
"Рома" клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов мавсумнинг энг муҳим палласида жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланмоқда. Италиялик мутахассис Клаудио Раньери ўзбек легионерига ишонч билдириб, кейинги пайтларда уни асосий таркибда ўйнатмоқда. Бу эса Шомуродовнинг "Рома" ҳужум чизиғидаги мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.
Шомуродов асосий ҳужумчининг рақобатчисига айланди
29 ёшли ўзбекистонлик футболчи аввалроқ "Рома"нинг асосий ҳужумчиси Артём Довбикнинг ўринбосари сифатида кўрилаётган эди. Бироқ сўнгги ўйинларда Элдор ўзини жиддий рақобатчи сифатида намоён қилмоқда.
"Эмполи"га қарши учрашувда Шомуродов илк дақиқалардан майдонга тушди ва бир неча хавфли вазиятлар яратди. Унинг зарбалари бир неча бор дарвозага етмай қолди, бироқ ўйин давомида жамоавий ҳаракатларда фаол иштирок этди.
Пеллегрини: "Элдор ғазабга тўлди"
"Рома" сардори Лоренцо Пеллегрини Элдорнинг ҳаракатларини юқори баҳолади ва унинг майдондаги ҳис-туйғуларини баён қилди:
"Шомуродов гол урганида ишларимиз янада яхши бўларди. У ўша вазиятда бироз жумбушга келди, мен унга яна гол уришимиз мумкинлигини айтиб, тинчлантиришга ҳаракат қилдим.
Элдор қаттиқ ғазабланди. Менга кучли зарба билан дарвоза тўрини йиртиб юбормоқчи эканини айтди. Бироқ баъзан хотиржамлик ва аниқ ҳаракат муҳим," — деди Пеллегрини.
"Атлетик" билан ўйин олдидан Шомуродов асосий таркибга кириши мумкин
"Рома"ни олдинда муҳим ўйин кутиб турибди. Европа Лигаси доирасидаги чорак финалга чиқиш учун Бильбаода "Атлетик" билан жавоб учрашуви ўтказилади. Илк беллашувда Элдорнинг сўнгги сонияларда киритган голи "Рома"га ғалаба келтирган эди. Бу натижа римликларга кичик устунлик берган.
Кўплаб экспертлар ва мутахассислар Раньери Элдорни асосий таркибда майдонга тушириши керак, деб ҳисоблашмоқда. "Рома"нинг собиқ ҳужумчиси Чиччо Грациано бу борада ўз фикрини билдирди:
"Испаниядаги учрашувда асосий ҳужумчи сифатида Элдор Шомуродовни танлаган бўлардим. У кўп югуради, доим курашади, ҳатто гол урмаган тақдирда ҳам жамоа учун бор кучини беради."
Шунингдек, мутахассис Андреа Страмаччони ҳам Шомуродовнинг "Рома"да тутган ўрни тобора мустаҳкамланаётганига эътибор қаратди:
"Элдор Шомуродовнинг “Олимпико”да “Атлетик” дарвозасига киритган голи жуда муҳим аҳамиятга эга. Илгари бу футболчи ўйин давомида кийим алиштиришга ҳам улгурмас эди. Бильбаоликларга қарши беллашувда захирадан майдонга тушган бўлса-да, римликлар учун муҳим ўйинчига айланди. Дастлаб, рақибнинг қизил карточка олишига сабабчи бўлди, кейин жамоасига 2:1 ҳисобида ғалаба келтирган голни урди. Мана шу айнан Клаудио Раньерининг катта кўламдаги ишлари самарасидир."
Муҳим ўйин санаси
Европа Лигаси чорак финалига чиқиш учун жавоб учрашуви 13 март куни Испанияда бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан 22:45 да старт олади. "Рома" жамоаси ушбу муҳим ўйинда Элдор Шомуродовнинг ҳиссасидан фойдаланишга умид қилмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар