16:28 / 20.02.2025
17 689

“Реал”нинг голларида Абдуқодир Ҳусановнинг айби борми?

“Реал”нинг голларида Абдуқодир Ҳусановнинг айби борми?
Янги форматда ўтказилаётган Европа Чемпионлар лигаси доирасидаги энг зўр тўқнашувлардан бири мусобақанинг амалдаги ғолиби “Реал” ва Англия чемпиони “Манчестер Сити” ўртасида бўлди.

Бу икки гигантнинг ўзаро рақобатида мадридликлар биринчи учрашувда Хосеп Гвардиола шогирдларини Манчестерда 3:2 ҳисобида енгиб қайтганди.

Кейинги босқич масаласи Мадриддаги жавоб ўйинида узил-кесил ҳал бўлди. “Сантьяго Бернабеу” аренаси мезбонлик қилган беллашувда манчестерликлар кутилган ўйинни намойиш қила олмади. Карло Анчелотти шогирдлари ўз қудратини йўқотган “Манчестер Сити”ни яна уч бор жазолади.

Килиан Мбаппенинг ўзи хет-трик қайд этиб, жамоасини кейинги босқичга олиб чиқди. Нико Гонсалеснинг ўйин якунланиши арафасидаги биргина голи ҳеч нарсани ўзгартиргани йўқ.

Биз учун аҳамиятлиси, Абдуқодир Ҳусанов ўз фаолияти давомида илк бор Европа Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида иштирок этди. Умид қиламизки, бу охиргиси эмас, Абдуқодир қитъанинг энг нуфузли мусобақасида ҳали кўп бор майдонга тушади.

Ушбу беллашувдан кейин дунёнинг турли мамлакатларидаги мутахассислар, экспертлар, умуман футбол жамоатчилиги ҳар икки жамоа ва ўйинчиларнинг ҳаракатларини муҳокама қилмоқда. Хусусан, “Манчестер Сити” асосий таркибига кириб бораётган Абдуқодир Ҳусанов ҳам бундан четда қолаётгани йўқ.

Ўзбек футболида чуқур из қолдирган собиқ ҳужумчи Жаъфар Ирисметов 20 ёшли ҳимоячимизнинг ўйинига қуйидагича баҳо берди.

- Абдуқодир Ҳусанов “Реал”га қарши муносиб ўйин кўрсатди. У қўпол хатога йўл қўйди, деёлмаймиз. Шунчаки, “Манчестер Сити” ўйинида умумий пасайиш кузатилмоқда.

Ҳусанов Килиан Мбаппе гол урган вазиятларда уни тўхтатиб қолиши мумкинмиди? Албатта, мумкин эди, лекин голларнинг ҳеч бирида Абдуқодирнинг тўғридан тўғри айби йўқ.

Ҳусанов ўз даражасида ўйнади ва секин-аста асосий таркибдан жой олиб бормоқда. Умуман олганда эса, “Манчестер Сити” жамоавий ёмон ҳимояланди, Ҳусанов ўз даражасида тўп тепди, дейишимиз мумкин, - деди Жаъфар Ирисметов.

“Манчестер Сити” қишки трансферлар даврида тўрт футболчи учун 200 миллион евродан ортиқ пул сарфлади. Хусусан, “шаҳарликлар” Абдуқодир Ҳусановни олиш учун Франциянинг “Ланс” клубига 40 миллион евро бадал пули тўлади ва яна 10 миллион евро миқдорида бонус ажратади.

20 январь куни Манчестерга кўчиб ўтган Абдуқодир Ҳусанов ҳозиргача Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида жами тўртта учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйди.

Ҳусанов ўзи ўйнаган тўрт учрашувдан учтасида бошланғич таркибда майдонга тушди. Энди “Манчестер Сити” олдинда яна бир жиддий тўқнашув кутиб турибди. Хосеп Гвардиола шогирдлари 23 февраль куни ўз майдонида Англия чемпионати пешқадами “Ливерпуль”ни қабул қилади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт