
Европа Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида “Реал”га ва Англия Премьер-лигасида “Ливерпуль”га қарши ўтказилган сўнгги учрашувлар “Манчестер Сити”нинг ҳозирги таркиби юқори мақсадлар ва нуфузли совринларга даъвогарлик қилиш учун талабга жавоб бермаслигини кўрсатиб қўйди.
Бир неча йиллар давомида Хосеп Гвардиола жамоаси гегемонлигини таъминлаб келган таркиб эскириб қолди, юлдуз ўйинчиларнинг аксариятини ёши ўтиб бормоқда, улардаги иштиёқ ва курашувчанлик пасайди. Айниқса, мавсумнинг биринчи қисмидаги инқироз жамоада жиддий ўзгаришлар даври келганини кўрсатди.
Ана шу мақсадда, клуб раҳбарияти январь ойидан кескин ўзгаришларга қўл урди. Янги лойиҳани амалга ошириш учун биринчи номзодлар – “Ланс”дан Абдуқодир Ҳусанов, “Палмейрас”дан Витор Рейс, “Антрахт”дан Умар Мармуш ва “Порту”дан Ник Гонсалес олиб келинди. Хосеп Гвардиола бу ўйинчилар келиши билан уларга мослашиш учун вақт ҳам бергани йўқ, Ҳусанов, Мармуш ва Гонсалесни дарров жангга ташлашга қарор қилди.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги учрашувлар статистикаси ва экспертлар томонидан тақдим этилаётган таҳлиллар айнан мана шу янги ижрочилар эски таркиб вакилларига қараганда дадил ва шиддатли ўйин намойиш қилаётганини кўрсатмоқда.
Клуб мутасаддилари бу лойиҳа етакчиси сифатида Эрлинг Холандни белгилаган. Буни норвегиялик тўпурар билан 9,5 йиллик янги битим тузилганидан билса бўлади. Буёғига “шаҳарликлар” таркибга ёш, чаққон ва курашувчи истеъдод эгаларини жалб қилиш йўлидан боради. Клуб футбол оламига донғи кетган Илкай Гюндоған, Кайл Уокер, Кевин де Брюйне, Жон Стоунз, Натан Аке, Эдерсон, Бернарду Силва, Жек Грилиш, Матео Ковачич каби ёши катта ўйинчилар, ҳатто янги талабларга мослаша олмаса Фил Фодендан ҳам воз кечишга тайёр.
Таркибни янгилаш мақсадида “шаҳарликлар” ёзда яна бир неча катта трансферларга қўл уришга тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, жамоага Кевин де Брюйне, Жек Грилиш, Фил Фоденнинг ўрнини боса оладиган ҳужумкор футболчи керак. “Манчестер Сити” раҳбарияти бу позицияга клуб тарбияланувчиси Коул Палмерни олиб келишга қарор қилди.
“Шаҳарликлар” 2023 йилнинг ёзида бу футболчини “Челси”га сотиб юбориб, жуда катта хатога йўл қўйгани маълум бўлди. Балки шу иш ҳам беҳикмат эмасдир. Чунки “аристократлар” сафига бориб қўшилган Палмернинг ўйини бирданига очилиб кетди.
Ким билсин, агар Манчестерда қолганида балки ҳали ҳам даври қачон келишини кутиб, захирада қолиб кетган бўлармиди?!
Хуллас, “Манчестер Сити” раҳбарияти Ҳусанов олиб келиниши билан бошланган янги лойиҳага нима қилиб бўлса ҳам Коул Палмерни қўшишга бел боғлаган. Улар Кевин де Брюйне билан хайрлашиб, унинг ўрнини 23 ёшли плеймейкерга топширмоқчи.
Chelseanews нашрининг таъкидлашича, бу трансферни амалга ошириш учун “шаҳарликлар” катта харажатга тайёр туриши керак. “Челси” жамоа етакчисини 200 миллион еврога баҳоламоқда.
Яна бир жиҳат, “Челси” жорий чемпионат якунларига кўра, Европа Чемпионлар лигасининг янги мавсумига йўлланма ололмаса, бу Палмернинг танловига таъсир қилиш эҳтимоли катта экани айтилмоқда. Биринчидан, Коул Палмер даражасидаги футболчи қитъанинг энг нуфузли мусобақасисиз қолиб кетишга рози бўлмайди. Иккинчидан, Чемпионлар лигасидан қуруқ қолиш ҳар қандай клуб каби “Челси”нинг ҳам “чўнтаги”га оғир зарба бўлади.
Демак, ёзги трансферлар ойнаси даврида “Манчестер Сити” трансфер бозорида яна фаоллик кўрсатиши кутилмоқда. Биз эса, Абдуқодир Ҳусанов ҳурматидан жамоанинг кучайиши ва яна совринларни қўлга киритишидан умидвормиз...

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар