14:02 / 16.02.2025
15 138

Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити»даги илк 90 дақиқани қандай ўтказди?

Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити»даги илк 90 дақиқани қандай ўтказди?
Абдуқодир Ҳусанов АПЛ 25-турида «Манчестер Сити» таркибида илк бор тўлиқ ўйин давомида ҳаракат қилиб, ёқимли сериясини давом эттирди – Гвардиола ўзбек ҳимоячисини майдонга туширган ўйинларда ғалаба қозонмоқда. Пеп «Нюкасл» устидан йирик ғалабадан кейин Абдуқодирни эътироф этди. Олдинда эса иккита муҳим тўқнашувлар – Мадридда «Реал»га қарши жавоб ўйини ва «Ливерпул» билан ўйин кутиб турибди.

Фото: Getty images
Аканжининг ўрни тўлдирилди

«Манчестер Сити» устози Пеп Гвардиола Чемпионлар лигаси плей-офф ўтиш баҳси доирасидаги дастлабки учрашувда «Реал»га қарши омадсизликка учрагач, «Нюкасл» билан баҳсда айнан ҳимояда ротацияга қўл уриши кутилганди. Шундай ҳам бўлди – Диаш ва Аке ҳимоя тандеми ўрнига Ҳусанов – Стоунз жуфтлиги танланди. Пеп узоқ муддатга сафдан чиққан Мануэл Аканжи ўрнига Абдуқодирга ишонч билдиргач, 20 ёшли ҳимоячи АПЛнинг энг жанговар жамоаларидан бири саналмиш «Нюкасл»га қарши муносиб ўйин кўрсата олди. Омар Мармушнинг ҳет-трики эвазига эришилган йирик ғалабада «Сити» ҳимоя қўрғонининг АПЛ тўпурарларидан бири Александр Исакни тўхтатиб қолиш уддасидан чиққани ҳам эътирофга лойиқ. Ҳар ҳолда «Сити» ҳимояси Ҳусанов майдонда бўлмаган сўнгги 3та ўйинда (Арсенал – 1:5, Лейтон – 2:1, Реал – 2:3) жами 9та гол ўтказиб юборганди.

Ижтимоий тармоқларда Исакнинг «Ливерпул» билан ўйинда (3:3) гол ургани ва Ван Дейкга қарши тўқнашувда 8,1 балл, «Арсенал»га қарши ўйинда (0:2) ҳам ўз ҳисобига гол ёзиб, Салиба билан тўқнашувда 8,7 баҳога муносиб кўрилиб, Ҳусановга қарши ўйинда эса анча паст – 6,2 баҳога лойиқ кўрилгани турли мемларга сабаб бўлмоқда.

Яна бир эътиборли статистика – Абдуқодир «Нюкасл»га қарши баҳсда майдондаги ўйинчилар орасида энг кўп олдинга узатма берган ўйинчига айланган.

Ҳусанов – «Сити»нинг ғалаба сари илк қадами

Ҳа, ўзбекистонлик 20 ёшли ҳимоячи секин-аста «Манчестер Сити»нинг ғалаба туморига айланмоқда. Буни статистика ҳам айтиб турибди – Пеп Гвардиола Абдуқодирни майдонга туширган сўнгги учта ўйинда «Сити» жами 9та гол урган ва 2та тўп ўтказиб юборган. «Челси» 3:1 ҳисобида мағлуб этилган дебют ўйинда ҳамюртимиз лондонликларнинг голига сабаб бўлганди. Ўшандан кейин у кубокда «Лейтон Ориентс»га қарши янги жамоасидаги илк голига муаллифлик қилган бўлса, шанба куни «Нюкасл» йирик ҳисобда мағлуб этилди. Ҳусанов майдонга туширилмаган «Арсенал» ва «Реал»га қарши ўйинда эса аксинча, жамоа мағлуб бўлиб, ўз дарвозасидан жами 8та гол ўтказиб юборди. Шундай экан, Ҳусановнинг таркибда бўлиши – «шаҳарликлар»нинг ғалаба томон илк қадамига айланмоқда.

Фото: Getty images
Ҳусанов Ҳоланд, Фоден ва Гундўғанни ортда қолдирди

Ўзбекистонлик 20 ёшли ҳимоячининг «Нюкасл»га қарши 90 дақиқа давомидаги ҳаракатларини инглиз ОАВлари ҳам эътироф этган.

Хусусан, Британиянинг энг нуфузли телеканалларидан бири саналмиш BBC журналистлари Абдуқодир Ҳусановнинг тўлиқ ўтказган илк ўйинини 7,44 баллга баҳолаган.

Таққослашингиз учун, миллий жамоага аъзо ҳимоячи ушбу ўйинда Фил Фоден (7,38 балл), Илкай Гундўған (7,30), Эрлинг Ҳоланд (7,21) сингари юлдузларни бу борада ортда қолдиришга эришди.

«Ман Сити» ўйинчиларга «Нюкасл»га қарши ўйинда қўйилган баллар (BBC талқини):

Гвардиоладан мақтов

«Манчестер Сити» устози «Нюкасл» билан ўйиндан кейин ўзбекистонлик ҳимоячини эътироф этди.

«Бугунги учрашувнинг суръати ва ҳаракатларимиздан мамнунман. Нико Гонсалес ва Абдуқодир Ҳусанов ажойиб даражада ўйин кўрсатишди. Олдинда «Реал»га қарши биз учун муҳим бўлган жавоб баҳси бор. Мухлисларимиз уйига хурсанд қайтиши учун барча ишни қилишимиз керак.

Янги ўйинчиларнинг бизга нафи тегадиган жиҳатлари кўп. Ҳусановда тезлик ва шижоат мужассам. Айнан шунинг учун уни сотиб олганмиз. У жуда тез, ёш ва ўзига нисбатан ишончи юқори. Дадил ва агрессив ўйини билан ажралиб туради. Яккакурашлардан қўрқмайди, ютқазган тақдирда ҳам дарҳол ёрдамга қайтади. У жуда яхши мослашмоқда», - дейди испаниялик мураббий Ҳусановни мақтаб.

Фото: Getty images
Навбат – «Реал» ва «Ливерпул»га қарши ўйинларга

«Манчестер Сити»ни кейинги баҳсда мавсумдаги энг муҳим ўйини кутиб турибди. Пеп Гвардиола Премьер-лига чемпионлигини ўзида сақлаб қолишдан деярли умид узгандир, аммо Чемпионлар лигасидаги юришдан ҳамон умидвор. Мадридда «Реал»га қарши ўтадиган плей-офф ўтиш жавоб учрашувида «Сити» бор куч ва имкониятини ишга солиши аниқ. Чунки биринчи баҳсдан кейин жамоанинг бу ўйинда йўқотадиган нарсаси қолмаган ва Пеп шогирдларини фақат ғалаба учун руҳлантиради. Чоршанба оқшомидаги «жанг»дан кейин якшанба куни «Сити»ни пешқадам «Ливерпул» билан ўйин кутади. «Шаҳарликлар» учун мавсумнинг бурилиш нуқтасига айланиши мумкин бўлган янги ҳафтадаги финал олди финалларда Ҳусанов майдонга тушишга муносиб эканини кўрсатди. Шундай экан, Абдуқодирни 3 кундан кейин «Сантяго Бернабеу»да майдонга чиқишини кутишга ҳақлимиз.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт