19:41 / 18.03.2025
897

Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер нархи 35 миллион еврога етди

Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер нархи 35 миллион еврога етди
Германиянинг Transfermarkt портали Англия Премьер-лигаси футболчиларининг трансфер баҳоларини янгилади. Унга кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда «Манчестер Сити» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер нархи 35 миллион еврога кўтарилди. Бу нарх – Ўзбекистон ва Марказий Осиё футболи учун янги рекорд саналади.

Нархи уч бараварга кўтарилди

Сўнгги бир йилда 21 ёшли Ҳусановнинг трансфер нархи 1,5 миллион евродан 2 млн еврога, октябр ойида 5 млн еврога, декабрда 12 миллион еврога етганди. «Ланс»дан «Манчестер Сити»га ўтиб, жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бирига айлангач, қарийб уч бараварга қимматлашиб, бугун 18 март куни портал унинг баҳосини 35 миллион еврогача кўтарди.

Ўзбек футболи тарихидаги мутлақ рекорд нарх

Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер баҳоси 35 миллион еврога етиши Ўзбекистон футболи учун мутлақ рекорд саналади. Ўзбекистон миллий жамоасининг умумий трансфер баҳоси айни дамда 70 млн еврони ташкил этса, шундан 35 млн нарх Абдуқодирга тегишли, қолган 35 миллион евро жами ўйинчиларнинг умумий баҳосидир.

Бунгача Элдор Шомуродовнинг 2021 йилги 14 миллион евро трансфер баҳоси Ўзбекистон футболидаги мутлақ рекорд трансфер нархи саналарди. Ҳусанов 35 миллион евро баҳоси билан ушбу рекорднинг янги соҳибига айланди.

«Манчестер Сити»нинг энг қимматбаҳо 2-марказий ҳимоячиси

Қайд этиш жоиз, Ҳусанов бу борада «Манчестер Сити»нинг энг қимматбаҳо иккинчи марказий ҳимоячисига айланди. Бу борада Рубен Диашнинг баҳоси 70 млн еврони ташкил этса, Натан Аке (32 млн евро), Мануэл Аканжи (32 млн евро), Жон Стоунз (30 млн евро) сингари марказий ҳимоячиларнинг баҳосида пасайиш кузатилган.

Де Брюйне, Эдерсон, Гундўған, Ковачични ортда қолдирди

Абдуқодир трансфер баҳоси бўйича клубида нафақат бир қатор ҳимоячиларни, балки номдор ўйинчиларни ҳам ортда қолдирди. Хусусан, манчестерликларнинг етакчиларидан бўлган Кевин де Брюйне (27 млн), Эдерсон (25 млн), Матео Ковачич (25 млн), Илкай Гундўған (7 млн) сингари юлдузлардан ўзиб кетишга эришди. Аммо қайд этиш жоиз, бу ушбу тажрибали ўйинчиларнинг трансфер баҳоси ёши 30дан ошганлиги сабабли ҳам пасайтирилган.

Эрлинг Ҳоланд – 200 млн евро баҳо билан «шаҳарликлар» сафидаги энг қимматбаҳо ўйинчи саналади. Родри ва Фоден эса 130 млн евро нарх билан бу борада учликдан жой олган.

Сонни ортда қолдириб, Осиёнинг энг қиммат 4-футболчисига айланди

Абдуқодир Осиёнинг энг қимматбаҳо ўйинчилари орасида «Тоттенҳэм» ва Жанубий Корея миллий жамоаси вингери Сон Ҳён Минни (30 млн евро) ортда қолдириб, илк бор кучли бешликдан ўрин олди. Япониялик Каору Митома (Брайтон) ва кореялик Ким Мин Жае (Бавария) 45 млн евро нарх билан Осиёнинг энг қиммат ўйинчилари бўлиб турибди. Такефуса Кубо (Япония, Реал Сосиедад) 40 млн евро нарх билан 3-ўриндан жой олган бўлса, ўзбекистонлик футболчи 35 млн евро нарх билан 4-ўриндан жой олган. «ПСЖ» вингери Канг Ин Лее ва Сон Ҳён Мин 30 млн евро нарх билан 5-ўриндан жой олган.

МДҲда ҳам топ-4ликда

Ўзбекистон миллий жамоасининг 21 ёшли ҳимоячиси Ҳамдўстлик давлатларнинг энг қимматбаҳо ўйинчилари орасида ҳам топ-4ликдан жой олган. Бу борада фақатгина грузиялик Хвича Кварацхелия (85 млн евро), Гиорги Мамардашвили (40 млн) ва украиналик Иля Забарний (38 млн евро) Абдуқодир Ҳусановдан олдинги қаторларда бормоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт