
“Рома” ҳамманинг эътиборини ўзига қаратишда давом этмоқда. Клаудио Раньери шогирдларининг барча турнирлардаги мағлубиятсиз серияси 12 та учрашувга етди. Бу гал “бўрилар” Европа лигасининг нимчорак финал дастлабки ўйинида камбэкни амалга оширди.
Мусобақа қуръаси “Рома”ни кучли рақиб – Бильбаонинг “Атлетик” жамоасига рўбарў қилганди. “Олимпико”даги тўқнашувда ҳисобни очиш 50-дақиқада меҳмонлар футболчиси Иньяки Уильямсга насиб қилди.
Орадан олти дақиқа ўтиб, Анхелиньо ҳисобни тенглаштирди. Кейин саҳнага 71-дақиқада захирадан ўйинга қўшилган Элдор Шомуродов чиқди. Дастлаб, “Атлетико” футболчиси Йерай легионеримизга ишлатган қўполлиги учун иккинчи сариқ карточкани олди ва майдонни тарк этди.
Ўйиндаги тўхталишлар учун қўшиб берилган вақтнинг 4-дақиқасида Элдор Шомуродов тўртта ҳимоячини доғда қолдириб, ғалаба голини киритди. Шомуродов учрашув қаҳрамони ва энг яхши ўйинчи бўлди.
Учрашувдан кейин ўзбек футболчиси оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.
- Гол ҳақида нималар дея оласиз?
- Жуда ҳаяжондаман. Сўнгги дақиқада урилган голдан “Олимпико” ларзага келди. Бош мураббий охиригача курашиш кераклигини ва боримизни беришимизни талаб қилади. Биз талабга риоя қиламиз ва бу ўйинларда ўз самарасини кўрсатмоқда.
Энг асосийси, мен гол урганим эмас, биз ғалаба қозонганимиз. Келинг, ғалабани нишонлашга берилиб кетмайлик, бу биринчи ўйин, олдинда жавоб учрашуви бор. Энди А Сериядаги “Эмполи”га қарши ўйинга тайёрланамиз.
- Клаудио Раньерининг ишончи сизга қанчалар муҳим?
- Биз бир оиламиз ва ҳозир ҳаммада барча нарса жойида. Бунақа вазиятда ҳаммада хотиржамлик бўлади, ўзингга ишончни ҳис қиласан, бош мураббий эса, бизга ана шу ишончни беряпти.
- Бильбаога бошқача ўй-хаёллар билан борсангиз керак...
- Ҳа, лекин бу хавфли натижа. Бироқ дуранг бўлганида биз янада кўпроқ курашишга мажбур бўлардик. Энди сафар учрашувида ҳам ғалаба қозониш учун хотиржам ва пухта тайёргарлик кўришимиз керак.
Таъкидлаш жоизки, “Рома” бу ғалабадан кейин навбатдаги босқичга чиқиш учун биринчи қадамни ташлади. Энди 13 мартга белгиланган жавоб учрашувига “Атлетик” мезбонлик қилади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар