01:30 / 26.03.2025
37 017

“Манчестер Сити”: Улар Абдуқодир Ҳусановни кўриш учун келишяпти

“Манчестер Сити”: Улар Абдуқодир Ҳусановни кўриш учун келишяпти
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг январь ойида Франциянинг “Ланс” клубидан Англиянинг амалдаги чемпиони “Манчестер Сити”га кўчиб ўтгани йилнинг энг шов-шувли трансферларидан бўлди.

Абдуқодир янги жамоасида яхши ўрнашиб олди. Яқинда 21 ёшга тўлган футболчимиз бош мураббий Хосеп Гвардиоланинг асосий ҳимоячиларидан бирига айланиши учун қисқа фурсат кифоя қилди.

Англия футболи таҳлилчилари Абдуқодир Ҳусанов фаолиятини таҳлил қилиш жараёнида ажойиб янгиликка дуч келди. Нуфузли манба – cityxtra.co.uk нашри ўзбек легионерининг “Манчестер Сити”даги ўйинларини томоша қилиш учун Ўзбекистондан “Этихад” стадионига келаётган томошабинлар сафи тобора кенгайиб бораётганини маълум қилди.

- 33,6 миллион фунтга “Ланс”дан трансфер қилинган Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га келиши Хосеп Гвардиоланинг ҳимоя марказидаги даҳшатли муаммоларига барҳам берди. Ҳозир 21 ёшли футболчи “шаҳарликлар” таркибидаги энг биринчи ўйинчилардан ҳисобланади.

“Манчестер Сити”нинг Рубен Диас, Мануэль Аканжи, Натан Аке ва Жон Стоунсдан таркиб топган ҳимоя маркази бу мавсум жисмоний тайёргарлик бўйича жуда катта муаммоларга дуч келди. Ҳусановнинг орқа чизиқдаги шиддатли ўйини эса, жамоага “тоза ҳаво” олиб кирди.

Дебют учрашувидаги нохушликларга қарамай, Ўзбекистоннинг Премьер-лигадаги биринчи ва ягона ўйинчиси қисқа фурсатда “Манчестер Сити” мухлислари учун ҳақиқий қаҳрамонга айланди. Мавсум давомида кўплаб қийинчиликларга дуч келган жамоа мавсумни қуруқ якунламаслик илинжида Англия Премьер-лигасида кучли тўртликка кириш ва саккизинчи маротаба мамлакат кубогини қўлга киритиш учун курашмоқда.

“Манчестер Сити”нинг навбатдаги баҳсларида Ҳусанов яна бошланғич таркибдан жой олади. Абдуқодир клубга келганидан кейин “Этиҳад” стадионига кириш чипталарини сотиб олаётган ўзбекистонлик мухлислар оқими кенгаяётгани кузатилмоқда, - деб ёзди cityxtra.co.uk портали журналисти Ваям Лахоти.

Бу масала бўйича Manchester Evening News нашри эксперти Саймон Байковски янада аниқ маълумот тарқатди.

- “Манчестер Сити”да Эрлинг Холанд каби ёрқин юлдузларнинг фаолият юритиши жамоа ўйинига сотиладиган чипталарга жаҳон миқёсида талаб ошишига олиб келганди. Қишки трансферлар вақтида “шаҳарликлар” сафига Абдуқодир Ҳусановнинг қўшилгани унинг мамлакатидан жамоа ўйинига чиқариладиган чипталарга талабни янада оширгани кузатилмоқда.

Ўзбек ҳимоячиси ортидан жамоани минглаб километр узоқликдан ғойибона қўллаб-қувватлаб турадиган яна 35 миллиондан ортиқ мухлис қўшилди. Жаҳон даражасидаги учрашувларда ўз қаҳрамонларининг майдондаги ҳаракатларини бевосита кўриш учун узоқ масофаларни босиб келаётганлар сони кўпаймоқда, - деб ёзди manchestereveningnews.co.uk эксперти Саймон Байковски.

“Манчестер Сити” йил бошида 181,5 миллион фунт стерлинг сарфлаб, ўз таркибига Абдуқодир Ҳусанов, Умар Мармуш, Нико Гонсалес ҳамда Витор Рейсни олиб келган эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, улар орасида кейинги бир неча йиллар давомида жамоага етакчилик қилиши кутилаётган Абдуқодир Ҳусанов энг манфаатли ва энг муҳим лойиҳага айланиб бормоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити”: Улар Абдуқодир Ҳусановни кўриш учун келишяпти