date
views 6 705

Ҳаммаси барбод бўлган пайтда Шомуродов пайдо бўлди!

Ҳаммаси барбод бўлган пайтда Шомуродов пайдо бўлди!
Европа лигасида нимчорак финалга етиб келган жамоалар ушбу босқичдаги дастлабки учрашувларини ўтказди. Энг қизиқарли учрашувлардан бири Рим шаҳридаги “Олимпико” стадионида бўлиб ўтди.

Икки кучли рақиб – “Рома” ва “Атлетик Бильбао” тўқнашувида кураш охиригача давом этди ва ўйин тақдирини сўнгги сонияларда Элдор Шомуродов ҳал қилди. Клаудио Раньери шогирдлари биринчи бўлиб гол ўтказиб юборганига қарамай, камбэкни амалга оширди.

Аввалига Анжелино вазиятни тенглаштирган бўлса, 71-дақиқада заҳирадан майдонга тушган Элдор Шомуродов аниқ зарба билан мағлубиятни ғалабага айлантириб юборди – 2:1.

Ушбу учрашув таҳлили ҳали ҳамон давом этмоқда. Италия футболини ёритиб келаётган нуфузли манбалар ва экспертлар ўзбек футболчиси ўйинига ўз муносабатларини билдирмоқда.

Gazzetta dello Sport:
- Элдор Шомуродовга ўйин тақдирини ҳал қилиш ва мусобақада из қолдириш учун йигирма дақиқадан сал кўпроқ вақт кифоя қилди. У сўнгги сонияларда гол уриб, “Атлетик Бильбао”га қарши ўйин тақдирини ҳал қилди. Бу гол олтинга тенг. Майдонга тушганидан 35 сония ўтиб, огоҳлантирилган Элдор курашни давом эттирди, олдинга ташланди ва мақсадига етди.

Tuttosport:
- Элдор Шомуродов – учрашувнинг энг зўр ўйинчиси. Дастлаб у рақиб ҳимоячиси Йерай Альвареснинг майдондан четлатилишига сабабчи бўлди. Кейин 90+4-дақиқада “Рома”га муҳим ғалаба келтирган тўпни киритди.

Corriere dello Sport:
- Ўзбекистонлик монстр рақибга яна зарба берди. У учрашувнинг сўнгги сонияларидаги ғалаба голи билан “Олимпико”ни порталтиб юборди. У 2025 йилнинг асосий қаҳрамони сифатида катта саҳнага чиқди. У нафақат гол уришда, балки жамоасига ҳимояланишда ҳам ёрдам беряпти. Ҳозирги “Шома” аввалги йиллар қаерда эдинг?

Tuttomercatoweb:
- Шомуродов заҳирадан шиддат билан майдонга тушди ва бунинг ортидан дарров сариқ карточка ишлаб олди. У ўзини кўрсатишга ва гол уриш иштиёқида бор кучини бериб, тўп тепди. Ҳаммаси барбод бўлаётган паллада Элдор ўзини кўрсатди ва “Рома”га ўта муҳим ғалабани келтирди. У дарвозага зарба берган паллада тўп қаерга келиб тушишини аниқ белгилай олди.

Vocegiallorossa:
- Элдор майдонга тушганидан кейин узоқ вақт пайт пойлаб юрди ва қулай вазият юзага келиши билан ҳужумга ташланди. Алексис Салемакерснинг узатмасидан кейин тўпни ўзига тўғрилаб, дарвоза тўрига жойлади. “Олимпико”даги 60 мингдан зиёд мухлис бу голдан оёққа қалқди.

Элдор Шомуродов жорий мавсумда барча турнирларда 25 маротаба майдонга тушиб, ўз голлари сонини бештага етказиб олди. Шунингдек, 29 ёшли легионеримиз жамоадошларига учта голли пас ҳам узатган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳаммаси барбод бўлган пайтда Шомуродов пайдо бўлди!