган юк поездига қиёсласак бўлади.
У жисмонан яхши ривожланган ва жуда кучли. Тўпни олиб қўйишга уста эканини, яккакурашларда енгилмаслигини ва зўр ҳаракат қилишини ҳам кўрдик.
Унинг ўйинига қараб, “Манчестер Сити” жуда бой тажрибага эга бўлмаса-да, айнан мана шу футболчини трансфер қилганини тушуниш мумкин. Ҳусанов “шаҳарликлар”га арзонга тушгани йўқ, манчестерликлар анча катта пул сарфлашига тўғри келди. Бироқ ҳозирнинг ўзида “Манчестер Сити” нега бу даражада улкан таваккалга қўл урганига жавоб топилди.
Ҳусановнинг таланти ёққол кўзга ташланмоқда. Хотиржам, чаққон, бақувват ва ҳимояланишни яхши биладиган ўйинчи экан.
Агар у ўсишда давом этса, уч-тўрт йилдан кейин лигамизда ўзига хос ўйинчи пайдо бўлади. Бу футболчи Премьер-лигада узоқ ўйнайди. Ҳусанов спорт формасининг чўққисига чиқиши учун 23 ёшигача муҳлат беринг.
Ҳали инглиз тилини ўрганиб олса, жамоа ҳимоясини маҳорат билан бошқара бошлайди ва шундан сўнг “Манчестер Сити”даги асосий фигуралардан бирига айланади, - деди Стивен МакИнерни.
Таъкидлаш жоизки, Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилнинг 20 январь куни “Манчестер Сити” футболчисига айланди. Ҳимоячимиз янги жамоаси билан тўрт ярим йиллик битим тузди. Томонлар ўзаро келишувга кўра, ҳамкорликни яна бир йилга узайтириши мумкин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар