11:06 / 20.03.2025
2 093

Ўзбек ва қирғиз футболи орасидаги фарқни ўз ўйинимиз билан кўрсатиб қўйишимиз керак!

Ўзбек ва қирғиз футболи орасидаги фарқни ўз ўйинимиз билан кўрсатиб қўйишимиз керак!
Бугун Ўзбекистон Миллий терма жамоаси "ЖЧ-2026" саралаши доирасида Қирғиз Республикаси билан куч синашади. Ушбу баҳс олдидан футбол жамоатчилиги, хусусан, журналист, блогер ва футболчиларнинг фикрлари билан танишиб чиқдик.

Қуйида таниқли футбол блогери Жамолиддин Бобожоновнинг ўйинолди фикрлари:

- Ўзбекистон миллий терма жамоаси томонидан ишончли ўйин кутмоқдаман. Биз нафақат ҳисобда, ўзбек ва қирғиз футболи орасидаги фарқни ўз ўйинимиз билан кўрсатиб қўйишимиз керак. Бишкекдаги ўйинда рақибга "ўзбеклар билан ҳаракат қилсак, тенг ўйнашимиз мумкин" деган таассурот қолдиргандик. Мана шу таассуротни чилпарчин қилишимиз зарур. Нафақат, Қирғиз Республикаси, балки, футболи биздан паст бўлган жамоалар бизни мағлуб қилиш ҳатто хаёлига келмасин.

Бу гапларни керилиб, қирғиз футболига беписандлик қилиб гапирмаяпман. Уларнинг футболи ўсмоқда. Сўнгги бир неча йилда футболи, инфратузилмаси, ҳукумат тарафдан эътибор томонлама Осиё қитъасида жадаллик билан ривожланаётган мамлакатлардан бири. Шундай бўлса-да, икки давлат футболи орасида яхшигина фарқ бор.

Хоҳ Германия - Австрия бўлсин, хоҳ Франция - Белгия бўлсин, қўшнилар билан ўйин жуда қийин кечади. Ён қўшничилик жиҳати роль ўйнайди. Орадаги фарқ камайиб кетади ва кучсизроқ дейилган жамоа кучлироқ дейилган қўшниси устидан ғалаба қозонишни кўпроқ истайди. Қирғиз Республикасида ҳам худди шундай мотивация бор. Бу уларнинг қуроли.

Ўзбекистон учун тезкор гол жуда муҳим. Агар биз ўйинни 15-дақиқасига қадар ҳисобни очиб, ҳужумкор ўйинни давом эттирсак, бугунги учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозонишимиз мумкин.

Тахминий ҳисобим - 3:0. Голларни қайси азаматимиз уришини эса умуман фарқи йўқ.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт