
Англия Премьер-лигасининг 29-турида келаси мавсум учун Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини берадиган ўринлар учун курашаётган икки жамоа – “Манчестер Сити” ва “Брайтон” ўзаро куч синашди.
“Шаҳарликлар” бу тургача 47 очко билан бешинчи поғонада бораётган эди. “Брайтон” эса, манчестерликлардан бир очко кам жамғарган ҳолда қитъанинг энг нуфузли мусобақасини кўзлаб ўйнаяпти.
“Этихад” аренасидаги учрашув мезбонлар учун омадли бошланиб, ҳисоб 11-дақиқадаёқ очилди. Умар Мармуш ишлаган пенальтини Эрлинг Холанд аниқ бажарди.
Бу гол Эрлинг Холанд номини Англия Премьер-лигаси тарихига ёзди. Норвегиялик чарм тўп устаси мусобақа тарихида 100 та самарали ҳаракатни энг тез амалга оширган ўйинчи сифатида рекорд ўрнатди.
Холанд Англия Премьер-лигасида гол+пас тизими бўйича 100 баллни 94 та учрашувда тўплаган биринчи футболчига айланди. 100 та самарали ҳаракатдан 84 таси гол ва 16 таси ассист сифатида қайд этилган.
Жорий мавсумнинг ўзида Холанд барча турнирларда 38 та учрашувда 28 та гол урган ва 4 та ассист қайд этган. Премьер-лигада эса 27 та учрашувда 20 та гол ва 3 та ассистга эга.
Ўйин муваффақиятли бошланганига қарамай, Хосеп Гвардиола шогирдлари уч очкога эга чиқолмади. Холанднинг голига Эступиньян ўн дақиқа ичида жавоб қайтарди. Унинг жаримадан йўллаган зарбаси устунга тегиб, дарвоза тўридан жой олди.
Биринчи бўлимда Умар Мармуш “шаҳарликлар”ни олдинга олиб чиқди. Аммо иккинчи таймда Абдуқодир Ҳусанов учун нохуш вазият юз берди.
48-дақиқада Ҳусанов автогол урди!
Рақиб йўллаган зарбани қайтаришга чоғланган ўзбек легионери тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди. Бу ҳолат Хосеп Гвардиола учун антирекорд қайд этилишига сабабчи бўлди.
“Манчестер Сити” жорий мавсумда 40-голни ўтказиб юборди. Гвардиола бошқарувида жамоа ҳеч қачон бунча кўп гол ўтказмаган эди. Илгари энг юқори кўрсаткич 2016/17 мавсумида 39 та голни ташкил этган.
Гвардиоланинг суюкли ўйинчиларидан бири бўлган Абдуқодир Ҳусанов шу тариқа устозининг номини Англия Премьер-лигаси тарихига яна бир кўрсаткич бўйича ёзиб қўйди.
Шу билан бирга, Ҳусанов ўйин давомида анча фаол ҳаракат қилди. У рақиб ҳужумларини тўхтатишда, пасларни кесиб олишда ва яккакурашларда ўзини кўрсатди.
Келгуси ўйинлар ва терма жамоа чақируви
“Манчестер Сити” Премьер-лигадаги кейинги ўйинини 2 апрель куни “Лестер”га қарши ўтказади. Унгача Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Қирғизистон ва Эронга қарши майдонга тушади.
Бу ўйинлар Ҳусанов учун янги имконият бўлиб, у ўзининг ҳақиқий салоҳиятини намойиш этиши мумкин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар