06:21 / 23.03.2025
33 984

Абдуқодир Ҳусанов борасида хорижлик мутахассисларнинг навбатдаги фикр-мулоҳазалари

Абдуқодир Ҳусанов борасида хорижлик мутахассисларнинг навбатдаги фикр-мулоҳазалари
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилда номи энг кенг ёйилган футболчилардан бири бўлди.

Бу истеъдодли футболчимизнинг қишки трансферлар вақтида “Ланс”дан умумий ҳисобда 50 миллион евро эвазига “Манчестер Сити”га кўчиб ўтгани билан боғлиқ.

Шундан бери ўзбек футболчиси ҳақида турли экспертлар, мураббийлар, футболчилар, футбол жамоатчилиги вакиллари ўз муносабатларини билдириб келмоқда.

Дион Даблин, Англия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси:

- Абдуқодир Ҳусанов жамоа ишлари юришмай турганида ёрдамга келадиган ўйинчи. У ҳар доим эътибор марказида. Гарчи айрим вазиятларда омад ундан юз ўгираётган бўлса-да, аслида жуда яхши футболчи.

“Манчестер Сити”даги танишларим ва клубга яқин одамлар билан суҳбатлашганимда Абдуқодирнинг шиддатли, тўпни яхши бошқарадиган ва жуда тезкор футболчи эканини эътироф этишади. Унинг афзалликлари кўп.

Ричард Данн, Ирландия терма жамоаси собиқ ҳимоячиси:

- Абдуқодир Ҳусановнинг ишлари яхши кетмоқда. “Манчестер Сити” янги ўйинчиларни ўз сафига қўшиб олганида, одатда, уларнинг муҳитга ва мураббийлар талабига мослашиши учун вақт талаб этиларди.

Ҳусановга келсак, бу борада у жуда яхши жойлашиб олди. “Челси”га қарши дебют учрашувнинг дастлабки дақиқалари у учун сюрприз бўлди. Лекин ўшандан бери зўр ўйнаб келмоқда. Ҳусанов “шаҳарликлар” учун зўр трансферга айланиб боряпти.

Али Алиев, Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарувчи:

- Қозоғистон терма жамоаси дебютанти Дастан Сатпаев – янги юлдузча. Яқинда мен уни Абдуқодир Ҳусанов билан солиштирган эдим.
Ҳамма нарса бўлиши мумкин, лекин Ҳусановни 16 ёшида ҳеч ким танимас эди. Биз эса, 16 ёшли Дастан Сатпаевни “Челси”га трансфер қилдик.

Таъкидлаш жоизки, Transfermarkt портали экспертлари Абдуқодир Ҳусановни 21 ёшгача бўлган жаҳон футболидаги энг зўр 50 нафар иқтидор эгалари рейтингига киритган. “Барселона” ҳужумкор футболчиси Ламин Ямал пешқадамлик қилаётган ушбу рўйхатда ўзбек футболчиси 38-қаторда қайд этилган.

Бундан ташқари, мазкур портал экспертлари Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер суммасини 12 миллиондан 35 миллион еврога кўтарди. 21 ёшли ҳимоячи нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё футболи тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчига айланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт