
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва етакчи тўпурари Элдор Шомуродов Италиянинг А Сериясидаги фаолиятини 2020 йил октябрь ойида бошлаган эди. Бу давр мобайнида Элдор “Женоа”, “Специя”, “Кальяри” ва “Рома” клубларида 148 учрашувда иштирок этиб, 23 гол ва 16 ассист билан ўзини кўрсатди.
Шомуродов Италияда кўплаб мураббийлар билан ишлади, аммо унинг учун энг самарали ва муҳим мутахассис сифатида Клаудио Раньери алоҳида ажралиб туради. 73 ёшли италиялик мураббий ўтган мавсум “Кальяри” клубини А Серияда олиб қолишида Шомуродовга катта ишонч билдирган эди.
Жорий мавсумнинг ноябрь ойида инқирозга юз тутган “Рома”ни қабул қилиб олган Раньери қисқа вақт ичида жамоани юқори натижаларга олиб чиқди. Унинг бошқарувида “Рома” барча мусобақаларда 16 ғалаба, беш дуранг ва олти мағлубият қайд этиб, Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринлар учун кураш олиб бормоқда.
Раньери жамоани тарк этиш арафасида турган Шомуродовни клубда олиб қолишга қарор қилди ва бу қарор қисқа муддат ичида ўз самарасини кўрсатди. Шомуродов қисқа муддатда “Рома”нинг асосий футболчиларидан бирига айланди.
Бироқ яқинда “Томмазо Маэстрелли” соврини билан тақдирланган Клаудио Раньери муҳим қарорини эълон қилди. У мавсум охирида мураббийлик фаолиятини якунлаб, пенсияга қайтадиган бўлди.
“Жамоа натижаларидан ҳайратда эмасман, мен ўз ўйинчиларимнинг салоҳиятига ишониб иш тутдим. Энди энг мураккаб палла келди. Пауло Дибаланинг жароҳати вазиятни оғирлаштирди, жамоа яна ҳам бирлашиб ҳаракат қилиши керак. Мен қароримни ўзгартирмайман ва икки ойдан кейин лавозимимни тарк этаман”, – деди Клаудио Раньери.
Маълумотларга кўра, мавсум тугагач Раньери “Рома” президентининг спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолиятини давом эттиради. Бу эса ўз навбатида, Элдор Шомуродовнинг клубдаги келажагига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар