22:48 / 26.03.2025
15 887

Қозоғистонликлар футболчиларимизнинг маҳоратига тан беришмоқда

Қозоғистонликлар футболчиларимизнинг маҳоратига тан беришмоқда
Спорт оламида Ўзбекистон ва Қозоғистон спортчиларининг ўзаро рақобати доимо мухлис-у мутахассислар, спорт жамоатчилиги вакилларини ўзига жалб этиб келган. Кейинги пайтда Марказий Осиё давлатларида спортда сезиларли ўсишлар кўзга ташланмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўзбек футболи пешқадамга айланди. Қозоғистон футболи вакиллари ҳамюртларимизнинг халқаро майдондаги муваффақиятларини инобатга олиб, “миллионлар ўйини”ни ривожлантиришда Ўзбекистон тутган йўлни танлаш кераклигини таъкидлашмоқда.

- Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқишига бир қадам қолди. Эронда мезбонлар билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган қўшниларимиз очколари сонини 17 тага етказди, таъқибчилардан Қатар етолмайдиган даражага кўтарилди ва Бирлашган Араб Амирликларини тўрт баллга орта қолдирмоқда.

Жаҳон чемпионати йўлланмасини расмийлаштириш учун Ўзбекистон терма жамоасига битта ғалаба ёки июнда бўладиган тўқнашувда БААга ютқазмаслик кифоя қилади.

Қозоғистон терма жамоаси ўзбеклар билан ўзаро етти маротаба беллашиб, бир бор зафар қучган. Ўша ҳам 30 йил аввал рўй берган. Учтадан учрашувда дуранг ва рақиблар ғалабаси қайд этилган. Тўплар нисбати 4:10 ўзбеклар фойдасига.

Ўзбекистон U-16 терма жамоаси 2010 йили Осиё чемпионати финалида ўйнади ва икки йилдан кейин бу турнирда ғолиб чиқди.

20 ёшгача бўлган футболчилар Ўзбекистон номидан тўрт бор жаҳон чемпионатида қатнашди. Қозоғистон ёшлар ўртасидаги мундиалда бир бор – 1999 йили иштирок этган.

Ўзбекистонда футболни ривожлантириш борасида қилинган ишлар амалда самара бермоқда, - деб ёзди sportarena.kz сайти.

Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажараётган Али Алиев ўз шогирдларининг Лихтенштейнга қарши ўйинига муносабат билдириб, қўшни давлатлар футболига ҳам баҳо берди.

- Ғалаба қозондик, лекин нега ўйин икки хил таассурот қолдирди. Қўшниларимиз – Қирғизистон ва Ўзбекистон жиддий натижалар кўрсатаётган паллада терма жамоамиз биринчи бўлимда бирор марта дарвозага зарба бера олмади.

Қирғизистон Қатарни мағлубиятга учратди, Ўзбекистон эса, жаҳон чемпионатига чиқишга жуда яқин турибди, - деди Қозоғистон терма жамоасини бошқараётган Али Алиев.

Қозоғистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Максим Жалмагамбетов ҳам ўзбекистонлик футболчилар ҳақида илиқ фикр билдирди.

- Ўзбек футболчиларининг муваффақиятларини ижобий баҳолайман. Уларнинг Эронга қарши учрашувини тўлиқ томоша қилдим. Мана бу Марказий Осиё мамлакатлари ўрнак оладиган кўрсаткич.

Чунки бу ҳолат қўшнилар охирги 20 йил ичида футболни ривожлантириш учун нималар қилганини рўёбга чиқармоқда. Шу боис, уларнинг жаҳон чемпионатига чиқиши мантиқан тўғри бўлади. Мен улардаги футбол академиялари, терма жамоа институти қандай ишлаётганини биламан.

Бу муваффақиятларга меҳнат орқали эришиляпти, бир марталик тасодиф эмас. Бунгача ҳеч ким тасодифан бу даражага чиқмаган. Ҳаммаси бирдан бўлмайди, аксинча, вақт керак, - деди Максим Жалмагамбетов.

Ўзбекистон жаҳон чемпионати минтақавий саралаш турнири учинчи босқичининг сўнгги икки ўйинини июнь ойида сафарда БАА ва Тошкентда Қатар футболчиларига қарши ўтказади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт