
Клаудио Раньери бош мураббий этиб тайинланганидан бир неча ой ўтиб, “Рома” Италия чемпионатининг қудратли жамоаларидан бирига айланди.
Чемпионат бошида аутсайдерлар қаторига тушиб қолган римликлар ниҳоят 26-турга келиб, Европа миқёсидаги мусобақаларга йўлланма берадиган кучли олтиликка яқинлашиб олди. Айни пайтда олтинчи ўринда бораётган “Фиорентина” билан тўққизинчи поғонага кўтарилган “Рома” ўртасидаги фарқ икки очкони ташкил қилмоқда. Ўртада римликлар бир очко кўп тўплаган “Милан” ва “Болонья” бор.
Бундан ташқари, “Рома” Европа Лигасида бош соврин учун курашни давом эттираётгани ҳам пойтахтлик футбол ишқибозларини хурсанд қиляпти.
Аҳамиятли томони шундаки, “бўрилар”нинг сўнгги пайтлардаги муваффақиятларида Элдор Шомуродов жуда катта роль ўйнамоқда. Легионеримиз ўз голлари, ассистлари ва ўйин натижасига ҳаракат қилаётган ҳаракатлари билан жамоаси муваффақиятини таъминлаб келмоқда.
Италия футболи афсоналаридан Анжело Ди Ливио Клаудио Раньери қўл остида “Рома” қайта шаклланаётгани ва бу жараёнда Элдор Шомуродовнинг ролига баҳо берди.
- "Менга “Рома”нинг “Монца” билан ўйинда ғалабага бўлган иштиёқи, ўзига хос ўйини ва ёндашуви жуда маъқул келганини айтишим керак. Жамоа учрашувни зўр ўтказди ва бундан ҳамма роҳат олди.
Мавсумнинг биринчи қисмида инқирозни бошидан ўтказган футболчилар энди майдонда яна жавлон урмоқда. Бунда ажойиб мураббий Клаудио Раньерининг ҳиссаси катта. Бу мутахассис менга “Лестер”ни қандай қилиб тарихда илк бор Англия чемпионига айлантирганини тушунтириб бериши керак.
“Рома”нинг ҳозирги таркиби А Серия жадвалида янада юқорига кўтарилишга ва Европа лигасида бош соврин учун курашишга қодир.
Кейинги учрашувларда ҳужум чизиғида Элдор Шомуродовнинг ўйнаётгани жуда тўғри қарор бўлди. Агар мен Клаудио Раньерининг ўрнида бўлганимда ўзбек футболчисини мунтазам бошланғич таркибда майдонга туширган бўлардим", - деди Анжело Ди Ливио.
Элдор Шомуродовнинг жамоадаги аҳамияти ва роли ошиб бораётганини Италия футболини таҳлил қилиб бораётган бошқа манбалар ҳам эътироф этмоқда.
- "Шомуродов “Рома” тизимида идеал даражадаги муҳим фигурага айланди. Бу футболчини ёзда ва январда сотиб юбирмоқчи бўлишган эди. Энди у Артём Довбикнинг асосий таркибдаги жойини олиб қўймоқда.
Куни кеча ўзбек футболчиси “Монца”га қарши “Олимпико”даги фаолияти давомида энг зўр ўйинини ўтказди. Алексис Салемакерсга голли пас узатди ва ўзи ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилиб, амалда ўйин тақдирини ҳал этди.
Жамодони доим қўлида бўлган ва кетишга тайёр турган Шомуродов ўзига берилган кичик имкониятлардан унумли фойдаланиб, энди ўринбосар тамғасидан қутилиб, “Рома” мураббийлари ва мухлислари ишончини қозонди", - деб ёзмоқда Corriere dello Sport газетаси.
Дарҳақиқат, Элдор Шомуродов жорий мавсумда барча турнирлар – А Серия, Италия кубоги ва Европа лигасида 23 маротаба майдонга тушиб, тўртта гол ва учта ассист муаллифи бўлди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар