
Шанба оқшомида Англия футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият ҳақидаги маълумотларни ушбу мақолани ўқиш орқали билиб оласиз.
«Ноттингҳем Форест» – «Манчестер Сити» – 1:0
Гол: Ҳадсон-Одои, 83.
«Ноттингҳем Форест»: Зелс, Айна, Миленкович, Мурило, Уилямс, Домингес (Йейтс, 69), Андерсон, Эланга (Сангаре, 80), Гиббс-Вайт, Ҳадсон-Одои (Морато, 87), Вуд (Авонийи, 87)
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Нунес (Люис, 61), Ҳусанов, Диаш, Гвардиол, Гонсалес (Ковачич, 62), Силва, Савино (Мармуш, 69), Фоден (Де Брюйне, 69), Доку, Ҳоланд.
Куннинг биринчи ўйини сценарийсини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди, «Манчестер Сити»га қарши Нуну Эшпириту Санту уйда ҳам иккинчи рақам остида ўйнаши ва қарши ҳужумларга таяниши тушунарли эди. Жорий мавсум «ўрмончилар» кичик имкониятдан ҳам фойдаланиб кетишини кўп марта кўрсатди. Жамоа сабр қилишни билади ва ўз лаҳзасини узоқ вақт кута олади. Буни бутун АПЛ билади, аммо амалда ҳеч кимда «Ноттингҳэм» моделига қарши рецептлар йўқ. Турнир жадвали пешқадами «Ливерпул» биринчи даврада ўз майдонида ютқазган (0:1), иккинчи даврада сафар ўйинида ҳам гол уролмаганди (0:0).
Бу жамоага қарши имкон қадар биринчи бўлиб гол уриш керак бўлади. Биринчи даврада «Арсенал» ва «Сити» ўз майдонидаги ўйинларда буни уддалаган ва якунда йирик ҳисобда ғалаба қозонганди (3:0). Аммо иккинчи даврада «Ноттингҳэм» «Арсенал» ҳисобни очишига йўл қўймади (0:0), амалдаги чемпионлар ҳам тезкор гол ура олмагач, ўйинни аста-секинлик билан ўзига мослаштирди. Иккинчи бўлимда мезбонлар фаоллашганида эса бир хавфли вазиятни Эдерсон бартараф этди. Ерлатиб йўлланган зарбадан кейин бразилиялик посбон ажойиб сейв ижро этиб, тўпни устун томон йўналтирди, аммо кўп ўтмай яқин бурчагидан гол ўтказиб юборди.

Бу голда биргина дарвозабонни айблаб бўлмайди, бу қарши ҳужум Мармуш ўнг қанотда тўпни Айнага олдириши ва кейин чап қанот ҳимоясига жавобгар футболчилар Гиббс-Уайтнинг диагонал узатмасига тайёр бўлмагани туфайли ҳам рўй берди.
Ҳадсон-Одоининг зарбаси тўп Гвардиолнинг оёқлари орасидан ўтиб келгани ҳам дарвозабонга қийинчилик туғдирди, қолаверса, зарба яқин масофадан йўлланганди. Бу ғалаба эвазига «Ноттингҳем» «Сити» билан орадаги фарқни тўрт очкога етказиб, учинчи ўринни ўзида сақлаб қолди. Якшанба кунги ўйинлар натижаларига кўра «Сити» кучли тўртликдаги ўрнини «Челси»га олдириб қўйиши ҳам мумкин.
«Сити» сафида бу сафар ҳам Абдуқодир Ҳусанов кучли ўйин намойиш этди ва бир неча бор жамоасини голли вазиятлардан қутқариб, якунда энг яхши балл олган икки футболчидан бири бўлди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Хосеп Гвардиола ҳам ўзбекистонлик ҳимоячининг ҳаракатларини юқори баҳолаб, «унинг ўйинларидан бахтиёр экани»ни айтди.
«Ливерпул» – «Саутҳемптон» 3:1
Голлар: Нунес, 52, Салоҳ, 53 (пен), 88 (пен) – Смоллбоун, 45+1
«Ливерпул»: Беккер, Александер-Арнолд (Кванса, 90), Конате, ван Дейк, Цимикас (Робертсон, 46), Собослаи (Эллиотт, 46), Гравенберҳ (Эндо, 81), Жонс (Мак Аллистер, 46), Салоҳ, Нунєс (Жота, 68), Диас.
«Саутҳемптон»: Рамсдейл, Уокер-Петерс, Гарвуд-Беллис, Беднарек (Белла-Кочап, 18), Меннинг (Онуачу, 85), Угочукву (Арибо, 84), Смоллбоун (Лаллана, 71), Фернандеш, Диблинг (Арчер, 64), Гренбек Ерлюкке (Сугавара, 64), Сулемана.
Турнирнинг биринчи ва охирги жамоалари тўқнаш келган «Энфилд»да барчаси кутилганидек якунланди. Ҳолбуки «Саутҳемптон» биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ҳисобни очиб, танаффусга ғолиб ҳолда йўл олганди. «Ливерпул» эса иккинчи бўлимда Нунеснинг саъй-ҳаракатлари билан барчасини ўз ўрнига қайтарди.

Дисквалификация туфайли ўйинни трибунадан кузатишга мажбур бўлган Слотнинг ўтказиб юборилган голга реакцияси
Ҳафта ўртасида «ПСЖ»га қарши ўйиндаги ғалабага катта ҳисса қўшган уругвайлик ҳужумчи бу сафар дастлаб ҳисобни тенглаштирувчи голни урди, бир неча ўтиб эса Салоҳга пеналти ишлаб берди. Ўйин охирларига бориб меҳмонлар ҳимоячиси жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнаганидан кейин эса мисрлик ҳужумчи иккинчи бор нуқтадан аниқ зарба берди. Энди у жорий мавсумдаги голли очколари сонини 44 тага етказди (27 гол ва 17 ассист). Бу АПЛ тарихидаги 38 турдан иборат турнирлардаги энг яхши натижадир (бунгача Анри ва Ҳоланд ҳам шунча очко тўплаганди). 1995 йилгача эса лигада 22 та жамоа (42 та ўйин) иштирок этганида, Энди Коул (1992/93) ва Алан Ширер (1994/95) 47 тадан очко ишлашга муваффақ бўлган. Аммо уларнинг рекорди ҳам янгиланишига кўп вақт қолмади.
Дарвин бу ўйинда қизил карточка олиши ҳам мумкин эди, гап у майдон марказида рақибига етиб олиб, уни йиқитган эпизод ҳақида кетмоқда. Аммо ҳакам уни аяди, мерсисайдликлар мураббийлар штаби эса уни дарҳол Жотага алмаштирди. У майдонда қоладиган бўлса, бир ҳафтадан кейин бўлиб ўтадиган Лига кубоги финалида қатнаша олмаслиги хавфи юзага келганди.
Бу ғалабадан кейин «Ливерпул» очколари сонини 70 тага етказиб, чемпионлик сари навбатдаги қадамини ташлади ва асосий эътиборни сешанба куни «ПСЖ»га қарши кечадиган учрашувга қаратиши мумкин.


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар