
2025 йил ўзбек футболи учун қувончли янгиликлардан бири билан ёдда қолмоқда. Элдор Шомуродов учун ушбу мавсум бурилиш нуқтасига айланди. 2021 йилда "Рома" клубига қўшилган Элдор ниҳоят жамоанинг асосий ҳужумчиси мақомига эришди. Бунгача Жозе Моуриньо, Даниэле Де Росси ва Иван Юрич қўл остида у асосан захира ҳужумчиси сифатида қаралган бўлса, тажрибали мураббий Клаудио Раньери келиши билан вазият тубдан ўзгарди.
Дибаланинг йўқотилиши – катта ўзгаришларга сабаб
ФИФА кунлари муносабати билан "Рома" 11 футболчисини терма жамоаларга юборди. Бироқ жамоанинг асосий юлдузи Пауло Дибала жароҳат олиб, мавсумнинг қолган қисмида жамоага ёрдам бера олмаслиги маълум бўлди. "Рома" ҳужуми асосан Дибала атрофида қурилгани учун бу ҳолат Раньери учун жиддий муаммога айланди.
Элдор Шомуродов эса Дибала ва Матиас Суле билан яхши ҳамкорлик қилиб, асосий таркибга киришга муваффақ бўлганди. Энди эса у ўз зиммасига янада катта масъулиятни олишига тўғри келади.
Раньери янги тактикани тайёрлаяпти
Италия футболи экспертларининг фикрига кўра, Клаудио Раньери жамоанинг ҳужум механизмларини қайта кўриб чиқмоқда. Дибаланинг жароҳати сабабли 73 ёшли мутахассис асосий схемани 3-5-2га ўзгартириши мумкин. Бу ҳолатда Элдор Шомуродов ва украиналик Артём Довбик иккита марказий ҳужумчи сифатида ҳаракатланиши тахмин қилинмоқда. Шунингдек, Раньери яна бир вариант сифатида Лоренцо Пеллегринини марказга суриб, Матиас Суле ва Томмазо Бальданцини ҳужумга қўшиши мумкин.
Элдор учун катта имконият
Бу ҳолат Элдор Шомуродов учун фойдали бўлиши мумкин. Чунки янги тактик схемада у рақобатда эмас, балки шерик сифатида ҳаракат қилади. Бу эса унга майдонда ўзини кўрсатиш ва етакчи ҳужумчи сифатида ривожланиш имконини беради.
Италия футболи афсоналаридан бири Анжело Ди Ливио ҳам бу борада ўз фикрини билдириб, Раньери қўллаши мумкин бўлган янги тактик схемага қизиқиш билдирган:
"Пауло Дибаланинг йўқотилиши жуда катта муаммо. Чунки у жамоанинг энг муҳим футболчиларидан бири эди. Бироқ бу бошқа ўйинчилар, жумладан, Элдор Шомуродов ва Артём Довбик учун катта имкониятдир. Икки ҳужумчи билан ўйнаш ғояси эса жуда қизиқ ва самарали бўлиши мумкин."
Шомуродов – "Рома"нинг янги йўлбошчиси?
Элдор Шомуродов ҳозирда терма жамоа сафида. У миллий жамоадаги бурчини бажаргач, "Рома"га қайтиб, жамоани Европа Чемпионлар Лигаси йўлланмаси сари етаклашга киришади. Агар Раньери 3-5-2 схемасини танласа, Элдор учун бу мавсум ҳақиқий трамплинга айланиши мумкин.
Қандай бўлмасин, 2025 йил Элдор Шомуродов учун улкан имтиҳон, айни вақтда катта имконият йилига айланмоқда. "Рома"нинг ҳужуми энди унинг елкасига юкланади. Мухлислар эса унинг янги ролда қандай ўйнашини катта қизиқиш билан кузатишмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар