![Рўзиқул Бердиев жамоасининг тайёргарлиги ва янги футболчилар ҳақида нималар деди?](/uploads/posts/2025-02/a8aa674e1d_d0b1d0b5d180d0b4d0b8d0b5d0b217.webp)
Ўзбекистоонинг амалдаги чемпиони – “Насаф” кеча Анталияда Россия премьер-лигаси вакили “Факел”га қарши назорат учрашувида майдонга тушди. Кескин тарзда ўтган ўйин 0:0 ҳисобида якун топгани борасида сайтимиз орқали маълумот бериб ўтдик. Учрашув якунланганидан сўнг “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев интервью берди.
- “Факел”га қарши ўйин орқали ўзингиз кўзлаган нарсани олдингизми ёки нимадандир кўнглингиз тўлмадими?
- Ҳозирча тўлиқ қониқиш ҳосил қилмайсиз. Чунки ўйинни сифати биз кутган даражада бўлмайди. Боиси, ҳали йиғинлар давом этяпти. Кучли юкламалар бериляпти. Шу боис оғирроқ ҳаракат қилишяпти. Шунга қарамасдан, ўйинни ташкилий жиҳатларига эътибор қаратиб, ўз учрашувларимизни ўтказиб боряпмиз. Ўйлайманки, ўйинлар орқали йигитлар керакли спорт формасига тушиб оладилар.
- Жамоага собиқ футболчиларни қайтардингиз ва янги ўйинчилар ҳам пайдо бўлди. Янги йигитларни мослашуви қандай бўлмоқда? Масалан, Рубин Хебай фонида нима деган бўлардингиз?
- Албатта, Хебай ҳақида айтмоқчиман, у бир йил давомида барқарор ўйнамади. Саудия Арабистонига борганда ҳам, Тунисда ҳам шундай бўлди. Шу сабабли ҳолати биз кутган даражада эмас. Лекин машғулотларда яхши ишлаяпти. Ўйлайманки, Рубин яхши ҳолатга тушиб олади. Хусайн Норчаев ҳақида ҳам шуни айтишим мумкин, жароҳатлардан кейин ва кам машғулотларга қатнашгани боис ҳозирча оптимал формасида эмас. Умид қиламанки, чемпионатимизгача ҳаммаси ўз ҳолатига келади.
- Драган Черан қандай ҳолатда?
- Драган биз учун бегона эмас. “Насаф” ҳам унинг учун бегона эмас. Уни йигитлар қабул қилишди, десак ҳам нотўғри бўлади. Черан “Насаф”чи. Биз албатта Драганнинг ҳам тажрибасига суянамиз. Майдонда салоҳияти ва қаердадир мураббийларга ёрдами керак бўлади.
- Бобир Абдуҳолиқовни “Насаф”да қолади, деб ўйлагандик. Кетишига реакциянгиз қандай бўлди? Аслида нима бўлди?
- Бобирни ўтган йилги натижаси клуб раҳбариятини унчалик қониқтирмади. Уни талаблари юқори бўлгани учун биз имконият қилиб бера олмадик. Абдуҳолиқовни олиб қолиш учун биз ўтган йилгидан камроқ таклиф бергандик. Бироқ бизга айтиши бўйича четдан таклифлар бор деганди. Лекин эшитишимча, “Нефтчи” машғулотларига қўшилибди. Сизлар орқали Бобирга ҳам ва яна бошқа бизни тарк этган футболчиларга ҳам миннатдорчилигимизни билдирамиз. Йигитлар ўтган йили ўз мақсадимизга эришишимизда ёрдамларини кўрсатдилар.
- Янги мавсум бошланиш арафасида. “Насаф”ни яна жиддий мақсадлар кутмоқда. Қолаверса, лигада энди 16 та клуб иштирок этади. Янги режалар қандай?
- Режамиз улкан. Олдимизга албатта мақсад қўямиз. Таркибимизни деярли сақлаб қолдик ва керакли футболчиларни олишимиз учун раҳбарият имконият қилиб берди. Мақсадимиз жиддий бўлади. Чемпионатимиздаги барқарорликни тезроқ қайтариб олишимиз керак. Ҳар бир ўйинда максимал ҳаракат қилишимиз лозим. Олдимиздаги вазифалар юқори ва бунинг учун албатта курашамиз. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар