19:18 / 27.02.2025
1 060

Аввалги “Сити” энди йўқ! Гвардиола янги жамоа келажагини Ҳусанов билан боғлади...

Аввалги “Сити” энди йўқ! Гвардиола янги жамоа келажагини Ҳусанов билан боғлади...
Хосеп Гвардиола 2016 йили “Манчестер Сити”ни қабул қилиб олганидан кейин ушбу клуб ўзининг бир асрдан ошиқ тарихидаги энг самарали даврни бошдан ўтказа бошлади.

Бунгача “Барселона” ва “Бавария”да юқори натижаларни қайд этган испаниялик мураббий “шаҳарликлар”ни ҳам катта ғалабаларга етаклади.

Гвардиола жамоани қабул қилиб олганидан бир йил ўтиб, “Манчестер Сити”ни чемпионликка етаклади. Орада бир марта “Ливерпуль” Англия Премьер-лигаси ғолиблигини қўлга киритганини инобатга олмаганда, шундан бери чемпионлик унвонини Хосеп Гвардиола шогирдлари ҳеч кимга бермай келмоқда.

Бу жараёнда “Манчестер Сити” кетма-кет тўрт маротаба Англия чемпиони бўлган ягона жамоага айланди. Хосеп Гвардиола ҳали кўзи очиқлигида бирор бир жамоа бу натижани такрорлай олмаслигини таъкидлади.

2024-2025 йилги мавсумда Гвардиола бошига кутилмаган синовлар ёғилди. Ишонган таркиб чемпионатнинг биринчи ярмида ҳеч нарса қила олмай қолди. Клуб раҳбарияти ҳам, Гвардиоланинг ўзи ҳам ёзда янги трансферларга эътибор қаратмаганидан афсусда эди...

Ниҳоят, 2025 йилнинг дастлабки ойида клуб ўз хатосини тўғрилашга киришди. Бир неча кун ичида тўртта катта трансфер амалга оширилди. “Ланс”дан Абдуқодир Ҳусанов, “Палмейрас”дан Витор Рейс, “Айнтрахт”дан Умар Мармуш ва “Порту”дан Нико Гонсалес олиб келинди.

Шу билан “Сити”да янги ўзгаришлар ва ислоҳотлар даври бошланди. Бу трансферларнинг учтаси ҳозирдан ўзини оқлаб, Абдуқодир, Умар ва Нико жамоанинг асосий устунларига айланиб бормоқда.

Клуб раҳбарияти таркибни яшартириш, ғолиблик иштиёқини йўқотган ва ёши ўтиб бораётган тажрибали юлдузлар ўрнига курашувчан, тезкор ва бақувват янги ижрочиларни олиб келиш сиёсатини давом эттирадиган бўлди.

Ана шу мақсадда, ҳозирги таркибни асосий фигураларидан саккиз нафарига бошқа жамоа топиш ҳақида кўрсатма ҳам берилди. Клуб мутасаддилари уларнинг ўрнини боса оладиган бошқа ижрочилар рўйхатини шакллантириб, уларнинг трансферлари бўйича иш бошлаб юборган.

Хосеп Гвардиола ҳам “Тоттенхэм” билан бўлган учрашувдан кейин бу масалага алоҳида тўхталди.

- Бу мавсум якунида Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритсак, оламшумул муваффақият бўлади. Энди аввалги “Манчестер Сити”ни кўрмайсиз. У жамоа жуда зўр бўлган. Энди бошқа таркиб билан қайтамиз.

Ёш жамоа тузилади, ҳужум учлиги – унинг келажаги. Ҳали Родри қайтади, лекин Нико Гонсалес ва Абдуқодир Ҳусанов янги жамоанинг келажаги. Бугун “Тоттенхэм”га қарши ўзбек футболчиси қандай ўйнаганини ўзингиз кўрдингиз. Йошко Гвардиол ҳам ҳали ёш ҳисобланади.

Бернарду Силва, Илкай Гюндоған, Кевин де Брюйне ва бошқа тажрибали ўйинчилар ҳам биз учун муҳим. Бироқ ҳозирги ёшлар ва ёзда жамоага олиб келинадиган янги ижрочилар яқин келажакда “Манчестер Сити”ни олға бошлаши керак. Буёғи вақт измида бўлади, - деди Хосеп Гвардиола.

Бундан ташқари, 54 ёшли мутахассис жамоанинг янги аъзоси Абдуқодир Ҳусановнинг салоҳиятини жуда юқори баҳолади.

- Ҳусанов ниҳоятда тезкор ҳимоячи ва пас беришга ҳам уста. Мен жуда кўп ўта тезкор футболчиларни кўрганман, Абдуқодир улардан бири. Ҳамма уни ёқтириб қолди. Камтарин йигит. Мухлисларимизга ҳам ёқишига аминман. Охирги учрашувларда ҳақиқатан зўр ўйнаяпти, - деди испаниялик мутахассис.

“Манчестер Сити”га 20 январь куни келиб қўшилган Абдуқодир Ҳусанов учта нуфузли мусобақа – Премьер-лига, Англия кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида “шаҳарликлар” сафида дебютини нишонлаб бўлди. Ҳозиргача жами бешта ўйинда қатнашди. Шулардан тўрттасида бошланғич таркибда майдонга тушди. Англия кубогида захирадан ўйинга қўшилди ва айнан ана шу баҳсда биринчи голини урди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт