
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йили АҚШ, Канада ҳамда Мексика майдонлари мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатига чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилган.
Футболчиларимиз минтақавий саралаш турнирининг учинчи босқичида еттинчи турдан кейин 16 очко билан ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди ва пешқадам Эрондан уч очкога ортда қолмоқда.
Тимур Кападзенинг терма жамоа бош мураббийи сифатидаги биринчи расмий учрашувида футболчиларимиз Қирғиз Республикаси вакилларини кичик ҳисобда мағлубиятга учратди. Тошкентдаги беллашувда “Манчестер Сити” марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов дарвозамизнинг дахлсиз сақланишига муносиб ҳисса қўшди.
“Манчестер Сити” расмий сайти ўз футболчиларининг халқаро майдондаги учрашувларига муносабатини Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинини таҳлил қилиш билан бошлади.
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси қизил карточкадан кейин ўн киши бўлиб қолган Қирғиз Республикаси футболчиларини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Абдуқодир Ҳусанов бу баҳсда тўлиқ ўйнади ва жамоаси дарвозаси дахлсизлигини таъминлашга ҳисса қўшди.
Бу ғалабадан сўнг, ўзбеклар минтақавий саралаш турнирининг А гуруҳида яна учта учрашув қолган паллада Эрондан кейин FIFA 2026 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма берувчи иккинчи ўринни сақлаб турибди.
Ҳусанов туғилиб ўсган Тошкент шаҳрида ўтказилган учрашувнинг биринчи бўлимида қирғизлар ҳимоячиси Саид Дациев тўғридан тўғри қизил карточка олганидан кейин майдонда бир киши кам бўлиб қолди. Беллашувдаги ягона голни 40-дақиқада “Пахтакор” вакили Ҳожиакбар Алижонов киритди.
Абдуқодирнинг терма жамоа сафидаги 19-учрашувида мезбонлар ўйиннинг бошидан охиригача устунликни ўз томонида ушлаб турди ва рақиб дарвозасига жами 20 та зарба йўллади, шулардан 9 таси аниқ чиқди.
Гуруҳ фаворити – Эрон футболчилари Бирлашган Араб Амирликларини 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва бу Ўзбекистонга учинчи ўринда бораётган амирликлар вакилларидан олти очкога илгарилаб кетиш ва тарихий жаҳон чемпионатига яна бир қадам яқинлашиш имконини берди, - деб ёзмоқда “Манчестер Сити” клубининг расмий mancity.com сайти эксперти Дэвид Клейтон.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 25 март куни гуруҳдаги энг муҳим учрашувларидан бирини сафарда ўтказади. Футболчиларимиз гуруҳ фаворити Эрон терма жамоасига қарши саф тортади. Ушбу баҳсдаги ижобий натижа форсларни муддатидан олдин жаҳон чемпионатига олиб чиқади.
Ўзбекистонлик чарм тўп усталари эса, эронликларга қарши учрашувда мағлубиятга учрамай, учинчи ўринда бораётган таъқибчи жамоалар билан ўртадаги фарқни сақлаб қолишга ҳаракат қилади.
Тимур Кападзе шогирдлари жаҳон чемпионати минтақавий саралаш турнирининг учинчи босқичини июнь ойида асосий таъқибчилари – Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарга қарши бўладиган ўйинлар билан якунлайди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар