
Ўзбекистон Миллий терма жамоаси "ЖЧ-2026" саралаши 3-раунди доирасида ҳозиргача 7 та ўйин ўтказди. Мана шу етти учрашувда термамиз вакилларига бир неча жабҳаларда омад кулиб боққанини таъкидлаш лозим. Буни класс эвазига вужудга келган ҳолат, деб баҳоласак ҳам бўлар, балки!
Ўзбекистон - Шимолий Корея 1:0
Ўзбекистон 1-турда Шимолий Корея билан баҳс олиб борди. Ушбу беллашувда вакилларимиз 1:0 ҳисобида зафар қучди. Ягона гол Жалолиддин Машарипов томонидан киритилди.
Мазкур баҳсда Ўткир Юсупов рақибларимизнинг пенальтисини қайтарган. Мана шу сейв илк турни ғалаба билан бошлашимизда асқатганди.
Ўзбекистон - Эрон 0:0
3-турда вакилларимиз Эронни ўз майдонида қабул қилди (0:0). Деярли тенгма-тенг курашлар остида ўтган учрашувнинг 57-дақиқасида форслар футболчиси Ҳардани қизил карточка олиб, майдонни тарк этади. Биз бу вазиятдан фойдалана олмадик. Бироқ барибир ҳам бу эпизод фойдамизга ишлади. Балки 11 киши бўлиб ҳаракат қилган Эрон баҳс якунига қадар гол уришнинг уддасидан чиққан бўлармиди? Бундан ташқари, учрашув якунига яқин дарвозамизга пенальти белгиланиши ҳам мумкин эди. Рустам Ашурматов жарима майдонимиз ичида тўпни қўли билан ўйнаган. Ҳакам дастлаб 11 метрли нуқтани кўрсатган, аммо ВАР текширувидан сўнг ҳакам қарорини ўзгартирган.
Ўзбекистон - БАА 1:0
4-турда ҳам ўз майдонимизда БААни қабул қилдик. Унда Отабек Шукуров томонидан 76-дақиада пенальтидан киритилган ягона гол ўйин тақдирини ҳал қилганди. Эътиборлиси, мана шу ўйинда ҳам рақибларимиз қизил карточка олганди. 65-дақиқада Абдулла Ҳамад кескин фол ишлатгани учун майдондан четлаштирилганди. Шундоқ ҳам майдонда актив ҳаракат қилаётган ҳамюртларимиз қолган дақиқаларда фаолликни яна ҳам оширган. 75-дақиқада Бобир Абдихолиқов ишлаган пенальтини юқорида таъкидлаганимиздек Отабек Шукуров голга айлантирганди.
Шимолий Корея - Ўзбекистон 0:1
6-турда вакилларимиз Лаосда Шимолий Корея билан куч синашди. Аббосбек Файзуллаев тайм якунланиши арафасида гол уриб, вакилларимизни ҳисобда олдинга олиб чиқади. Иккинчи бўлимда эса корейслар катта иштиёқ билан майдонга тушиб, дарвозамиз олдида кўплаб хавфли вазиятлар яратишнинг уддасидан чиққан. 83-дақиқада ВАР текширувидан сўнг термамиз дарвозаси томон пенальти белгиланди. Шунингдек, ҳимоячимиз Умар Эшмуродов қўполлик учун майдондан ҳам четлатилди. Бироқ бу сафар ҳам Ўткир Юсупов сейв амалга ошириб, жамоамизнинг уч очко олишида катта ҳисса қўшди.
Ўзбекистон - Қирғиз Республикаси 1:0
Мазкур ўйинда термамиз илк дақиқаларданоқ хавфли вазиятлар яратишнинг уддасидан чиқди. Бунинг эвазига 24-дақиқада Ҳожиакбар Алижоновни дарвозабон билан яккама-якка ҳолатда тўхтатиб қолган Саид Дациев қизил карточка олиб, майдондан четлатилди. Бироқ 11 метрли зарбани Элдор Шомуродов голга айлантира олмаганди. Шундай бўлса-да, 40-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда пенальти ва қизил карточка ишлаб берган Алижоновнинг ўзи гол уриб, жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Гарчи, бу учрашувда қизилдан сўнг рақибларимиз ҳимояга "ётиб олган" бўлса ҳам, бу уларнинг ҳужумдаги имкониятларини камайтирди. Нима бўлган тақдирда ҳам, четлаштириш фойдамизга ишлади, дея оламиз.
Дастлаб, бизга тақвим омадли келди. Илк турларни нисбатан осон рақибга қарши ўтказдик. Қўшимчасига, бизга қарши баҳсларда рақиблар 3 маротаба қизил карточка олди. Шунингдек, Ўткир Юсупов икки бор пенальти қайтарди. У қайтарган пенальтилар айнан ҳисоб минимал бўлиб турган (1:0) вақтда эканлигини инобатга олсак, унинг ҳозир тўплаб турган очколаримизда салмоқли ҳиссаси бор.
Омад миллий терма жамоамизга авваллари у қадар ҳам кулиб боқмасди. Бу сафар қандайдир ҳаммаси бизнинг фойдамизга ишлаётгандек. Ҳатто Шимолий Кореянинг икки асосий рақобатчиларимиз Қатар ва БАА'дан илк даврада олган очколари ҳам шунга ишора қилади. Кучли эканлигимизга ҳам шубҳа йўқ. Икки омил бирлашиб, бизга керакли натижаларни олиб келяпти. Шундай давом этсин!
Карим Худайқулов
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар