11:08 / 23.02.2025
4 088

Хосеп Гвардиола кетса, Абдуқодир Ҳусановга ким устозлик қилади?

Хосеп Гвардиола кетса, Абдуқодир Ҳусановга ким устозлик қилади?
Жаҳон матбуотида “Манчестер Сити”ни 2015 йилдан бери муваффақиятли бошқариб келаётган Хосеп Гвардиола жорий мавсумдаги муаммолардан кейин ёзда клубни тарк этиши ҳақида маълумотлар тарқала бошлади.

Хусусан, Footmercato нашри журналисти Хосеп Педрероль Хосеп Гвардиола аслида жамоани ўтган йили ёзда тарк этмоқчи бўлгани, у Англия терма жамоаси бош мураббийлигини кўзлагани ҳақида ёзди.

Бироқ Англия футбол ассоциацияси мамлакат бош жамоасини германиялик тажрибали мутахассис Томас Тухелга топширишга қарор қилди.

Гвардиола ўша пайтда аниқ таклифларга эга бўлмагани учун энг қулай вариант – “Манчестер Сити”да қолишни маъқул топди ва амалдаги шартномасини яна бир йил муддатга узайтирди. Янги битимга кўра, испаниялик мутахассис “шаҳарликлар”ни 2027 йилнинг ёзигача бошқаришга кўнган.

Шунга қарамай, Хосеп Гвардиола “Манчестер Сити”даги фаолиятини якунлаш фикридан қайтгани йўқлиги маълум бўлмоқда. У жорий мавсум якунланганидан кейин жамоа билан хайрлашишга тайёргарлик кўряпти экан.

Яна бир нуфузли манба – El Nacional экспертлари “Манчестер Сити” хўжайинлари жамоа Европа Чемпионлар лигаси плей-офф ўтиш ўйинларининг иккаласида ҳам “Реал”га бас келолмаганидан кейин бош мураббийни янгилаш масаласини кўтара бошлаганини таъкидламоқда.

Манбага кўра, янги бош мураббий тайинлаш айни пайтда клубдаги энг кўп ҳамда кенг муҳокама қилинаётган асосий ва долзарб масалага айланди.

“Манчестер Сити” раҳбарияти Хосеп Гвардиола ўрнини ҳозирча фақат бир мураббий – “Байер”да жиддий ва ижобий ўзгаришларни ясай олган Хаби Алонсо боса олади, деган фикрни илгари сурмоқда.

Хаби Алонсо қўл остида “Байер” ўтган мавсум “Бавария” гегемонлигини синдириб, ўз тархида илк бор Германия чемпиони бўлди, мамлакат кубогини қўлга киритди.

Бундан ташқари, клуб хўжайинларига Хаби Алонсо қўллаётган ҳужумкор ўйин услуби жуда маъқул келмоқда.

Очиғини айтганда, “Манчестер Сити”га Хаби Алонсони олиб келиш осон бўлмайди. Чунки бу мутахассисни “Реал” ҳам кутмоқда. Мадридликлар анчадан бери Карло Анчелотти эгаллаб турган мураббийлик курсисини айнан Хаби Алонсога топширмоқчи.

Европа матбуоти ҳам испаниялик мутахассис “Реал”ни бошқаришга мойиллиги ҳақида кўп бора маълумот тарқатди. Ҳатто, Хаби Алонсо ўтган йили бошқа клублар уни безовта қилмаслиги учун Леверкузен жамоаси билан ҳамкорликнинг якунланиш муддатини Анчелоттининг мадридликлар берган шартномаси тугайдиган сана – 2026 йилнинг ёзигача узайтиргани айтилмоқда.

Хуллас, 20 январь куни “Манчестер Сити” футболчисига айланган Абдуқодир Ҳусановнинг Хосеп Гвардиола қўл остидаги фаолияти ярим мавсум билан чекланиши мумкин.

Бироқ шуни айтиш жоизки, манчестерликлар олишни мўлжаллаётган Хаби Алонсо ҳам Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”да ўйнаб юрган пайтда унга эътибор қаратган. “Байер” Бундеслига клублари орасида 20 ёшли легионеримизга жиддий қизиқиш билдирган биринчи жамоа эди...

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт